Air Samarkand авиакомпаниясининг Тошкент-Жидда йўналишида ҳаракатланган самолёти Баҳрайнга мажбурий қўнишни амалга оширди. Бу ҳақда компания ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, 21 февраль куни парвоз давомида 75 ёшли йўловчида такрорий инфаркт содир бўлган. Самолёт бортида бўлган шифокор беморнинг ҳаёти хавф остида эканини тасдиқлаган.
Ҳаво кемаси командири Роман Таланов бошчилигидаги экипаж беморга зарурий тиббий ёрдам кўрсатиш учун Баҳрайнга фавқулодда қўниш тўғрисида қарор қабул қилган.
Борт кузатувчилар шифокор билан биргаликда бортдаги тиббий қутилар ва ускуналар ёрдамида беморга биринчи ёрдам кўрсатган. Аэропортда бемор барқарор ҳолатда тез ёрдам бригадасига топширилган.