АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) деган ташкилот мавжудлигидан кўплаб америкаликлар яқиндагина хабар топди. ОАВда деярли бир хил сарлавҳа остида USAID фаолияти нимадан иборатлигини тушунтирувчи мақолаларни кўриш мумкин: «USAID қандай ташкилот?», «Нима учун Трамп ва Маск уни ёпмоқчи?», «Агар у ёпилса, нима бўлади?». Уларда «Америка халқидан» шиори остида ишлайдиган АҚШ Халқаро тараққиёт (мустақил ҳукумат) агентлиги нима билан шуғулланиши содда тилда бандма-банд келтирилади (АҚШ ёрдами бошқа идоралар, масалан, Давлат департаменти орқали ҳам кўрсатилади).
Иккинчи президентлик муддатининг биринчи куниданоқ, 20 январда Дональд Трамп ўнлаб ҳужжатлар қаторида хорижий ёрдамни 90 кунга музлатиш ва уни кўрсатиш тамойилларини қайта кўриб чиқиш тўғрисидаги фармонни имзолади. 1 февралда USAID сайти ёпилди, 3 февралда эса Оқ уй сайтида USAID «исрофгарчилик ва суиистеъмол қилишда» айбланган баёнот пайдо бўлди. Айни пайтда ҳаволалар билан келтирилган «далиллар» (жумладан, ишончсиз материаллар билан танилган Daily Mailʼдаги битта мақолага бешта ҳавола ва ёлғон маълумотларни тарқатувчи ўта ўнг Breitbart сайти) нуфузли оммавий ахборот воситалари томонидан шу заҳоти шубҳа остига олинди.
Минглаб ходимларга ҳафта охиригача (7 февраль) ишдан четлатилганлиги ҳақида хабар берилди. Дональд Трамп ҳамда Х микроблоглар тармоғи эгаси, Давлат бошқаруви самарадорлиги департаменти раҳбари Илон Маск ижтимоий тармоқларда USAIDʼни ёпишга чақирди (бундай қарорни президент эмас, фақат Конгресс қабул қилиши мумкин) ва уни «жиноий ташкилот» деб атади. 7 февралда суд Трамп маъмуриятининг USAID ходимларини ишдан четлатиш тўғрисидаги қарорини бир ҳафтага, 13 февралда эса яна бир ҳафтага, яъни 21 февралгача тўхтатиб қўйди. Шу билан бирга, суд хорижий ёрдам кўрсатишни қайта тиклаш тўғрисида қарор чиқарди. Бироқ бу жараён бутун дунёда тўхтатилганлигича қолмоқда.
USAIDʼнинг Вашингтондаги бош биноси.
АҚШ расмийларининг риторикасини Ўзбекистоннинг айрим расмий шахслари ҳам олқишлади. «Миллий тикланиш» партияси депутати Нодир Тилаволдиев Оқ уй сайтига ҳавола келтириб, USAID «Ўзбекистондаги нодавлат ва нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари, блогерлар ва жамоат фаолларига фаол равишда грант берувчи» ташкилот эканини таъкидлади. У Трамп маъмуриятининг «террорчилик ташкилотлари фаолиятини, биологик қурол лойиҳаларини молиялаштириш, ЛГБТ ташаббусларини қўллаб-қувватлаш» ҳақидаги даъволаридан иқтибос келтирди. У «жамиятда беқарорликни келтириб чиқарувчи ёт мафкура ва ғоялар кириб келишининг олдини олиш» учун хорижий грантлардан фойдаланишнинг шаффофлигини ошириш, шунингдек, ҳисобдорлик, назорат механизмлари ва таъсир чораларини кучайтиришга чақирди.
Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори ва Миллий медиа ассоциацияси раҳбари Шерзодхон Қудратхўжа (унинг изоҳи, шунингдек, Илон Маскнинг «Америка овози» ва «Озодлик» радиостанцияларини ёпишга чақириғига ҳам тааллуқли) USAID ёки бошқа шунга ўхшаш ташкилотлар грантлари билан «ишлашни жуда истаганини» ва «ишлашга тайёрлигини» маълум қилди. «Биз ҳатто қилган ҳисоботлар шаффофлигини ҳам берамиз. Лекин баъзи нарсалар, хусусан, ЛГБТ ғоялари, ўта сўл ёки провакацион характерга эга бўлган нарсаларни бериш, бошқа давлатларнинг демократия параметрларидан келиб чиқиб бу ерга сингдириш ҳаракатлари бу мустақил давлатларнинг ички ишига аралашув. Бу мутлақо нотўғри». Унинг қўшимча қилишича, олти йил давомида турли элчихона ва ташкилотларга журналистлар малакасини ошириш учун грант сўраб мурожаат қилган, бироқ бирор марта ижобий жавоб олмаган.
Президент ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Абдулла Абдуқодиров Хʼда Покистон сайтининг USAID террорчилик гуруҳлари фаолиятини молиялаштиргани ҳақида республикачи конгрессмен Скотт Перрининг баёнотларига таяниб ёзган мақоласи билан бўлишди. Бу конгрессмен Трамп Жо Байденга ютқазган 2020 йилги сайлов натижаларига эътироз билдиришга урингани ва бошқа баҳсли баёнотлари билан танилган.
Ўзбекистон аҳолиси орасида ҳам USAID ҳақида етарлича тасаввурга эга бўлмаганлар кўп экани ажабланарли эмас. Американинг юз миллионлаб долларлик ёрдами кўплаб одамларнинг ҳаётига у ёки бу даражада таъсир кўрсатган, унинг қисқариши ҳам мамлакатдаги кўплаб соҳаларга ўз таъсирини ўтказмай қолмайди. Америка агентлиги кўмагида яратилган маҳсулот ва хизматларни ўзингиз билмаган ҳолда деярли ҳар куни учратишингиз мумкин.
«Газета.uz» USAIDʼнинг раҳбарлик лавозимида ва, жумладан, Ўзбекистонда ҳам ишлаган собиқ ходими билан агентликнинг ишлаш тамойиллари, давлат ва нодавлат ташкилотлари билан ҳамкорлик, шунингдек, унинг дастурлари ва лойиҳаларининг мамлакат ҳаётининг турли соҳаларига таъсири ҳақида суҳбатлашди. Шунингдек, биз USAIDʼга нисбатан ОАВ фаолиятига таъсир кўрсатиш ва Ўзбекистонда «ёт ғоялар»ни жорий этиш бўйича айбловлар ҳақида сўрадик. АҚШ сиёсатидаги сўнгги ўзгаришларни ҳисобга олиб, суҳбатдошимиз шахси сир тутилишини лозим топди.
— USAID қандай ташкилот ва у қандай фаолият билан шуғулланади?
— АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги ёки USAID — бу Қўшма Штатларнинг бутун дунё бўйлаб ривожланиш ва инсонпарварлик ёрдамини кўрсатиш учун масъул бўлган ҳукумат ташкилоти. USAID инвестициялари миллионлаб одамларнинг ҳаётини сақлаб қолган ва у ривожланиш соҳасида дунёдаги етакчи агентлик ҳисобланади. 1961 йилда ташкил этилган USAIDʼнинг мақсади глобал фаровонликка кўмаклашиш, қашшоқликни камайтириш ва самарали бошқарувни илгари суришдан иборат.
USAID собиқ раҳбари Саманта Пауэр минтақавий ҳамкорлик бўйича «C5+1» форматида Самарқандда ўтказилган вазирлар учрашувида. Фото: Евгений Сорочин / «Газета.uz».
Мен USAIDʼда 30 йилдан ортиқ вақт давомида, етти мамлакатда ишлаганман. USAID бутун дунё бўйлаб соғлиқни сақлаш, таълим, иқтисодий ўсиш, атроф-муҳит ва бошқарув соҳаларидаги энг муҳим муаммоларни ҳал қилиб, пировардида барқарор ва хавфсиз дунёни барпо қилишга ҳисса қўшганининг гувоҳи бўлганман.
USAIDʼнинг Ўзбекистон билан ҳамкорлиги 1993 йилда бошланган. Ўшандан бери USAID Ўзбекистондаги миллионлаб фуқароларнинг ҳаётини яхшилашга қаратилган саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлаш учун қарийб 600 млн доллар инвестиция киритди. Ўйлайманки, кўплаб ўқувчиларингиз у ёки бу тарзда USAID ёрдамидан фойдаланган. Кўпчилиги буни ҳатто хаёлига ҳам келтирмаган бўлса-да.
Ўзбекистонда иммунизация тизими учун 1,3 миллион долларлик асбоб-ускуналар, шу жумладан, вакциналарни сақлаш учун музлатгич ва совутгичлар Соғлиқни сақлаш вазирлигига топширилиши.
Қўшма Штатлар учун Ўзбекистонга инвестиция киритиш — win-win ҳисобланади. Бошқача қилиб айтганда, АҚШ солиқ тўловчиларининг маблағлари Ўзбекистоннинг гуллаб-яшнашига ҳисса қўшади ва Американинг Ўзбекистон билан муносабатларини мустаҳкамлайди. Microsoft асосчиси Билл Гейтс шундай деганди: «Америка ёрдамга сарфлайдиган 1 фоиздан камроқ маблағ нафақат миллионлаб одамларнинг ҳаётини сақлаб қолади, балки ривожланаётган иқтисодиётларга, демак, бизнинг иқтисодиётимизга ҳам катта таъсир кўрсатади».
Америка билан энг йирик савдо алоқаларига эга бўлган 15 мамлакатдан 12 таси (жумладан, Жанубий Корея, Япония, Германия, Туркия, Мексика ва Ҳиндистон каби давлатлар) АҚШнинг у ёки бу маънода собиқ ёрдам олувчилари ҳисобланади. Умид қиламизки, Ўзбекистон ҳам бундан мустасно бўлмайди ва худди шундай йирик савдо ҳамкорига айланади.
USAIDʼнинг Ўзбекистондаги кўмаги соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги, таълим, давлат бошқаруви, атроф-муҳит ва иқтисодий ривожланиш каби муҳим соҳаларга қай даражада ёрдам бераётганига ўзим гувоҳман. Бирламчи соғлиқни сақлаш тизимини яхшилаш ва таълим сифатини оширишдан тортиб, молиявий имкониятларни кенгайтириш ва барқарор иқтисодий ўсишга ҳисса қўшишгача. USAID туфайли аҳоли даромадлари сезиларли даражада ошди ва Ўзбекистонда фаровонликнинг асослари мустаҳкамланди.
Бугун фахр билан айтишим мумкинки, USAID иқтисодиётни мустаҳкамлаш, минтақавий савдони кенгайтириш, суд-ҳуқуқ ислоҳотларини илгари суриш ва фуқаролик жамиятининг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтиришга ҳисса қўшиш орқали Ўзбекистон аҳолиси ва Ўзбекистондаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлашда давом этмоқда. Агентлик, шунингдек, соғлиқни сақлаш соҳасидаги сил касаллигига қарши курашиш каби жиддий муаммоларни ҳал қилади ва ҳукуматга аҳолининг асосий эҳтиёжларини қондиришга ёрдам беради.
Қиймати 316 минг доллардан ортиқ бўлган 16 та сил касаллигини тезкор (30 кун ўрнига бир кунда) ташхислаш тизимининг Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигига топширилиши.
Ёшларни жалб қилиш, хусусий сектор иштирокини ошириш ва рақамли трансформацияни илгари суриш борасидаги саъй-ҳаракатлар туфайли USAID Ўзбекистондаги ислоҳотлар дастурини манзилли қўллаб-қувватламоқда ва Ўзбекистон фуқаролари учун яхшироқ келажакни таъминлашга ёрдам бермоқда.
— USAID дастурлари Ўзбекистон фуқароларига айнан қандай ёрдам бермоқда?
— USAIDʼнинг мақсади — Ўзбекистонга ўз мустақиллигини мустаҳкамлаш ва барқарор ривожланишга кўмаклашиш. Сўнгги 30 йил ичида миллионлаб ўзбекистонликлар USAID ёрдамидан баҳраманд бўлди, десам муболаға бўлмайди. 2020 йилда USAID Ўзбекистондаги ваколатхонасини тўлақонли миссияга айлантирганидан сўнг, агентлик иқтисодий ривожланиш, таълим, соғлиқни сақлаш, атроф-муҳит ва бошқарув каби таянч соҳалардаги иштирокини кенгайтирди.
Мен гўзал Ўзбекистон бўйлаб кўп саёҳат қилдим ва USAID Ўзбекистоннинг янада соғлом аҳолини шакллантириш, таълимни такомиллаштириш, иқтисодий ўсишни жадаллаштириш, ижтимоий тенглик ва қонун устуворлигига кўмаклашиш борасидаги саъй-ҳаракатларини қай даражада қўллаб-қувватлаётганига гувоҳ бўлдим.
USAID дастурларининг замирида Ўзбекистон ҳукумати учун асосий устувор йўналиш ҳисобланган Ўзбекистонда бандликни ошириш ётади. Шуни таъкидлаш керакки, АКТ каби тез ривожланаётган соҳаларда, шу жумладан, аёллар учун иш ўринларини яратишда USAIDʼнинг ёрдами ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
Ўзбекистонда 30 ёшгача бўлган 19 миллиондан ортиқ ёшлар истиқомат қилади, бу мамлакат аҳолисининг 55 фоизини ташкил этади. USAID бугунги ёшлар Ўзбекистоннинг энг катта бойлиги, энг катта ресурсларидан бири эканини яхши билади. Шундай экан, бу ёшлар учун иш ўринларини яратиш Ўзбекистон иқтисодиёти ва келажак авлод ривожига ҳисса қўшишда муҳим аҳамиятга эга.
USAID, шунингдек, Ўзбекистондаги барча мактабларда тадбиркорлик ва ишга жойлашиш кўникмаларини ўргатишга қаратилган янги, универсал фанни ишлаб чиқишга кўмаклашди. Ҳозирда замонавий дарсликлар ва янги методикалар синовдан ўтказилмоқда ва кейинги ўқув йилидан бошлаб расмий миллий таълим дастурига киритилади.
Мен ғурур билан айта оламанки, Ўзбекистондаги таълим ислоҳотларида USAID кўмаги ўзгаришларга туртки бўлди. 2019 йилда АҚШ ва Ўзбекистон таълим соҳасидаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш учун 47 млн долларлик муҳим битимни имзолади.
Ушбу йўналишда USAID 35 мингдан ортиқ ўқитувчини ўқитди ва 6 миллиондан зиёд ўқувчини мамлакат ривожига ҳисса қўшишлари учун инглиз тили, ахборот технологиялари ва тадбиркорлик бўйича ҳаётий муҳим кўникмалар билан қуроллантиришга ёрдам берди.
Мен бутун Ўзбекистон бўйлаб турли мактаблардаги кўплаб ўқитувчилар ва ўқувчилар билан суҳбатлашганман ва бу янги авлод USAIDʼнинг таълим соҳасига қўшаётган ҳиссасидан қандай наф олаётганини уларнинг ўз тилидан эшитганман. USAID инвестициялари туфайли Ўзбекистондаги барча мактаб ўқувчилари инглиз тили, ахборот технологиялари ва бошқа фанлар бўйича халқаро стандартдаги дарсликлардан фойдаланиш имкониятига эга бўлди, бу эса уларни глобал миқёсда ишлашга тайёрлайдиган сифатли таълим олишини кафолатлайди.
Флористика мактаби аёлларга ўз бизнесларини очишга ёрдам берди.
Шунингдек, менда кўплаб фермер хўжаликларига ташриф буюриш, фермерлар билан суҳбатлашиш ва USAID ёрдами уларнинг ҳаёти ва моддий имкониятларини қандай яхшилаётганини уларнинг ўзларидан эшитиш имкони бўлган. Улар USAID кўмагидан барқарор усулларни жорий этиш, ўз экспортини кенгайтириш ва даромадларини ошириш орқали қандай фойда кўрганликларини сўзлаб беришган. Сўнгги 10 йил ичида USAID бутун Ўзбекистон бўйлаб 40 мингдан ортиқ фермер билан уларнинг даромадларини ошириш бўйича ҳамкорлик қилди.
USAID кўмагида ташкил этилган интенсив боғ.
USAIDʼнинг сўнгги лойиҳаларидан бири Ўзбекистон фермерларига фермер хўжаликлари ҳосилдорлигини 665 фоизга, экспортни 250 фоизга ва қишлоқ хўжалиги даромадларини 215 фоизга ошириш орқали ажойиб ютуқларга эришишда ёрдам берди. Ахир бу қойилмақом натижа эмасми?
Наманган вилоятида донадор органо-минерал ўғитлар ишлаб чиқарувчи заводнинг ишга туширилиши. USAID бунинг учун 460 минг доллар миқдорида грант ажратган. Чапда — вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов.
USAIDʼнинг бошқа бир лойиҳаси Ўзбекистондаги 13,3 мингдан ортиқ корхонага ускуналар, қўшма инвестициялар, халқаро маслаҳат хизматлари ва ўқитишни ўз ичига олган мақсадли ёрдам кўрсатди. Бу уларни унумдорликни ошириш ва фаолиятини кенгайтириш учун зарур воситалар билан таъминлади. Бу USAID Ўзбекистонга, унинг келажаги ва фаровонлигига ишонишининг аниқ исботидир.
USAID, шунингдек, бошқа ҳар қандай мамлакатда, жумладан, АҚШда бўлгани каби, Ўзбекистон аҳолисига бевосита таъсир кўрсатадиган кўплаб ижтимоий муаммоларни ҳал қилишга кўмаклашади. USAID жамиятдаги бир қатор энг мураккаб ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш учун мамлакатда фуқаролик жамиятини ривожлантиришда муҳим рол ўйнади.
Бу қўллаб-қувватлаш, хусусан, оиладаги зўравонлик ва одам савдосига қарши курашда ҳал қилувчи аҳамият касб этди. Дарҳақиқат, USAID ёрдами Бухоро, Самарқанд ва Жиззахда оиладаги зўравонлик ва одам савдоси қурбонлари бўлган аёллар ва вояга етмаганлар учун Ўзбекистондаги илк бошпана (шелтер)ларни яратишда ҳал қилувчи рол ўйнади. Мен ушбу бошпаналарга ташриф буюрганман ва USAID ёрдами асосий хизматларни тақдим этиш, жумладан, психологик ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш ва муҳтожларга вақтинчалик бошпана таклиф қилиш орқали ҳар йили юзлаб аёлларни қандай қўллаб-қувватлаётганининг гувоҳи бўлганман.
Ўзбекистонда модернизациялашни қўллаб-қувватлаш доирасида USAID 2014 йилда E-Sud номи остида электрон суд тизимини жорий этишга кўмаклашди. Синов тариқасида саккизта фуқаролик судларидан бошлаб, тизим судларни бошқаришни яхшилади ва фуқароларга одил судловдан фойдаланишни осонлаштирди. Муваффақият шундай бўлдики, Ўзбекистон ҳукумати E-Sud тизимини бутун мамлакат бўйлаб барча 89 та фуқаролик судига жорий этди, бу эса суд жараёнларини янада шаффоф ўтиши ва ишларни топшириш ҳамда қарорларни эълон қилиш жараёнини тезлашишига хизмат қилди.
Эндиликда фуқаролар ўз даъволарини онлайн топширишлари мумкин, ҳуқуқшунослар эса масофавий маслаҳатлашувлар учун Telegram ва Zoom каби воситалардан фойдаланмоқда. Ушбу рақамли силжиш Ўзбекистон суд тизимини янада самаралироқ ва ҳамма учун қулай қилмоқда.
Маҳаллий ҳамкорлар билан ишлаган ҳолда, USAID сўнгги тўрт йил ичида 1 миллионга яқин фуқарога бепул ҳуқуқий ёрдам кўрсатди, уларга ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва ҳуқуқий тизимда йўл топишга кўмаклашди. Мен ҳуқуқшунослар ва манфаатдор шахслар билан суҳбатлашганман ва USAID кўмаги аҳолининг заиф қатламлари, айниқса, оиладаги зўравонликка дучор бўлган аёллар учун ҳал қилувчи аҳамиятга эканлигини эшитганман. Бундай кўп сонли одамларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш орқали USAID уларнинг ҳар бирининг ҳаётини ўзгартиради, шунингдек, Ўзбекистонда қонун устуворлигини мустаҳкамлайди ва фуқароларга ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш имкониятини беради.
Булар USAID Ўзбекистонга қандай ёрдам кўрсатаётганига доир саноқли мисоллар, холос.
— USAID ўз лойиҳалари учун маблағларни қаердан олади? Мамлакатда қандай лойиҳалар молиялаштирилиши кераклигини ким ҳал қилади? Харажатлар қандай назорат қилинади?
— USAIDʼни молиялаштириш АҚШ ҳукумати, аниқроғи, федерал бюджетга ҳисса қўшадиган АҚШ солиқ тўловчилари томонидан амалга оширилади. USAID АҚШ ҳукуматининг энг қаттиқ назорат қилинадиган агентликлардан бири бўлиб, Конгресс, Оқ уй ва Давлат департаментининг қатъий назорати остида фаолият юритади.
Сарфланган ҳар бир доллар кузатиб борилади, текширилади ва ташқи сиёсатнинг устувор йўналишларига мувофиқлаштирилиб борилади, чунки бу USAIDʼнинг вазифаси. USAID бюджети ҳар йили Конгресс томонидан кўриб чиқилади ва тасдиқланади.
Ўзбекистонда USAID лойиҳалари АҚШ ҳукумати, Ўзбекистон ҳукумати ва маҳаллий манфаатдор томонлар иштирокидаги қўшма жараён доирасида амалга оширилади. USAID Ўзбекистоннинг ривожланиш эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда устувор йўналишларни биргаликда белгилайди.
USAID Ўзбекистоннинг ривожланиш мақсадлари ва АҚШ ташқи сиёсатининг устувор йўналишлари ўзаро мос келиши учун Ўзбекистон ҳукумати ва маҳаллий ҳамкорлар билан яқиндан ҳамкорлик қилади. 2022−2025 йилларга мўлжалланган стратегик асос дастури асосий йўналишлар: иқтисодий ўсиш, таълим, соғлиқни сақлаш, демократия ва бошқарувга алоҳида эътибор қаратгани ҳолда Ўзбекистондаги сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотларни қўллаб-қувватлайди.
Бундай қўшма ёндашув USAID молиялаштириши соғлиқни сақлаш ва таълимдан тортиб бошқарув ва иқтисодий ўсишгача бўлган энг муҳим соҳаларнинг бевосита қўллаб-қувватлашини кафолатлайди.
2020 йилда USAID Ўзбекистондаги мақомини мустақил миссия даражасига кўтарганидан сўнг (бунга қадар агентлик Қозоғистондаги миссияси орқали фаолият юритиб келган эди — таҳр.), дастурларнинг муваффақиятли амалга оширилишини таъминлади ва миллий даражадаги институционал ўзгаришларни амалга ошириш, пировардида Ўзбекистон фуқароларига фойда келтириш мақсадида тарихий имкониятлардан фойдаланди. Натижада, Ўзбекистон ҳукумати, халқаро донорлар ва хусусий сектордан ҳақиқий ёрдам ва USAID билан ҳамкорлик бўйича сўровлар сонининг мисли кўрилмаган даражада ўсиши кузатилди.
Ушбу сўровлар асосан иқтисодиётнинг таянч тармоқларини мустаҳкамлаш ва савдо ҳамкорларини диверсификация қилиш учун иқтисодий секторга, шунингдек, USAID фаолият юритадиган соғлиқни сақлаш, таълим, атроф-муҳит ва демократия каби бошқа ҳар қандай соҳага тааллуқли.
— USAIDʼнинг Ўзбекистондаги лойиҳаларини ким амалга оширади? Бу лойиҳаларда мамлакатда қанча одам ишлайди?
— USAID ўз лойиҳаларини пудратчилар ёки грант олувчиларга аутсорсингга топширишда жараённинг тизимли ва шаффоф кечишини таъминлайди. Устувор йўналиш аниқлангандан сўнг, USAID ўзаро рақобатлашаётган таклиф сўровларини (Requests for Proposals, RFP) ёки ариза бериш бўйича сўровларни (Requests for Applications, RFA) эълон қилади, улар интернетда очиқ тарзда sams.gov ва grants.gov сайтларида жойлаштирилади. Ариза топшириш учун малакали ташкилотлар таклиф этилади ва USAID уларнинг тажрибаси, хизмат кўрсатиш рўйхати ва иқтисодий самарадорлиги асосида комплекс баҳолаш жараёнини ўтказади. Ҳамкор танлангандан сўнг, USAID лойиҳани амалга ошириш учун шартнома ёки грант ажратади.
Лойиҳани амалга ошириш давомида USAID самарадорлик ва мувофиқликни кузатиб бориш мақсадида ҳисоботлар,объектларга ташрифлар ва баҳолашлар орқали жараённи диққат билан назорат қилади. Лойиҳа якунлангач, USAID лойиҳанинг узоқ муддатли таъсири ва барқарорлигини баҳолайди.
Бундай жараён маблағларнинг беҳуда сарфланмасдан, самарали ишлатилишини таъминлайди ва ривожланиш натижаларига эришилади. Зарурат туғилганда, лойиҳанинг амал қилиш муддати давомида исталган вақтда тузатиш чоралари кўрилади. Коррупция ҳолатлари аниқланган вазиятларда, USAID грантлар ва шартномаларни бекор қилган. Мен буни аниқ биламан, чунки бир нечта лойиҳаларда коррупция ҳолатларини аниқлашга масъул бўлганман ҳамда якунда молиялаштиришни бутунлай тўхтатиш ва уларни ёпишга қарор қилганман.
Ўзбекистон компанияларининг халқаро кўргазмадаги иштироки.
USAIDʼнинг Ўзбекистондаги лойиҳаларида ишлайдиган одамлар сони ҳар бир ташаббуснинг кўлами ва ҳажмига қараб фарқланади. Одатда лойиҳалар таркибига USAID ходимлари, маҳаллий пудратчилар, ҳамкор ташкилотлар ва халқаро агентликлар киради. Улар биргаликда бутун мамлакат бўйлаб минглаб одамларнинг ҳаётига таъсир кўрсатадиган умумий мақсадга эга лойиҳаларни амалга ошириш устида ишлайди.
— USAID Ўзбекистондаги журналистларни қандай қўллаб-қувватлайди?
— USAID Ўзбекистонда мустақил ОАВни ривожлантиришни фаол қўллаб-қувватлайди. USAID дастурлари медиасаводхонликни ошириш, журналистик кўникмаларни такомиллаштириш ва одам савдоси ҳамда силга қарши курашиш каби муҳим масалаларни ёритишни қўллаб-қувватлашга қаратилган. USAID медиа мактаблари, эдутонлар (eduthons) ва ўқув дастурлари орқали журналистларга воқеа-ҳодисаларни масъулият билан ёритиш, илғор халқаро профессионал тажрибаларни ўзлаштириш ва муҳим масалалар бўйича жамоатчилик билан мулоқот қилиш учун билим ва воситаларни эгаллашга кўмаклашади. Мен ўзим кўплаб ўзбек журналистлари билан танишиш шарафига муяссар бўлдим, уларни жуда ҳурмат қиламан ва ҳавас қиламан. Уларнинг иши осон эмас, лекин ниҳоятда муҳим!
Шерзод Қудратхўжа АҚШ элчихонасининг вақтинчалик раҳбари ва USAIDʼнинг сил касаллигига қарши кураш дастури вакиллари иштирокида USAIDʼнинг сил касаллигини тугатиш бўйича кўрсатаётган ёрдами ҳақида Халқаро пресс-клубни олиб бормоқда. 2021 йил, март.
USAID томонидан ОАВни қўллаб-қувватлашнинг, менинг назаримдан, ғоятда муҳим бўлган жиҳатларидан бири шундаки, USAID журналистлар билан ҳамкорликда ковид ва сил касаллиги бўйича хабардорликни ошириш, аниқ ва стигмадан холи маълумотларни тарқатишни таъминлаш устида иш олиб борди.
Шунингдек, USAID ОАВ мутахассисларининг янги технологиялар ва онлайн платформаларга мослашишига кўмаклашиш мақсадида рақамли саводхонлик дастурларини ташкил этди. Ушбу ташаббуслар журналистларга ўз жамоаларига самаралироқ хизмат кўрсатиш ва жамоатчиликни муҳим ижтимоий муаммолар ҳақида яхшироқ хабардор қилиш имконини берди.
— USAID турли мамлакатларда, жумладан, Ўзбекистонда ЛГБТ ҳуқуқларини ёки рангли инқилобларни тарғиб қилаётгани ҳақидаги айбловлар борасида нима дея оласиз?
— Ҳаммамизга маълумки, ижтимоий тармоқларнинг муайян сегментлари ишончли ахборот манбасидан кўра кўпроқ канализацияга ўхшайди, бу ҳам худди шундай ҳолатлардан бири.
USAID дастурлари ва қарорлар қабул қилиш жараёнларида бевосита иштирок этувчи шахс сифатида сизга очиқ айта оламанки, USAIDʼнинг Ўзбекистонда бундай дастурлари мутлақо йўқ.