Ҳисобланган жарима баллари бир йил давомида 12 баллдан ошган ҳолларда ҳайдовчилар 6 ойдан кам бўлмаган муддатда транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилиши белгиланди.

«Huquqiy axborot»нинг хабар беришича, 20 февраль куни «Йўл ҳаракати хавфсизлиги тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни қабул қилинган.

Ҳужжат билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига киритилган қўшимчаларга кўра, бир қанча ҳолатлар учун маъмурий жавобгарлик белгиланди. Жумладан, йўл ҳаракати қоидабузарликлари бўйича ҳисобланадиган жарима баллари белгиланган миқдордан ошганлиги учун маъмурий жазо қўлланади.

Белгиланган ҳуқуқбузарликлар содир этилгани учун транспорт воситасининг ҳайдовчисига нисбатан мазкур ҳуқуқбузарликларда назарда тутилган асосий жазо билан бирга жарима баллари ҳисобланади. Бунда содир этилган ҳар бир ҳуқуқбузарлик учун ҳисобланадиган жарима балининг энг юқори миқдори 2 баллдан ошмаслиги керак.

Жарима баллари белгиланган ҳуқуқбузарликлардан бири биринчи марта содир этилган кундан эътиборан бир йил давомида ҳисоблаб борилади. Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликлар учун ҳисобланган жарима баллари бир йил ўтгач транспорт воситасининг ҳайдовчисидан автоматлаштирилган тарзда ечилади.

Ҳисобланган жарима баллари бир йил давомида 12 баллдан ошган ҳолларда, охирги содир этилган ҳуқуқбузарлик учун белгиланган тартибда қўшимча жазо тариқасида ҳайдовчи транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинади. Бундай ҳуқуқдан маҳрум қилиш муддати 6 ойдан кам бўлмаслиги белгиланди.

Шунингдек, қуйидаги ҳолатлар учун маъмурий жавобгарлик белгиланди:

  • Сиқилган табиий газда, суюлтирилган нефть газида ёки дизель ва газсимон ёқилғи аралашмасида ишлайдиган транспорт воситаларидан фойдаланишда хавфсизлик қоидаларини бузганлик учун;
  • Транспорт воситасида одам ташиш қоидаларини бузганлик учун;
  • Транспорт воситаларини қувиб ўтиш қоидаларини бузганлик учун;
  • Йўл безорилиги учун;
  • Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг фото- ва (ёки) видеотасвирини уларнинг обрўсизлантирилишига олиб келадиган тарзда бузиб тарқатганлик учун.

Бундан ташқари, Жиноят кодексига киритилган қўшимчаларга кўра, қуйидагилар учун жиноий жавобгарлик белгиланди:

  • Автомототранспорт воситаларининг ва улар тиркамаларининг (ярим тиркамаларининг) давлат рақам белгиларини ёки идентификация рақамларини қонунга хилоф равишда тайёрлаганлик, ўтказганлик ёки улардан фойдаланганлик, шунингдек уларни қалбакилаштирганлик учун;
  • Автомототранспорт воситалари, шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчиларини ва тракторчи-машинистларни тайёрлаш ҳамда қайта тайёрлаш, шунингдек имтиҳонлар ўтказиш ва гувоҳномалар бериш тартибини бузганлик учун;
  • Транспорт воситасини мастлик ҳолатида бошқарганлик ёки текширувдан ўтишдан бўйин товлаганлик учун;
  • Транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилган шахснинг транспорт воситасини бошқарганлик учун;
  • Сиқилган табиий газда, суюлтирилган нефть газида ёки дизель ва газсимон ёқилғи аралашмасида ишлайдиган транспорт воситаларидан фойдаланишда хавфсизлик қоидаларини бузганлик учун.

Қандай қоидабузарликлар учун жарима баллари белгиланган?

Қонунга кўра (Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган), қуйидаги ҳуқуқбузарликлар учун МЖТКнинг янги 34−1-моддаси бўйича жарима баллари ҳисобланади:

  • 125-модданинг 3-қисми (Ҳайдовчиларнинг тормоз тизимида, руль бошқарувида ёки уловчи қурилмада носозлиги бўлган ёхуд тегишли рухсатномасиз қайта жиҳозланган транспорт воситаларини бошқариши);
  • 125-модданинг 5-қисми (Фойдаланиш белгиланган тартибда ман этилган транспорт воситаларини, худди шунингдек давлат рақам белгиси ўзбошимчалик билан ечиб олинган транспорт воситаларини бошқариш);
  • 126-модда (Кўзгусимон ва (ёки) туси ўзгартирилган (қорайтирилган) ойнали, шунингдек теварак-атрофни кўришни чеклайдиган қопламали транспорт воситаларидан фойдаланиш);
  • 127-модданинг 1-қисми (Товуш сигналини сабабсиз бериш, транспорт воситаларига уни ишлаб чиқарган корхона назарда тутмаган товуш чиқарувчи ва ёритувчи қурилмаларни ўрнатиш, худди шунингдек уларни ўзгартириб ўрнатиш);
  • 128-модда (Ҳайдовчиларнинг транспорт воситаларини пиёдалар йўлкаларидан юргизиши, йўл белгилари ва йўл ҳаракатининг бошқа қоидалари талабларига риоя этмаслиги);
  • 128−3-модда (Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг белгиланган ҳаракат тезлигини ошириб юбориши);
  • 128−4-модданинг 2-қисми (Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг светофорнинг тақиқловчи сигналига ёки йўл ҳаракатини тартибга солувчининг тақиқловчи ишорасига бўйсунмасдан тўхташ чизиғини босиб кириши ва ўтиши);
  • 128−5-модда (Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг халақит бериши ёки авария ҳолатини юзага келтириши, йўлнинг қарама-қарши ҳаракатланиш учун мўлжалланган томонига ёки бўлагига чиқиши);
  • 128−6-модда (Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг тўхташ ёки тўхтаб туриш қоидаларини бузиши);
  • янги 128−7-модда (Транспорт воситасида одам ташиш тартибини бузиш);
  • янги 128−8-модда (Транспорт воситаларини қувиб ўтиш тартибини бузиш);
  • 129-модда (Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг йўл ҳаракати хавфсизлигига таҳдид солувчи гуруҳ бўлиб ҳаракат қилишда қатнашиши);
  • 130-модда (Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг темир йўлнинг ўтиш жойларидан ўтиш қоидаларини бузиши);
  • 135-модданинг 1-қисми (Транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳужжатлари, транспорт воситасини рўйхатдан ўтказганлик тўғрисидаги, шунингдек транспорт воситасига эгалик қилиш, эгаси йўқлигида ундан фойдаланиш ёки уни тасарруф этиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлари, транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурта полиси, қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда эса лицензия карточкаси ёки йўл варақаси, юридик шахсларнинг транспорт воситалари ҳайдовчиларининг, шу жумладан йўловчи ёки юк ташиш фаолиятини амалга оширувчи ҳайдовчиларнинг малака оширишдан ўтганлиги тўғрисидаги сертификати (транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини берувчи гувоҳномани алмаштириш ёки йўқолган гувоҳнома ўрнига бошқасини бериш ҳолларини истисно қилган ҳолда, гувоҳнома олинган пайтдан эътиборан икки йиллик давр бундан мустасно) ёнида бўлмаган ҳайдовчиларнинг транспорт воситаларини бошқариши, худди шунингдек ишончномаларни, транспорт воситаларини бошқа шахсга ўтказиш ва ижарага бериш шартномаларини рўйхатдан ўтказмасдан (ҳисобга қўймасдан) транспорт воситаларини бошқариш);
  • 137-модданинг 1-қисми (Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисидаги қонунчилик талабларини бузиш).

Балларни қўллаш тартиби ҳукумат томонидан тасдиқланади

Баллар миқдори ва уларни қўллаш тартиби Вазирлар Маҳкамасининг алоҳида қарори билан белгиланади.

Қонун Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинаётганда (2023 йил ноябрь ойида) ҳисобланган балларни E-jarimaball тизимида рўйхатдан ўтказиш таклиф қилингани ҳақида хабар берилганди. Ҳайдовчи 8 балл тўплаганида SMS орқали огоҳлантирилади, жарима баллари сони 12 баллдан ошганда эса яна огоҳлантирилади.

Масалан, светофорнинг қизил чироғида ҳаракатланиш (МЖТКнинг 128−4-моддаси) учун 2 жарима балли, қувиб ўтиш (128−8) учун 1,5 балл, тезликни ошириш (МЖТКнинг 128−3-моддаси) учун 0,5 дан 2 баллгача, рухсатсиз қорайтириш учун 1−2 балл ва ҳоказо.

Бундан ташқари, ҳайдовчи ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум қилиш билан боғлиқ жазо муддати тугагандан сўнг имтиҳон топшириши режалаштирилган эди. Ҳозирча бу қонунга кирдими ёки ҳукумат қарорида ёзиладими, аниқ эмас.

Жарима балларигача бўлган узоқ йўл

Маълумот учун, 2018 йилнинг май ойида қабул қилинган Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича концепцияда ҳайдовчилар учун 12 баллик тизимни жорий этиш, бир йил давомида жарималари билан 12 балл йиғган шахсни ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум қилиш бўйича ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилиши айтилган эди. Ҳужжат лойиҳасини эса 2019 йил бошида ишлаб чиқиш режалаштирилганди.

2022 йилнинг февралининг биринчи ҳафтасида ўтказилган видеоселектор йиғилишида президент Шавкат Мирзиёев Йўл ҳаракати қоидалари янгидан ишлаб чиқилиши ва ҳайдовчилар баҳоланиши ҳақида гапирганди. 2022 йил февраль ўрталарида эса ИИВ раҳбари ўринбосари қоидабузар ҳайдовчиларга балл бериш тизими нега 3 йил илгари жорий қилинмаганига изоҳ берганди. «У пайтда биз ҳали бунга тайёр бўлмагандирмиз, вақти энди келгандир. Мана энди буни яқин кунларда жорий қиламиз, бу ўзини самарасини беради», — деганди Бекмурод Абдуллаев.

Тизим 2022 йил 1 декабрда ишга тушиши керак эди. Бироқ тизим ишга тушиши кечикди. 2022 йил декабрда ЙҲХХ бошлиғи Олим Саидов «Газета.uz» мухбири билан суҳбатда қоида бузган ҳайдовчиларга жарима балларини ҳисоблаш тизими қонунчилик масаласи эканини айтганди. Шундан сўнг бу санадан ҳайдовчилар қоидабузарлиги учун жарима балларни ҳисоблаш тест режимида ишга туширилиши маълум қилинган. Тест режими вақтида аниқланган қоидабузарликлар бўйича баллар ҳисобга олинмаслиги белгиланган.

2023 йил 23 ноябрда Қонунчилик палатаси депутатлари қоидабузар ҳайдовчиларга жарима балларини ёзиш тизимини жорий этиш бўйича қонун лойиҳасини қабул қилди. Сенат эса 2025 йилга келиб қонунни маъқуллаган. Ҳужжат Сенатда биринчи марта 2024 йил 16 август куни кўриб чиқилган. Ўша мажлисда Сенат қонунни такомиллаштириш ва якунлаш учун Сенат ва Қонунчилик палатасининг келишув комиссиясига қайтарганди.

Муҳокама қилинган қонун билан жарима баллари ҳисобланган йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун маъмурий жазо қўллаш каби ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик белгиланмоқда. Шундай бўлсада қонундаги айрим нормалар бугунги кундаги мавжуд реал воқелик ҳамда амалдаги қонун ҳужжатлари талабларига мос келмагани қайд этилганди.

Қонуннинг дастлабки вариантида жарима баллари учун транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиш жазосининг минимал муддатлари (энг пастки чегараси) белгиланмагани, бу эса суд амалиётини турлича шаклланишига замин яратиши, амалдаги Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда бундай ҳуқуқдан маҳрум қилиш муддати 15 кундан кам бўлмаслиги керак деб белгилангани, бироқ йил давомида камида 12 та жиддий қоидабузарлик қилган ҳайдовчига ўн беш кун транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиш жазосини берилиши қонундан кўзланган мақсадга эришишга тўсқинлик қилиши мумкинлиги айтилганди.

Шу боис 55-ялпи мажлисда сенаторлар томонидан қонунни қайта ишлаш ва ушбу масала бўйича юзага келган келишмовчиликларни бартараф этиш ва маромига етказиш учун Сенат аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатларидан иборат келишув комиссиясини тузиш тўғрисида қарор қабул қилинганди. Комиссия томонидан сенаторларнинг эътирозларига сабаб бўлган қисмларга ўзгартириш киритилган.