Мубашшир Аҳмад тахаллуси билан танилган диний блогер Алишер Турсуновга нисбатан қидирув эълон қилингани хақидаги ахборотни ИИВ баъзасига киритиш жараёнида техник хатога йўл қўйилган ва бу ҳозир тўғирланган. Аслида унга нисбатан Жиноят кодексининг 244−3-моддаси (Диний мазмундаги материалларни тарқатиш мақсадида қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш ёки тарқатиш, шундай қилмишлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса) билан жиноят иши қўзғатилган. Бу ҳақда вазирлик матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсовнинг «Газета.uz»га маълум қилди.

Verum law firm адвокатлик фирмасига кўра, Алишер Турсунов талаби билан ижтимоий тармоқларда у ҳақда тарқалаётган ахборотларнинг қонуний асослилиги борасида адвокатлик фирмаси томонидан адвокатлик суриштируви ўтказилган.

Адвокатлик сўровномалари асосида тўпланган ҳужжатларга кўра, Алишер Турсунов 2023 йил 24 августда Жиноят кодексининг 244−3-моддаси 3-қисмида назарда тутилган жиноятини содир этганликда сиртдан айбланувчи тариқасида жалб қилинган.

«Ижтимоий тармоқларда эса гўёки А.Турсунов Жиноят кодексининг 244−2-моддаси билан айбланиб, қидирувга берилгани ҳақидаги нотўғри ва бирор асосга эга бўлмаган хабарлар тарқатилмоқда. Маълум қиламизки, Жиноят кодексининг 244−2-моддаси ҳамда 244−3-моддаси бир-биридан моҳиятан, ўз хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражасига кўра фарқ қилади. Бу моддаларнинг объекти бошқа-бошқа, яъни 244−3-моддасида назарда тутилган жиноят (ЖКнинг 15-моддасига кўра) ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноят ҳисобланса, 244−2-моддаси эса ўта оғир жиноят сифатида баҳоланади ва айнан шу ҳолат ижтимоий тармоқларда одамларнинг ҳақли саволларини келтириб чиқармоқда», — дейилади адвокатлик фирмаси ахборотида.

Қайд этилишича, Шайхонтоҳур тумани ИИО ФМБ тергов бўлими томонидан Алишер Турсуновга нисбатан Жиноят кодексининг 244−3-моддаси билан жиноят иши қўзғатилган. Натижада Алишер Турсунов 2022 йил 2 ноябрь куни жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман суди томонидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 184−2-моддаси (Диний мазмундаги материалларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, олиб кириш ёки тарқатиш) билан маъмурий жавобгарликка тортилган.

«Эътиборли жиҳати шундаки, А.Турсуновни маъмурий жавобгарликка тортиш учун у томонидан тарқатилган материалларнинг моҳиятан қонунга хилофлиги эмас, балки диний материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш тартибига риоя қилинмаганлиги асос бўлган. Шундан сўнг айнан шу материаллар Telegram ижтимоий тармоғидаги „Mubashir Ahmad“ номли каналида мавжудлиги асос сифатида талқин қилиниб, унга нисбатан жиноят иши қўзғатилган», — дейилади ахборотда.

Таъкидланишича, Алишер Турсунов ўша вақтда Ўзбекистон ҳудудида бўлмагани учун унга нисбатан 2023 йил 24 август куни Жиноят кодексининг 244−3-моддаси билан сиртдан айб эълон қилиниб, қидирувга берилган ва ушланган тақдирда (қаерда ушланишидан қатъий назар) «муносиб ҳулқ атворда бўлиш хақидаги тилхат» эҳтиёт чораси қўлланилган.

«Жиноят иши ҳужжатларига кўра А.Турсуновга нисбатан сиртдан Жиноят кодексининг 244−3-моддаси билан айб эълон қилинган бўлсада, my.gov.uz порталида А.Турсуновнинг Жиноят кодексининг 244−2-моддаси билан айблангани ва қидирув эълон қилингани ҳақида нотўғри маълумот жойлаштирилган. Ушбу ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида юборилган адвокатлик сўровига Тошкент шаҳар ИИББ Шайхонтоҳур тумани ИИО ФМБ томонидан 2024 йилнинг 4 июнь куни ёзма жавоб берилган. Унда Алишер Турсунов аслида 244−3-модда билан айбланаётгани, мазкур жиноят иши Жиноят-процессуал кодексининг 364-моддаси 1-қисми 2-банди (айбланувчининг қаерда экани номаълум бўлган)га асосан ҳаракатдан тўхтатилгани маълум қилинган», — дейилади ахборотда.

«Юқоридагилардан кўринадики, фуқаро Алишер Турсуновга нисбатан аслида ижтимоий ҳавфи катта бўлмаган жиноятни содир этганлик бўйича иш қўзғатилган бўлсада, ижтимоий тармоқларнинг ахборот каналларида унинг ўта оғир жиноятни содир этганликда айбланаётгани ҳақида ҳақиқатга зид бўлган маълумотлар тарқатилиб, «информацион спекуляция»га шароит яратилмоқда. Шунингдек, ижтимоий тармоқларда «Мубашшир Аҳмад» номи остидаги видео ва бошқа контентлардаги ахборотлар билан танишиш жиноят эканлиги ҳақидаги чақириқлар қонуний асосларга таянилмаган. Очиқ манбааларда мавжуд бўлган ахборотлар, ўша ахборотларни олиш, сақлаш ва тарқатиш қонунда белгиланган тартибда суд томонидан чекланмагунига қадар ноқонуний деб топилмайди», — дейилади баёнотда.

Таъкидланишича, фуқаро Алишер Турсуновнинг айнан бир хатти-ҳаракатлари учун икки марта (ҳам маъмурий, ҳам жиноий) жавобгарликка тортилиши асоссиз ҳисобланиб, бу ҳақида ваколатли органларга шикоят аризалари киритилган.

Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсовнинг «Газета.uz»га маълум қилишича, Алишер Турсуновга қидирув эълон қилингани хақидаги ахборот ИИВ баъзасига киритиш жараёнида техник хатога йўл қўйилган.

«Шайхонтоҳур тумани ИИБ тергов бўлими томонидан 2023 йил 11 августда фуқаро Турсунов Алишер Ахматовичга нисбатан Жиноят кодексининг 244−3-моддаси билан жиноят иши қўзғатилган. 2023 йил 29 августда унга нисбатан „муносиб хулқ атворда бўлиш хақидаги тилxат“ эҳтиёт чораси қўлланиши шарти билан қидирув эълон қилинган. Шахсга қидирув эълон қилинганлиги хақидаги ахборот Ички ишлар вазирлиги Ҳуқуқий статистика ва тезкор-ҳисоб маълумотлар бош марказига киритиш жараёнда Жиноят кодексининг 244−2-моддаси сифатида ёзилган бўлиб, техник хатога йўл қўйилганлиги аниқланган. Хозирда ахборот тўғирланган», — дейди Шоҳрух Ғиёсов.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йил август ойида Мубашшир Аҳмад 2017 йилда ташкил этган Azon New Media гуруҳи (Azon.uz сайти, Azon FM онлайн радиоси, Azon TV онлайн телевидениеси) барча лойиҳаларини тўхтатганди. Шундан сўнг 2023 йил ноябрида тўрт тилда (ўзбек, рус, инглиз ва турк) фаолият юритувчи Azon Global портали тест режимида ишга туширилган.

Мубашшир Аҳмаднинг ўзи ўша йилнинг 28 декабрь куни Туркия ички ишлар тизими ходимлари томонидан гумонланувчи сифатида олиб кетилган эди. Полиция уни Истанбул вилояти Чаталжа туманида жойлашган Бинкилич депортация марказига жойлаштирган.

Ўшанда Истанбулдаги бош консулхона Мубашшир Аҳмадга нисбатан тегишли консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатилаётганини маълум қилганди. 2024 йил 21 февраль куни эса у депортация марказидан чиқарилган.