Буюк Британия Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш жараёнини тўлиқ қўллаб-қувватлашини тасдиқлади. Бу ҳақда «Дунё» хабар берди.
Маълум қилинишича, элчихона кўмагида президентнинг Жаҳон савдо ташкилоти масалалари бўйича махсус вакили Азизбек Уруновнинг Лондонга ташрифи ташкил этилган.
Ташриф давомида Британия бизнес ва савдо вазирининг ўринбосари Гарет Томас, Ташқи ишлар вазирлиги раҳбарияти ва экспертлар даражасида музокаралар бўлиб ўтган.
Учрашувларда Британия Ўзбекистонни Марказий Осиёдаги энг муҳим шерикларидан бири сифатида кўриши ва расмий Тошкент билан ҳар томонлама алоқаларни янада жадаллаштиришдан манфаатдор эканлиги таъкидланди.
Томонлар халқаро савдодаги замонавий тенденцияларни муҳокама қилди. Буюк Британия томони Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш жараёнини тўлиқ қўллаб-қувватлаши тасдиқлади, дейилади хабарда.
Британия Жаҳон банки кўмагида амалга оширилаётган иқтисодий ўсиш ва ривожланиш дастури орқали Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш жараёнига техник ёрдамни кенгайтириш, дастур доирасида мутахассисларининг институционал салоҳиятини мустаҳкамлаш, уларнинг халқаро савдо соҳасидаги билим ва кўникмаларини оширишга кўмаклашади.
Ушбу учрашувлар тўғрисида ЖСТ бўйича махсус вакил Азизбек Урунов ҳам атрофлича тўхталиб ўтган. Унинг таъкидлашича, Лондонда Бизнес ва савдо департаменти жамоаси билан икки томонлама музокараларни илгари суриш бўйича самарали мулоқотлар ўтказилган.
«Ушбу имкониятдан фойдаланиб, уларнинг самимий қабули, мазмунли ва конструктив муносабати ҳамда Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлишини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаганлари учун чуқур миннатдорлигимизни билдирмоқчиман», — деб ёзди вакил LinkedIn`даги саҳифасида.
2024 йил ноябрь ойи бошида Ўзбекистонда бўлиб ўтган Европа иқтисодий кунларида президентнинг ЖСТ бўйича махсус вакили Азизбек Урунов Тошкент Россия, Европа Иттифоқи, Буюк Британия, Швейцария ва бошқа давлатлар билан музокараларни якунлаши кераклигини таъкидлаган.
Президент Шавкат Мирзиёев август ойида тадбиркорлар билан учрашувда Ўзбекистоннинг ЖСТга кириши — чуқур ўйланган ва узоқни кўзлаган танлов, қолаверса, ислоҳотларнинг ажралмас бир қисми, деганди. «Иқтисодиётимизга олдинлари протекция қайсидир маънода керак эди. Яна шу йўлда давом этсак, имкониятларимиз чекланиб қолади», — дея қўшимча қилган у.
Бош вазир ўринбосари Жамшид Ходжаев май ойида Ўзбекистон 2026 йилда Камерунда бўлиб ўтадиган 14-вазирлар конференциясигача Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш ниятида эканлигини маълум қилганди.
Ўзбекистонда 2024 йил охирларида Филиппин, Салвадор, АҚШ, Хитой, Покистон ва Таиланд билан ЖСТ бўйича музокараларни якунлаган. Томонлар Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлишини интиқлик билан кутаётганини таъкидлаган.