22 февраль куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов Афғонистон бош вазири ўринбосари вазифасини бажарувчи Aбдулғани Бародар билан икки томонлама музокаралар ўтказди. Бу ҳақда бош вазир матбуот хизмати хабар берди.
«Учрашувда давлатларимиз ва халқларимиз ўртасидаги алоқалар дўстлик, ҳамкорлик ва яхши қўшничилик тамойилларига асослангани, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Афғонистон билан барча соҳаларда конструктив ва ўзаро манфаатли алоқаларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратаётганликлари таъкидланди», дейилади хабарда.
Охирги йилларда мамлакатлар ўртасида савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги алоқалар изчил ривожланиб бораётгани таъкидланди. Ўтган йили «Термиз халқаро савдо маркази» очилгани икки томонлама савдони ривожлантиришга хизмат қилаётгани билдирилди.
Қайд этилишича, учрашувда ўзаро манфаатли алоқаларни янада кенгайтириш, савдо-иқтисодий, энергетика, транспорт ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни изчил ривожлантириш масалалари юзасидан атрофлича фикр алмашилди.
Афғонистон делегациясининг мамлакатга ташрифи дастуридан Тошкент шаҳридаги бир қатор ишлаб чиқариш обьектлари фаолияти билан яқиндан танишиш ҳам ўрин олган.
Аввалроқ «Толибон» делегацияси Тошкентга икки кунлик ташриф билан келгани, Бародар Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Жамшид Ходжаев билан учрашув ўтказгани ҳақида ёзгандик.