Шавкат Мирзиёев 20 февраль куни йўл ҳаракати хавфсизлиги тизимини такомиллаштириш бўйича қонунга ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги қонунни маъқуллади. Ҳужжат 21 февралдан кучга кирди.

Ўзгартиришларга кўра, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 194-моддаси (Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) учинчи қисм билан тўлдирилмоқда.

Хусусан, транспорт воситаси ҳайдовчиси томонидан ички ишлар органи ходими ёки ходимларининг транспорт воситасини тўхтатиш тўғрисидаги қонуний талабларини узрли сабабларсиз кетма-кет бир неча марта бажармаслик транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан бир йил муддатга маҳрум қилиш билан бирга базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 баравари (11,25 миллион сўм) миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Такроран маст ҳолда ёки ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум қилингандан кейин транспорт воситасини бошқариш жиноий жавобгарликка тортилади

Бундан ташқари, Жиноят кодекси 261−1-модда (Транспорт воситасини мастлик ҳолатида бошқариш ёки текширувдан ўтишдан бош тортиш) билан тўлдирилмоқда. Жиноят таркиби қуйидагича:

«Ҳайдовчиларнинг транспорт воситаларини мастлик ҳолатида ёки гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп ёки шахснинг ақл-идрокига таъсир кўрсатувчи бошқа моддалар таъсири остида бошқариши, шундай қилмиш ёхуд мастлик ҳолатида ёки гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп ёки шахснинг ақл-идрокига таъсир кўрсатувчи бошқа моддалар таъсири остида эканини аниқлаш учун текширувдан ўтишдан бўйин товлагани учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса».

Натижада ушбу жиноятни содир этган шахс уч йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки икки йилдан уч йилгача озодликдан маҳрум килиш билан жазоланади.

Илгари транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинган шахс томонидан транспорт воситасини бошқарганлик учун фақат БҲМнинг 10 баравари (3,75 миллион сўм) миқдорида жарима белгиланганди.

Бундан ташқари, Жиноят кодекси 261−2-модда (Транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилган шахснинг транспорт воситасини бошқариши) билан тўлдирилмоқда. Агар бу қилмиш худди шундай ҳуқуқбузарлик учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, у БҲМнинг 50 бараваридан 100 бараваригача (18,75 миллион сўмдан 37,5 миллион сўмгача) миқдорда жарима ёки 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 2 йилдан 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

МЖтКнинг 131-моддаси 3-қисми (Алкоголли ичимликдан, гиёванд модда таъсиридан ёки ўзгача тарзда маст шахсга транспорт воситасини бошқаришни топшириш) 140-моддасига (Мастлик ҳолатидаги шахснинг транспорт воситасини бошқаришига йўл қўйиш ёки бошқаришни унга топшириш) ўтказилмоқда.

Аввал бу тартиб 2 йилдан 3 йилгача транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиш билан бирга БҲМнинг 25 баравари миқдорида жарима солишни назарда тутар эди. Ўзгартиришлар билан жарима миқдори БҲМнинг 30 бараваригача (11,25 миллион сўм) оширилади, такроран қоидабузарлик учун эса ҳайдовчи БҲМнинг 50 баравари (18,75 миллион сўм) миқдорида жарима ёки 15 суткагача маъмурий қамоқ жазосига тортилади.

Ҳайдовчиларнинг транспорт воситаларини алкоголли ичимликдан, гиёҳванд модда таъсиридан ёки ўзгача тарзда маст ҳолда бошқариши билан боғлиқ деярли барча моддалар «шахснинг ақл-идрокига таъсир этувчи психотроп ёки бошқа моддалар» тушунчалари билан аниқлаштирилиб, кенгайтирилмоқда.