Ўзбекистон президенти, Қуролли Кучлар олий бош қўмондони Шавкат Мирзиёев 21 февраль куни ҳарбий хавфсизлик ва давлат мудофаасини мустаҳкамлаш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Мажлисда Хавфсизлик кенгаши аъзолари, Қуролли Кучлари таркибига кирадиган вазирлик ва идоралар раҳбарлари, округлар қўмондонлари ҳамда жойлардаги студиялардан Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши раислари, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимлари, шунингдек, маҳаллий хокимият органлари масъуллари иштирок этди.
Йиғилишда 2025 йил ва келгуси йиллар учун устувор вазифалар белгиланди.
Миллий армияни ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилашда замонавий қуролли можаролар, хавфсизликка мавжуд таҳдидлар ва ҳарбий ҳаракатлар театри хусусиятларини ҳисобга олиш зарурлиги таъкидланди.
Ҳозирги кунда турли минтақавий можароларда сунъий интеллект, робот, ракета, дрон ва уларга қарши воситалар кенг қўлланмоқда. Шундан келиб чиқиб, қўшинларда дронлар ва уларга қарши курашиш, сунъий интеллект билан ишлайдиган кибертузилмалар, роботлашган техникаларни қўллаш ва ҳаво ҳужумидан мудофаа бўйича янги бўлинмаларни ташкил этиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Президент, Қуролли Кучлар олий бош қўмондони томонидан Қуролли Кучларнинг жанговар шайлигини таъминлаш, жанговар тайёргарлик кўрсаткичларини янада такомиллаштириш, сунъий интеллектга асосланган қўшинларни автоматлаштирилган ягона бошқариш тизимини яратиш, ҳарбий таълим ва ҳарбий кадрларни тайёрлашда дуал таълимдан фойдаланиш лозимлиги таъкидланди.
«Бош сержантлар корпуси» фаолиятини такомиллаштириш, мудофаа саноатини янада ривожлантириш, ҳарбий хизматчиларни ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қуватлаш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ва ҳарбий спорт соҳасига йўналтириш каби вазифалар белгиланди.
Йиғилишда мудофаа вазири, ҳарбий округ қўмондонлари ва бошқа маъсулларнинг ҳисобот ҳамда таклифлари эшитилди.