22 февраль куни Афғонистон бош вазирининг иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари Абдулғани Бародар Охунд бошчилигидаги юқори мартабали делегация икки кунлик расмий ташриф билан Ўзбекистонга келди. Бу ҳақда унинг идораси матбуот хизмати хабар берди.
Делегация таркибидан бир қатор мартабали вазирлар ва тармоқ муассасалари ҳамда банк вакиллари ўрин олган.
Делегация Тошкент халқаро аэропортида Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Жамшид Ходжаев, Ўзбекистон президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашев ва Ислом Амирлигининг Ўзбекистондаги элчиси Абдулғаффор Баҳр томонидан кутиб олинди.
Ушбу ташрифдан кўзланган мақсад Афғонистон ва Ўзбекистон ўртасидаги сиёсий, иқтисодий, савдо ва транзит алоқаларини мустаҳкамлаш, Афғонистондаги турли соҳаларга ўзбекистонлик инвесторларни жалб қилишдан иборат эди.
Шундан сўнг учрашувда савдо-транзит алоқаларини кенгайтириш, ўзбекистонлик инвесторларнинг Афғонистонга инвестиция киритиши масалалари муҳокама қилинди. Ўзбекистон томони икки томонлама савдо алоқаларини фаоллаштириш мақсадида Тошкент икки давлат чегарасида қўшма савдо зонасини ташкил этишга тайёрлигини билдирди, дея қайд этилади хабарда.
Таъкидланишича, ушбу савдо зонасида қарағай ёнғоғи ва пахтани қайта ишлаш заводлари, қадоқлаш ва логистика марказлари, турли озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш цехлари бўлади.
«Ўзбекистон бош вазири ўринбосари, шунингдек, ўзбекистонлик сармоядорлар Афғонистонда нефть ва газни қидириш ва қазиб олишда Ислом Амирлиги билан ҳамкорлик қилишга, саноат соҳасига, жумладан, Саманган вилояти (Афғонистон!)да цемент заводи ташкил этишга сармоя киритишга тайёрлигини билдирди. Шунингдек, у „Тоти Майдан“ газ конини ўрганиш бўйича сезиларли ютуқларга эришилганини ва тез орада қазиб олиш ишлари бошланиши кутилаётганини таъкидлади», — дейилади хабарда.
Икки томонлама иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш
Қайд этилишича, учрашувларда Афғонистон ва Ўзбекистон ўртасида иқтисодиётнинг турли соҳаларида икки томонлама ҳамкорликни фаоллаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Бош вазир ўринбосари Мулла Бародар Охунд ўз нутқида Афғонистон ва Ўзбекистон ўртасида диний, тарихий, маданий ва этник муштараклик мавжуд бўлиб, бу тарих давомида уларнинг сиёсий ва иқтисодий муносабатларига чуқур ижобий таъсир кўрсатганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Ислом Амирлиги ҳокимиятни ўз қўлига олгандан буён икки давлат ўртасидаги савдо алоқалари тобора ўсиб, мустаҳкамланиб бормоқда ва иккала томон ҳам уни янада кенгайтириш учун биргаликда ҳаракат қилиши керак.
Бародар Охунд Кобул ва Тошкент ўртасидаги савдо алоқаларини фаоллаштиришнинг бир қатор муҳим масалаларини таъкидлади, жумладан:
- Ўзбекистон Марказий банки томонидан зарур чоралар кўриш орқали банк операцияларини осонлаштириш;
- Ўзбекистоннинг Афғонистон банк секторини мустаҳкамлашдаги ҳамкорлиги, икки томонлама савдо учун миллий валюталардан фойдаланиш;
- чегарадаги божхона тизимларининг уланишини тезлаштириш, афғон савдогарлари учун қўшма бозорга товарларни ташишда логистика қулайлигини таъминлаш;
- афғон савдогарлари учун савдо лицензиялаш тўсиқларини бартараф этиш, улар учун визалар беришни осонлаштириш;
- углеводородлар ва минерал ресурслар бўйича келишувларни амалга ошириш.
Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Жамшид Ходжаев Ўзбекистон барча қайд этилган йўналишларда тўлиқ ҳамкорлик қилишига ишонтирди ва Тошкент Кобул билан иқтисодиётнинг барча соҳаларида биргаликда ишлашдан манфаатдор эканини яна бир бор таъкидлади, дейилади хабарда.