Россия ва АҚШ вакиллари сўнгги ойларда Швейцарияда Россия-Украина урушини норасмий муҳокама қилиш учун яширинча учрашиб турибди, деб хабар берди Reuters агентлиги вазиятдан бохабар 3 та манбага таяниб.
Учрашувлар иштирокчилари дипломатик ва хавфсизлик соҳасида тажрибага эга, бироқ улар давлат хизматчилари эмас ҳамда уларни Россия ва АҚШ ҳукуматлари юборгани номаълум, деб таъкидлайди Reuters. Иштирокчиларнинг исмлари ошкор этилмаган. Манбалардан бирининг таъкидлашича, Швейцариядаги учрашувлар ҳақида Трампнинг кам сонли маслаҳатчилари хабардор.
Кўплаб тафсилотлар, жумладан, учрашувларда айнан нималар муҳокама қилингани, уларда украиналиклар бор-йўқлиги ва музокаралар қачон бошлангани номаълум.
Қайд этилишича, баъзи учрашувлар АҚШдаги сиёсий ўтиш даврида бўлиб ўтган, яъни сайловларда Трамп ғалаба қозонганидан лавозимга киришгунча бўлган пайтда. Сўнгги учрашувлардан бири Женевада 14−16 февраль кунлари Германияда бўлиб ўтган Мюнхен хавфсизлик конференцияси билан бир вақтда бўлиб ўтди, деб ёзади агентлик.
Агентлик суҳбатдошлари Швейцариядаги учрашувларни музокараларнинг қўшимча канали сифатида таърифламоқда. Манбалардан бири буни «иккинчи трек» бўйича музокаралар деб атади. Бошқа бири манбага кўра, иккинчи трек бўйича музокаралар долзарб бўлмай қолган бўлиши мумкин, чунки сўнгги ҳафталарда АҚШ ва Россия расмийлари расмий алоқалар ўрнатган.
Эслатиб ўтамиз, Россия ва АҚШ 18 февраль куни Ар-Риёдда музокаралар ўтказди. Учрашувда, хусусан, Россия ТИВ раҳбари Сергей Лавров ҳамда АҚШ давлат котиби Марко Рубио иштирок этди. Музокаралар чоғида томонлар Москва ва Вашингтон муносабатлари, Владимир Путин ва Дональд Трамп учрашувига тайёргарлик кўриш, шунингдек, Россия-Украина урушини ҳал қилиш масалаларини муҳокама қилди.