Шавкат Мирзиёев 20 февраль куни иссиқлик ва электр энергияси етказиб берувчиларни кўрсатилган хизматлар учун қарздорликни ундириш бўйича судларга мурожаат қилишда давлат божини тўлашдан озод этиш тўғрисидаги қонунни имзолади. Бу ҳақда Адлия вазирлиги маълум қилди.
Аввалроқ Сенатда энергия ресурслари истеъмолчиларининг тўлов интизоми пастлиги энергия таъминоти корхоналарининг молиявий кўрсаткичларига салбий таъсир кўрсатаётгани таъкидланганди. Хусусан, юзага келган дебиторлик қарзини қисқа муддатларда ундириш ва аҳолига сифатли хизмат кўрсатиш имкониятлари чекланаётгани қайд этилган.
«Давлат божи тўғрисида»ги қонунга киритилган ўзгартишларга кўра, бундан буён иссиқлик ва электр энергиясини етказиб берувчи корхоналар истеъмолчиларнинг қарзлари билан боғлиқ даъво ариза ва шикоятларни фуқаролик ва иқтисодий судларга топширишда давлат божини тўламайди.
Бироқ уларнинг талабларини қаноатлантириш тўлиқ ёки қисман рад этилган тақдирда мазкур давлат божини иссиқлик ва электр энергиясини етказиб берувчилардан ундириш белгиланмоқда.
Шунингдек, аниқлик киритилишича, бундан буён хорижий тижорат ташкилотларининг Ўзбекистондаги ваколатхоналари Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигида аккредитациядан ўтганлиги учун ҳар йили давлат божи тўлаши лозим.