Ўзбекистон Олий суди Президент администрацияси Ахборот сиёсати департаменти собиқ раҳбари Комил Алламжонов атрофидаги етти нафар фуқаронинг шикоятини тафтиш тартибида кўриб чиқди. Бу ҳақда суд матбуот котиби Азиз Абидов маълум қилди.
Аввалроқ Б. Ёқубов, С. Сидиков, А. Қурбонмуродов, А. Ташов, А. Салимов, Ж. Турғунов ва Х. Зуфаров Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (Майда безорилик) ва 194-моддаси 1-қисмида (Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этганликда айбланиб,15 сутка қамоқ жазосига ҳукм қилинганди.
Уларнинг шикоятларини кўриб чиқиш 13 январдан бошланди (батафсил). Адвокатнинг таъкидлашича, фуқаролар асоссиз равишда 15 суткага қамалган. Унинг сўзларига кўра, иш суд-ҳуқуқ тизимида, хусусан, адвокатларга мурожаат қилишда «жуда кўп камчиликлар»ни аниқлаган.
21 февраль куни Олий судда тафтиш тартибида кўрилган ишда юқоридаги 7 нафар фуқарога нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарликка оид иш бўйича суд жараёни якунланиб, суд қарори эълон қилинди.
Эълон қилинган суд қарорига кўра маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳодисасини тасдиқловчи далиллар етарли бўлмаганлиги сабабли, Б. Ёқубов, С. Сидиков, А. Қурбонмуродов, А. Ташов, А. Салимов, Ж. Турғунов ва Х. Зуфаровга нисбатан чиқарилган суд қарорлари бекор қилиниб, маъмурий ҳуқуқбузарликка оид иш Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 271-моддаси 1-бандига асосан тугатилди.
Иш юзасидан суриштирув ҳаракатларини олиб боришда ҳуқуқбузарлик ҳодисасини тасдиқловчи далилларни тўплаш чораларини кўрмаган ИИБ ходимига нисбатан Ички ишлар вазирлигига, шунингдек ишни судда кўриб чиқишда ҳуқуқбузарлик ҳодисасини тасдиқловчи далиллар етарли эмаслигига эътибор бермаган судьяларга нисбатан Судьялар малака ҳайъатига хусусий ажримлар чиқариш йўли билан муносабат билдирилди.
Аввалроқ Ўзбекистон Ҳарбий суди Комил Алламжоновга суиқасд уюштиришда айбланган 10 кишини узоқ муддатга (23 йилгача) озодликдан маҳрум қилган эди. Маҳкумлар орасида Шуҳрат Расулов, Жавлон Юнусов, Шоҳрух Аҳмедов, Исмоил Жаҳонгиров ва Дониёр Тошхўжаев бор.