Тошкент, Сурхондарё ва Хоразм вилоятларида ер майдонларини ноқонуний сотиш ҳолатларига чек қўйилди, деб хабар берди Давлат хавфсизлик хизмати.
Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳрида яшовчи фуқаро Оҳангарон туманида жойлашган ва қишлоқ хўжалигига мўлжалланган 32 гектар ерни мансабдор танишлари орқали харидор номига расмийлаштириб бериш эвазига 2 млн 400 минг доллар талаб қилган. У олдиндан 500 минг долларни Тошкент шаҳридаги кафелардан бирида олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Бошқа ҳолатда Янгийўл туманида яшовчи 2 шахс (1974 ва 1978 й.т.) туман ҳокимлиги захирасидаги 48 сотих ерни мансабдор танишлари орқали харидор номига расмийлаштириб бериш эвазига 60 минг доллар, кадастр ҳужжатларини ҳал қилиб бериш эвазига эса 8160 доллар сўраган. Улар ҳам 64 минг доллар олган вақтида қўлга олинди.
Сурхондарё вилояти Шеробод туманида яшовчи шахс (1990 й.т.) Сув хўжалиги вазирлигининг «Аму-Сурхон» ирригация тизимлари ҳавза бошқармасига қарашли Мелиоратив экспедиция балансида бўлган 20 сотих ер майдонини ҳамда маҳаллий фуқарога тегишли қишлоқ хўжалигига мўлжалланган 45 сотих ер майдонини жами 60 минг долларга сотишга келишган. У 56,7 минг доллар ва 43 млн сўмни олган вақтида қўлга тушган.
Хоразм вилояти Урганч туманида яшовчи шахс (1979 й.т.) мазкур тумандан оқиб ўтувчи Шовот канали бўйида жойлашган ва давлат захирасида бўлган 24 сотих ер майдонини кадастр тизимида ишловчи танишлари орқали харидор номига расмийлаштириб беришни ваъда қилган. Фуқаро хизмати эвазига 45 минг доллар ва 13 млн сўм олган пайтида ушланди.
Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан ушбу шахсларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.