Сенатнинг 21 февраль куни бўлиб ўтган тўртинчи ялпи мажлисида «Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 244-моддасига ўзгартириш киритиш тўғрисида»ги қонун кўриб чиқилди. Бу ҳақда Сенат матбуот хизмати хабар қилди. Қонун Қонунчилик палатаси томонидан 11 декабрь куни қабул қилинган.

Қонун билан Жиноят кодекси 244-моддасининг учинчи қисмида оммавий тартибсизликлар содир этиш мақсадида ўқувдан ўтганлик ҳамда худди шу модданинг тўртинчи қисмида ушбу ҳаракатларни молиялаштирганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланмоқда.

«Газета.uz»нинг аниқлашича, тузатишлар билан оммавий тартибсизликларни ташкил этиш мақсадида таълим олганлик учун жавобгарлик киритиш таклиф қилинмоқда. Хусусан, оммавий тартибсизликларни ташкил этиш мақсадида ўтказиладиган ўқишга қатнашиш, шу жумладан, оммавий тартибсизликларни ташкил этиш бўйича билим, амалий кўникма ва малакаларни эгаллаш, шунингдек, қурол-яроғ, портлаш қурилмалари, портловчи, заҳарловчи ва атроф-муҳит учун хавфли бўлган бошқа моддалар ва предметлар билан муомала қилиш усулларини ўрганиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 300 бараваридан 600 бараваригача (112,5 млн сўмдан 225 млн сўмгача) миқдорда жарима, 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 5 йилдан 7 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши назарда тутилмоқда.

Бунда модданинг ушбу қисми бўйича жиноятни содир этган шахс агар у ҳокимият органларига ихтиёрий равишда хабар қилса, содир этилган жиноятни фош қилишга ёки бундай ўқувдан ўтган, ўқувни амалга оширган, ташкил этган ёхуд молиялаштирган бошқа шахсларни, шунингдек ўқув ўтказилган жойни аниқлашга фаол кўмаклашса ва агар унинг ҳаракатларида жиноятнинг бошқа таркиби мавжуд бўлмаса, жиноий жавобгарликдан озод қилинади.

Бундан ташқари, модданинг 4-қисмига молиялаштириш тўғрисида қўшимча киритилмоқда. Хусусан, шахсга нисбатан зўравонлик, талончилик, портлатиш, мулкка шикаст етказиш ёки йўқ қилиш, ҳокимият вакилига қурол ёки қурол сифатида ишлатиладиган бошқа нарсаларни қўллаш ёки қўллаш билан қўрқитиб қаршилик кўрсатиш билан бирга содир этиладиган оммавий тартибсизликларни ташкил этиш ёки молиялаштириш, худди шунингдек, оммавий тартибсизликларда фаол иштирок этишда 10 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган.

Муҳокамадан сўнг қонун сенатор томонидан маъқулланди ва имзолаш учун президентга юборилди.