Австралияда болалар ижтимоий тармоқлар томонидан ўрнатиладиган минимал ёш чегарасини осонгина четлаб ўтишлари мумкин. Бу ҳақда мамлакат онлайн-хавфсизлик регулятори ҳисоботига таяниб, Reuters хабар берди.
ESafety ҳисоботи саккиз ёшдан 15 ёшгача бўлган болаларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланиши бўйича миллий сўров натижаларини, шунингдек, Alphabet, YouTube, Meta, Facebook ва Amazon, Twitch каби саккизта хизматнинг жавобларини бирлаштирди.
2024 йил ноябрь ойида Австралияда 16 ёшгача бўлганларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланишини тақиқловчи қонун қабул қилинганди ва ҳужжат бундай тақиқ бўйича дунёдаги энг қатъий талаблардан бири экани таъкидланган. Тақиқ 2025 йил охиридан кучга кириши керак.
Ҳисоботга кўра, 2024 йилда саккиз ёшдан 12 ёшгача бўлган австралиялик болаларнинг 80 фоизи ижтимоий тармоқлардан фойдаланган, YouTube, TikTok, Instagram Snapchat улар орасида энг машҳур хизматлар бўлган.
Хабарда айтилишича, Reddit`дан ташқари барча хизматлар рўйхатдан ўтиш босқичида туғилган санани талаб қилган, бироқ уларнинг барчаси фақат фойдаланувчининг ўзи тасдиқлаган маълумотларга таяниб, ёш текширувининг бошқа воситаларидан фойдаланмаган.
«Ҳар қандай ижтимоий медиа платформалари томонидан ёшни белгилашда ҳукуматнинг минимал ёш тўғрисидаги қонунчилигини амалга ошириш учун ҳали ҳам сезиларли ишлар қилиниши керак», — деди ESafety комиссари Жули Инман Грант.
Яқинда ёшга оид тақиқдан чиқарилган YouTube ота-она назорати остидаги оилавий ҳисобга бириктирилганда 13 ёшгача бўлганларга ҳам фойдаланиш имконини берадиган ягона хизматдир. Шунга қарамай, ҳисоб рақамига эга саккиз ёшдан 12 ёшгача бўлган болаларнинг ҳеч бири вояга етмагани сабабли ишламай қолгани ҳақида хабар бермади, дейилади ҳисоботда.
16 ёшгача бўлган ўсмирларнинг 95 фоизи сўровда қатнашган саккизта хизматдан камида биттасидан фойдаланади.
Хабарда айтилишича, TikTok, Twitch, Snapchat ва YouTube 13 ёшгача бўлган фойдаланувчиларни проактив аниқлаш воситаларидан фойдаланган бўлса-да, бошқалар технология мавжуд бўлишига қарамай, улардан фойдаланмаган.
«2023 йил бошидан буён бизнинг проактив ёшни аниқлаш воситаларимиз натижасида 13 ёшга тўлмаганликда гумон қилинган бир миллиондан ортиқ австралиялик фойдаланувчиларнинг ҳисоби ёпилди», — дейди TikTok вакили.
Facebook ва Instagram эгаси бўлмиш Meta компанияси вакилининг айтишича, компания онлайн режимда болаларнинг ёшига мос келадиган тажрибаларни қўллаб-қувватлайди, бироқ ёш чекловларини жорий этиш иловалар дўконлари зиммасида бўлиши керак.
Twitch 13 ёшдан кичик деб тахмин қилинган фойдаланувчиларни тезда аниқлаш ва ҳисобини ўчириб ташлаш учун воситаларни кенгайтириш ҳамда сармоя киритишда давом этмоқда, деди компания вакили Reuters нашрига.
Reddit изоҳ беришдан бош тортди, Discord, Snapchat ва YouTube изоҳ сўровларига дарҳол жавоб бермади, дейди агентлик.
Хизматларнинг аксарияти ўзларининг ёшга оид кафолатларини яхшилаш бўйича тадқиқотлар олиб борган, дейилади ҳисоботда.
- 2024 йил март ойида АҚШнинг Флорида штатида 14 ёшгача бўлган болаларга ижтимоий тармоқларда аккаунт очишни тақиқловчи қонун қабул қилинганди. Чекловларни бузган компаниялар 50 минг долларгача жаримага тортилади. Ушбу чоралар АҚШдаги энг кескин чоралардан бирига айланди.
- Хитой ҳукумати ҳам 18 ёшгача бўлган болалар учун мобил қурилмаларда интернетдан фойдаланиш вақтини чеклашни режалаштирганди. 2023 йилнинг август ойида улар интернет-контентни болалар ёшига қараб тақсимлаш қоидаларини жорий қилган.