Тошкент вилояти Оҳангарон туманида кўп миқдордаги табиий газдан ўғринча фойдаланган иссиқхона фаолияти фош этилди, деб хабар бермоқда «Ҳудудгазтаъминот» матбуот хизмати.

Аниқланишича, «А. И. Б.» фермер хўжалигига қарашли иссиқхона бир марталик тамға ўрнатилган зулфин ва электрон газ ҳисоблаш ускунасини олиб ташлаб, табиий газдан ноқонуний фойдаланиб келган.

Ҳолат юзасидан далолатнома тузилиб, газ сарфи қайта ҳисоб-китоб қилинди ва 2 миллиард 955 миллион сўмлик зарар аниқланди.

Бошқа ҳолатда Қибрай туманида фуқаро Н. Д. иссиқхона ташкил қилиб, табиий газ тармоғига ҳисоблагичдан олдин тўғридан-тўғри уланиб, табиий бойликни талон-торож қилган ва 49 миллион 673 минг сўмлик зарар етказган.

Ҳолатлар бўйича барча ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга топширилди.