Қирғизистон ва Тожикистон умумий чегарани делимитация қилиш бўйича келишув имзолади, деб хабар бермоқда AKIpress. У ерда маҳаллий аҳоли ва чегарачилар ўртасида бир неча бор можаролар келиб чиққан.

Делимитация — давлатлар, ҳудудлар ёки бошқарув бирлашмалари ўртасида чегараларни аниқлаш ва тасдиқлаш жараёни.

«Бугун — Қирғизистон ва Тожикистон халқлари учун алоҳида тарихий кун. Биз қирғиз-тожик чегарасини делимитация қилиш бўйича якуний протоколни имзоладик», — деди Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиев 21 февраль куни Бишкекда.

Унинг сўзларига кўра, бир қатор ҳужжатлар тайёрланган:

  • Давлат чегараси тўғрисидаги шартнома;
  • Ҳукуматлар ўртасида энергетика объектлари ва сув ресурслари бўйича келишувлар;
  • Туташган автомобиль йўлларидан фойдаланиш ва янги йўллар қуриш тўғрисида битим.

Ҳужжатларни энди икки мамлакат раҳбарлари имзолаши керак. «Биз чегаранинг бутун чўзиқлиги бўйича келишувни узил-кесил якунладик», — деди Ташиев.


«Ала-Арча» давлат қароргоҳида ўтган музокараларда Тожикистон делегациясига Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Саймўмин Ятимов бошчилик қилди.

«Бугун ратификация қилинган делимитация ва демаркация қилиш тўғрисидаги шартнома муҳим тарихий ҳужжатдир. Жуда мураккаб иш мантиқий якунига етказилди. Келишув амалга ошса, икки қардош республика ўртасидаги чегара муаммоси бўйича юз йиллик баҳсга нуқта қўйилади. Бу тарихий ҳужжатлар халқларимиз манфаатларига хизмат қилади», — деди у.

2024 йил декабрь ойида Қирғизистон ва Тожикистон ҳукуматлари умумий давлат чегарасини тўлиқ тавсифлашни якунлаганди. Қирғизистон МХДҚ раиси бир неча ойдан сўнг масала «бутунлай ҳал бўлишини» таъкидлаган ўшанда.

Қирғизистон-Тожикистон чегарасининг умумий узунлиги 972 километрни ташкил этади. Ўнлаб баҳсли ҳудудлар туфайли у ерда вақти-вақти билан қуролли тўқнашувлар бўлиб турарди. Охирги йирик можаро 2022 йил сентябрь ойида содир бўлган. Ўшанда иккала томондан ҳам ўнлаб одамлар жароҳат олган ва ҳалок бўлган.