Тошкент вилояти Бўка туманида 17 февраль куни пиёда юк машинаси уриб кетиши оқибатида ҳалок бўлди. Бу ҳақда вилоят ЙҲХБ ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, душанба куни соат 23:00 да туман ИИОга Тошкент вилояти Бўка тумани ҳудудидан ўтган А-373 Гулистон-Бўка-Оҳангарон автомобиль йўлининг 53-километрида мурда ётгани тўғрисида хабар келиб тушган.
Олиб борилган суриштирув ишлари натижасида мурданинг шахсига аниқлик киритилиб, у автомобиль уриб кетиши оқибатида ҳалок бўлгани аниқланган.
Воқеа тўғрисида хабар келиб тушган пайтдан воқеа жойидан қочиб кетган ҳайдовчини ушлаш юзасидан тезкор тадбирлар бошланди. Тошкент вилояти ЙҲХБ ходимлари ҳодиса содир бўлган куннинг эртасига гумондор ва унга тегишли машина топилди.
Бунда махсус автоматлаштирилган фото-видео қайд этиш мосламаларига муҳрланган тасвирлар таҳлил қилиниб, жиноятни содир этишда гумонланаётган шахс Сирдарё вилоятида аниқланган.
«Қоронғу йўлда кетаётгандим. Ўнг томондаги йўлакда ҳаракатланганимда чизиқдан қарийб ярим метр узоқликда бир киши ерга ўтириб олганини кўрдим. Жуда яқин келганимда рулни дарҳол чапга буриб ўтиб кетдим. Мен уриб юбормадим деб ўйлагандим. Ҳозир ҳам ўша воқеани эсласам, кўзимдан ёш чиқиб кетяпти», — дейди ҳайдовчи.
Айни вақтда ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 117 (Хавф остида қолдириш) ва 266-моддалари (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Гумондор эса эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган.