Президент Шавкат Мирзиёев 21 февраль куни Мудофаа саноати агентлигининг Инновацион технологиялар марказига ташриф буюриб, ишлаб чиқариш қувватлари, илғор ишланмалар, ҳарбий ва икки хил мақсадга мўлжалланган маҳсулотлар билан танишди.

Қайд этилишича, Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги агентлик томонидан қурол-яроғларни модернизация қилиш, янги технологияларни ўзлаштириш ва истиқболли ишланмаларни қўшинларда жорий этиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Мазкур Инновацион технологиялар марказида 80 га яқин ҳарбий ва икки хил мақсадга мўлжалланган маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда. Шунингдек, робототехника ва учувчисиз аппаратлар бўйича стартап лойиҳалари қўллаб-қувватланмоқда.

Ташриф чоғида президентга ҳарбий техниканинг янги намуналари, мудофаа соҳасини янада ривожлантириш бўйича истиқболли лойиҳа ва режалар тақдимот қилинди.

Давлат раҳбари бу биринчи қадамлар бўлганини айтиб, мудофаа тизимининг рақобатбардошлигини ошириб бориш бўйича кўрсатмалар берди.

У, хусусан, ишлаб чиқаришни мунтазам такомиллаштириб, янги маҳсулотларни ўзлаштириш, бунда инновацион технологиялар ва сунъий интеллектдан кенг фойдаланиш муҳимлигини таъкидлади.

Шавкат Мирзиёев буюртма асосида соҳага хусусий секторни кенгроқ жалб этиб, ҳарбий ва икки хил мақсадга мўлжалланган маҳсулот турларини кўпайтириш бўйича топшириқлар берди. Янги иш ўринлари яратиш, мутахассисларни тизимли тайёрлаш, янги техникалар бўйича илмий лабораториялар ташкил этиш масалаларига эътибор қаратилди.

Ўзбекистон мудофаа саноати корхоналари халқаро ихтисослаштирилган кўргазмаларда фаол иштирок этмоқда. Хусусан, 17−21 февраль кунлари Абу-Даби шаҳрида (БАА) бўлиб ўтаётган IDEX-2025 кўргазмасида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган 100 дан ортиқ ҳарбий техника ва маҳсулотлар намуналари намойиш этилмоқда. Хорижий ҳамкорларда қизиқиш уйғотган «Арслон 8×8» ва «Арслон 6×6» зирҳли транспортёрлар, «Тўфон» ўзиюрар гаубицаси шулар жумласидан, дейилади хабарда.

Ташриф якунида президент мудофаа саноатини янада ривожлантиришнинг стратегик йўналишларини кўрсатиб, мутасаддилар олдига маҳсулотларнинг юқори сифатини таъминлаш, ишлаб чиқариш салоҳиятини кенгайтириш ва маҳаллий корхоналарнинг халқаро бозордаги ўрнини мустаҳкамлаш юзасидан аниқ вазифалар қўйди.