21 февраль куни Сенатнинг тўртинчи ялпи мажлисида «Донорлик ҳаракатини қўллаб-қувватлаш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги қонун муҳокама қилинди.
Мазкур қонун 5 та моддадан иборат бўлиб, жами 2 та қонунга қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда.
Хусусан, «Шаҳар йўловчилар транспортидан бепул фойдаланишни тартибга солиш тўғрисида»ги қонундаги «Ўзбекистон Республикаси фахрий донори» кўкрак нишони билан тақдирланган шахслар шаҳар йўловчилар транспортидан (таксидан ташқари) бепул фойдаланиш ҳуқуқига эгалиги қайд этилмоқда.
«Қон ва унинг таркибий қисмлари донорлиги тўғрисида»ги қонунда эса маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қон ва унинг таркибий қисмлари донорлиги соҳасидаги ваколатлари қаторига аҳоли орасида беғараз донорлик маданиятини шакллантириш, донорлик ҳаракатини кенг жамоатчилик иштирокида ривожлантириш, донорларга сифатли хизматлар кўрсатиш ва улар учун қулай шарт-шароитлар яратиш чораларини кўриш қўшилмоқда.
Шунингдек, «Ўзбекистон Республикаси фахрий донори» кўкрак нишони билан тақдирланган шахсларга бериладиган пул мукофоти суммаси базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 бараваридан 15 бараваригача оширилиши назарда тутилмоқда.
Шу билан бирга, «Ўзбекистон Республикаси фахрий донори» кўкрак нишони билан тақдирланган донорларга ўзлари учун қулай бўлган вақтда ҳар йилги меҳнат таътилига чиқиш, шаҳар йўловчилар транспортидан (йўналишли ва йўналишсиз таксилардан ташқари) бепул фойдаланиш билан бирга, санаторий-курортларда даволаниш учун йўлланмаларни навбатсиз олиш ҳуқуқи берилиши белгилаб қўйилмоқда.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланиб, имзолаш учун президентга юборилди.