Ўзбекистонда йўл ҳаракати қоидаларини бузган ҳайдовчиларга жарима балли тизими жорий этилмоқда. Бу президент 20 феврал куни имзолаган қонунда кўзда тутилган.

Ўзгартиришларга кўра, қоидабузарлик учун асосий жазодан ташқари, ҳайдовчиларга жарима баллари ҳам берилади. Битта қоидабузарлик учун максимал балл сони иккитадан ошмаслиги керак.

Жарима баллари биринчи қоидабузарлик содир этилган кундан бошлаб бир йил давомида тўпланади. Агар ҳайдовчи бир йил ичида 12 дан ортиқ балл тўпласа, у автоматик равишда ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум бўлади. Чеклов муддати 6 ойдан кам бўлиши мумкин эмас.

Ҳайдовчилик ҳуқуқини тўхтатиб туриш муддати тугагандан сўнг, уни фақат йўл ҳаракати қоидалари имтиҳонини муваффақиятли топширгандан кейингина қайта олиш мумкин бўлади. Буни Ўзбекистон ИИВ ЙҲХХ «Газета.uz»га тасдиқлади.

Шу тариқа ҳуқуқбузарлар яна машина бошқаришга рухсат олишдан олдин ўз малакасини исботлаши керак бўлади.

Ушбу ва бошқа ўзгартиришлар Вазирлар маҳкамасининг бир ой муддатда ишлаб чиқилиши ва қабул қилиниши кўзда тутилган қарорига киритилиши режалаштирилган. Унда жарима балларини ҳисоблаш тартиби ва миқдори белгиланади.

Ягона имтиҳон маркази

2022 йил 4 февралдан Тошкент шаҳрининг Сергели туманида Autodriver Study компаниясининг ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун имтиҳон топшириш Ягона имтиҳон маркази иш бошлаганди. Худди шу кундан бошлаб пойтахт ИИБ ЙҲХБнинг барча рўйхатга олиш ва имтиҳон бўлимлари назарий ва амалий имтиҳонларни қабул қилишни тўхтатган.

Марказ очилганидан бир ярим ой ўтиб нархларни 50 фоизга оширди (назарий ва амалий имтиҳон учун жами 200 минг сўмдан 300 минг сўмгача), буни валюта курси ва бошқа мамлакатлардаги вазият билан изоҳлади. Имтиҳон маркази асосчиси Комил Алламжонов шундан сўнг ҳайдовчилар учун альтернатива йўқлиги билан боғлиқ монополия айбловларини рад этганди.

Ўшандан бери компания Жиззах, Сирдарё, Қашқадарё, Наманаган, Андижон, Фарғона, Тошкент ва Самарқанд вилоятларида ҳам имтиҳон марказлари очди.

Айни пайтда Тошкент имтиҳон марказида имтиҳон топшириш учун биринчи уриниш нархи назарий имтиҳон учун ҳам, амалий имтиҳон учун ҳам 1 миллион сўмни ташкил этади. Агар биринчисида муваффақиятсизликка учралса, кейинги уринишлар 1,2 миллион сўмга тушади. Шу тарзда уч йил ичида тўлов нархи ўн баробар ошди.

Autodriver Study асосчиси Gid Systems Tashkent ҳисобланади. Ўз навбатида, ушбу компания GID FZE (76%) ва ITS Holding LLC’га (24%) тегишли. Илгари GID FZE корхонанинг 100 фоизига эгалик қилган. Худди шу таъсисчилар GID License Plate компаниясига ҳам худди шундай нисбатда эгалик қилади (авторақам ишлаб чиқаришга алоқадор, 2024 йилда у Ўзбекистоннинг топ-20 солиқ тўловчилари қаторига кирганди).

GID FZE, шунингдек, мактаб дарсликларини нашр этиш учун масъул бўлган Novda Edutainment нашриётига ҳам эгалик қилади.