Ўзбекистонда ҳуқуқ-тартибот ходимлари видеоларини «обрўсизлантирадиган» тарзда бузиб тарқатишни тақиқловчи қонун кучга кирди. Ҳужжат матни Lex.uz порталида эълон қилинди.

20 февраль куни президент Шавкат Мирзиёев Йўл ҳаракати хавфсизлиги тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Жиноят, Жиноат-процессуал ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақидаги қонунни имзолади.

Шу ҳужжат билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга 195−2-моддаси киритилди. Унда шундай дейилади:

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича хизмат вазифаларини бажараётган пайтда олинган фото ва (ёки) видеотасвирини уларнинг обрўсизлантирилишига олиб келадиган тарзда бузиб тарқатиш, шу жумладан Интернет жаҳон тармоғида тарқатиш базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан эллик бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.

Шунингдек, 20 февраль куни имзонланган қонунда ҳайдовчилар учун жарима баллари тизимини жорий этишга доир ўзгартириш ва қўшимчалар ҳам назарда тутилган (батафсил бу ерда).

Жавобгарлик белгилаш бўйича таклиф тарихи

Дастлаб 2022 йилнинг март ойида Ички ишлар вазирлиги йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимларининг розилигисиз фаолияти акс этган фотосуратлар ва видеоларни интернетда жойлаштиришни тақиқлашни таклиф қилган эди. Бу вазирлик томонидан ишлаб чиқилган Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳасида назарда тутилганди.

2023 йилнинг ноябрида ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларини «обрўсизлантириш ва ҳақорат қилиш мақсадида» уларнинг фаолиятига оид фото ва видеоларни интернетда эълон қилганлик учун жавобгарлик белгилашни назарда тутувчи қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасига киритилди ва қабул қилинди. Ҳужжат Сенат муҳокамасига юборилди.

Эътиборли жиҳати, мазкур қоида ушбу соҳага тегишли бўлмасада, «Йўл ҳаракати хавфсизлиги тизимини такомиллаштириш муносабати билан» кодексларга ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳасига киритилганди.

Биринчи ўқишда депутат Дониёр Ғаниев ҳуқуқ-тартибот идораларида аҳоли ва юрт хавфсизлигини таъминловчи минглаб ватанпарвар ходимлар фаолият юритаётгани, бироқ улар орасида мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиб, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини бузаётган ходимлар ҳам борлигини таъкидлади.

«Эртага улар мана шу нормани суиистеъмол қилиб, фуқароларнинг ҳуқуқларини бузиш учун бошқа мақсадларда фойдаланишлари ва уларга қўпол муносабатда бўлишлари мумкин. Бу ходимларнинг руҳий ҳолатини яхшилашга олиб келиши мумкин деб ўйлашингиз мумкин. Йўқ, бу акс натижа беради. Биз ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари, хусусан, ички ишлар ходимлари фуқароларнинг ҳақиқий таянчи, дўсти ва ҳимоячиси бўлган институтга айланишини истаймиз», — деди у.

Парламент аъзосининг сўзларига кўра, агар шундай меъёр қабул қилинса, «фуқароларнинг ички ишлар органлари ходимларига нисбатан бўлган ҳурматини қўрқув, ишончини шубҳа, севгиси ўрнини нафрат эгаллашига хизмат қилади».

Дониёр Ғаниев қонун лойиҳасини иккинчи ва учинчи ўқишда муҳокама қилиш чоғида ҳамкасбларидан ушбу модда юзасидан ҳам фикр билдиришни сўраганди.

«Агар биз ҳозир маълум моддани маълум бир касб эгалари учун қўшадиган бўлсак, бу прецедент очиб беради. Эртага ҳар бир касб учун янги модда ёзишимиз керакми? Шифокорларни обрўсизлантириш учун, педагогни обрўсизлантириш учун. Ахир, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 202−2-моддаси турибдику, у ҳаммага — ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларига, шифокорларга, давлат хизматчиларига, давлат хизматига алоқадор бўлмаган шахсларга ҳам тегишли», — деганди, шунингдек, Дониёр Ғаниев.

Шунингдек, депутат Умид Жабборов мазкур ҳужжат концептуал шаклда қабул қилинганда бунга мутлақо қарши эканини таъкидлади. Унинг таъкидлашича, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар таркибига 5−6 та тузилма (Ички ишлар вазирлиги, Бош прокуратура, Миллий гвардия, Давлат хавфсизлик хизмати) киради, мазкур норма йўл ҳаракати хавфсизлиги тизимини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси номига мантиқан тўғри келмайди.

Парламент аъзоси, шунингдек, фотосурат ва видеоларни олган шахснинг мақсади айнан ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларини «обрўсизлантириш ва ҳақорат қилиш» эканлигини аниқлаш қандай режалаштирилаётгани ҳақида сўраганди.

Овоз бериш жараёнида ўзгартиришларни 94 нафар депутат қўллаб-қувватлади, 2 нафари қарши чиқди, 3 нафари бетараф қолди, 7 нафари эса овоз бермаганди.

11 январь куни Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик қўмитаси мажлисида бу қонун, яъни йўл ҳаракати хавфсизлиги тизими такомиллаштирилиши мақсадида Жиноят кодекси, Жиноят-процессуал кодекси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритишни назарда тутувчи ҳужжат дастлабки тарзда муҳокама қилинди. Муҳокамада бундай ҳаракатларни тақиқлаш ва жазолаш Британия, Германия ва Франция каби мамлакатлар қонунчилигида мавжудлиги таъкидланганди.

15 январь куни Сенат қўмитаси ОАВ ва блогерлар иштирокида қонунни муҳокама қилиб, саволларга жавоб қайтарди. Муҳокамаларнинг айнан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари тасвирларини «обрўсизлантириш мақсадида» тарқатиш билан боғлиқ қисми билан батафсил мана бу материалда танишиш мумкин.

Ҳужжатни Сенат биринчи марта 2024 йил 16 август куни кўриб чиқди. Ушбу мажлисда Сенат қонунни такомиллаштириш ва якунлаш учун Сенат ва Қонунчилик палатасининг келишув комиссиясига қайтарди. Бироқ ҳужжат Конституцияда белгиланган тартиб бўйича анча аввал кўриб чиқилиши лозим эди.

Ўзбекистон Конституциясининг 99-моддасига мувофиқ Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган қонун қабул қилинган кундан эътиборан ўн кундан кечиктирмай Сенатга юборилади. Сенат томонидан олтмиш кун ичида кўриб чиқилади ва маъқулланган тақдирда, имзоланиши ва эълон қилиниши учун президентга ўн кундан кечиктирмай юборилади. Агар Сенат қонунни маъқуллаш ёки рад этиш тўғрисида олтмиш кун ичида қарор қабул қилмаса, қонун Қонунчилик палатаси томонидан имзоланиши ва эълон қилиниши учун президентга юборилади.

Парламент қуйи палатасининг 2023 йил 28 ноябрдаги қарорида ҳам агар Сенат ушбу қонун Сенатга келиб тушган кундан бошлаб 60 кун ичида тегишли қарор қабул қилмаса, ҳужжат бевосита президентга юборилиши айтилган. Шундай қилиб, агар Сенат 2024 йил 5−6 февралгача йиғилиш ўтказмаса ва ушбу қонун юзасидан қарор қабул қилмаса, у президентга имзоланиш учун юборилиши лозим эди.

16 август кунги йиғилишда Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Толибжон Мадумаров қонунни, айниқса, жарима баллари ва «ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларини обрўсизлантириш мақсадида» видеолавҳалар эълон қилишни тақиқлаш бўйича нормаларни такомиллаштириш зарурлигини айтганди.

Шунинг билан 2024 йилнинг 24 январига келиб Сенат келишув комиссияси томонидан қайта ишланган қонунни кўриб чиқди.

Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қòмитаси раиси Қутбиддин Бурхонов комиссия ҳужжатга қуйидагича ўзгартиришлар киритганини маълум қилди:

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилаётган янги 195−2-моддаси қайта ишланди. Бурхоновнинг қайд этишича, фуқароларнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларини фото, видео тасвирга тушириши ва тасвирларни тарқатиш ҳуқуқи сақлаб қолинган. [Лекин қонуннинг аввалги версиясида ҳам ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларини фото, видео тасвирга тушириш ва тасвирларни тарқатиш тақиқланиши белгиланмаган эди — таҳририят].

«Келишув комиссиясида фуқароларнинг ушбу ҳуқуқи чекланмаслиги кераклиги ҳақида якдил хулосага келинган. Яъни фуқаролар орган ходимларининг хатти-ҳаракатини бемалол тасвирга тушириши ҳам, ижтимоий тармоқларга жойлаштириши ҳам мумкин. Орган ходимлари фаолияти устидан жамоатчилик назорати тўлиқ сақланиб қолмоқда. Олдинги таҳрирдан фарқли равишда, бор нарсани ижтимоий тармоққа қўйганлик учун жавобгарлик белгиланмаяпти», — деди сенатор.

«Қонун фақатгина ходимларнинг тасвирини уларни обрўсизлантирилишига олиб келадиган тарзда бузиб тарқатмасликни, яъни ходимнинг ҳаракатлари, сўзлари ва ҳолатни бузмасликни, монтаж қилмасликни талаб этмоқда», — деди маърузачи.

Унинг қайд этишича, янги таклиф этилаётган модда ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг ёлғон ахборот тарқатишга оид амалдаги 202−2-моддаси ўртасида коллизия ҳам бартараф этилган, хусусан:

Биринчидан, янги киритилаётган модданинг дастлабки таҳрирда қўлланилган «ёлғон, ноаниқ» деган сўзлар чиқариб ташланди. Яъни, 202−2-моддада «қадр-қимматни камситувчи ёки обрўсизлантирувчи ёлғон ахборот», 195−2-моддада эса, «обрўсизлантирувчи бузилган ахборот»ни тарқатиш тақиқланган.

«Бу ерда ҳуқуқбузарлик предмети сифатида айнан бузилган, монтаж қилиб тарқатилган ахборот назарда тутилмоқда. Ушбу норма амалдаги қонунчиликда белгиланган мажбуриятларга ҳам мос келади. Хусусан, «Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида»ги қонуннинг 7-моддасида ахборотни бузиб талқин этиш тақиқланган бўлиб, тарқатилаётган ахборотнинг ҳаққонийлиги учун жавобгарлик ахборот муаллифи зиммасига юклатилган», — деди Бурханов.

Иккинчидан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 202−2-моддасининг объекти муайян бир фуқаронинг бузилаётган ҳуқуқлари бўлса, муҳокама этилаётган янги модда ходим шахсини эмас, давлатнинг ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимини ҳимоя қилишга қаратилган, дея таъкидлади маърузачи.

Бу Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 195−2-моддада жавобгарлик юзага келишининг қўшимча шарти назарда тутилганлиги билан асосланади. Яъни фото ёки видеотасвир ходимнинг жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича хизмат вазифаларини бажараётган пайтда олинган бўлиши лозим.

Учинчидан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 202−2-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик такроран содир этилса, Жиноят кодекснинг 244−6-моддасига асосан жиноий жавобгарлик келиб чиқади, янги киритилаётган ҳуқуқбузарлик эса фақат маъмурий жавобгарлик билан чекланмоқда.

«Шу билан бирга ушбу моддани қабул қилиш учун шарт-шароит ўз-ўзидан пайдо бўлмаган. Чунки, ижтимоий тармоқлар ва Интернет сўнгги йилларда ҳаётимизга чуқур кириб келди, уларда тарқатилаётган материал қамрови оммавий ахборот воситаларига нисбатан каррасига ошиб кетди. Бу ўз навбатида виртуал маконда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларни турли хил бузиб тарқатилган ахборот хуружларидан ҳимоя қилиш орқали жамиятда қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни таъминлаш бўйича қўшимча чоралар кўриш заруратини келтириб чиқармоқда», — деди Бурхонов.

Мазкур модда санкциясида белгиланган жазо миқдорлари ҳам қайтадан кўриб чиқилди:

  • қатъий белгиланган БҲМнинг 50 баробари миқдоридаги жарима — 20 баравардан 50 бараваргача қилиб;
  • қатъий белгиланган 15 сутка муддатга маъмурий қамоққа олиш — 10 суткагача, маъмурий қамоққа олиш муддатига деб қисқартирилмоқда, яъни ҳолатдан келиб чиқиб судья ундан ҳам камроқ муддат белгилаши мумкин.

Ўша куни қонун Сенат томонидан маъқулланиб, имзолаш учун президентга юборилганди.