Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги АҚШда ноқонуний бўлиб турган фуқароларни ватанга хавфсиз депортация қилишда Америка тегишли ҳуқуқ-тартибот идоралари билан яқиндан ҳамкорлик қилиб келмоқда, дея маълум қилди ТИВ матбуот котиби Ахрор Бурханов.

Унинг таъкидлашича, икки томонлама келишувларга асосан, АҚШ депортация қилинадиган ўзбекистонликларнинг ҳар бир ҳолати ҳақида тезкорлик билан хабардор қилади. Фуқаролар эса, ўрнатилган амалиётга мувофиқ, ватанга Нью Йорк-Тошкент йўналиши орқали қайтади.

ТИВ, шунингдек, сўнгги кунларда ОАВда эълон қилинган Ўзбекистон фуқароларининг АҚШдан Лотин Америкаси давлатларига, хусусан, Панама ва Коста Рикага депортация қилиниши мумкинлиги ҳақидаги хабарларга изоҳ берди.

Дипломатик ваколатхоналаримиз Америка томонига ўзбекистонликларнинг бошқа давлатларга депортация қилиниши мумкинлиги ҳақида маълумот беришни сўраб мурожаат қилди, деб ёзди Бурханов.

Унинг қўшимча қилишича, бу борада Лотин Америкаси давлатлари билан ҳам дипломатик каналлар орқали алоқалар ўрнатилган.

  • 20 февраль куни АҚШ чегарасини ноқонуний кесиб ўтган 200 нафар мигрант (Марказий Осиё ва Ҳиндистон фуқаролари) Коста Рикага жўнатилганди. Бу Панамага рейсдан кейинги иккинчи амалиёт бўлди. Улар олти ҳафтагача муддатда ватанига қайтарилади, бу вақт давомида улар мигрантларни сақлаш марказида бўлади.
  • Коста Рика президенти маъмурияти жараён тўлиқ АҚШ ҳукумати томонидан молиялаштирилиши ва БМТ ҳузуридаги Халқаро миграция ташкилоти назорати остида амалга оширилишини маълум қилди.