Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Россия президенти Владимир Путин 21 февраль куни телефон орқали мулоқот чоғида Ўзбекистон-Россия муносабатларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.
Томонлар Владимир Путиннинг ўтган йил май ойида Ўзбекистонга ташрифи давомида эришилган келишувларнинг амалга оширилиш натижаларини кўриб чиқди.
Савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликдаги асосий кўрсаткичларнинг ўсиш суръатини таъминлаш, шунингдек, икки мамлакат ҳудудларида саноат кооперацияси лойиҳаларини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилди.
Ўзбекистон ва Россия етакчилари халқаро кун тартибидаги масалалар юзасидан ҳам фикр алмашиб, бўлажак тадбирлар режасини муҳокама қилди.