Ўзбекистонлик профессионал боксчи Исроил Мадримов (10−1−2, 7 КО) америкалик енгилмас спортчи кичик Вёржил Ортисга (23−0, 21 КО) имкониятни бой берди. Жанг 23 февралга ўтар кечаси Саудия Арабистонининг Ар-Риёд шаҳридаги бокс оқшоми доирасида бўлиб ўтди.
Бу жуда томошабоп жанг бўлмади, аммо 26 ёшли кичик Ортис ҳакамларнинг бир овоздан қабул қилинган қарорига кўра (117−111, 115−113, 115−113) ғалаба қозониб, мағлубиятсиз рекордини ва вақтинчалик WBC супер ўрта вазн тоифасидаги чемпионлик унвонини сақлаб қолди.
30 ёшли Мадримов жангнинг биринчи ярмида Ортиснинг кўплаб кучли томонларини зарарсизлантиришга муваффақ бўлди, аммо америкалик тезликни ошириши билан у ташаббусни ўз қўлига олди ва жангнинг боришини назорат қила бошлади, Мадримов жуда эҳтиёткор жанг қилишга мажбур бўлди.
Ортиснинг гавдага берган зарбалари, айниқса, хавфли кўриниш олди. Мадримов қарши ҳужумга ўтишга ҳаракат қилди, бу баъзида муваффақиятли чиқди, сўнгра сўнгги раундларда босимни кучайтирди, аммо бу ғалаба учун етарли бўлмади.
«Биз бундай жангни кутгандик. Оғир бўлишини билардик. [Исроил Мадримов] ғалаба учун келганди», — деди Ортис. «Фақат сабр қилишим ва ўйламасдан ҳужумга ташланмаслигим керак эди. Мен ақлли ҳаракат қилишим ва зарбаларни синчковлик билан танлашим кераклигини билардим… Шунчаки энг яхшилар билан жанг қилишни хоҳлайман. Турки (Аль аш-Шайх) мени кимга қарши қўйса, унга рози бўламан. Ҳеч қачон жанглардан қочмайман».
30 ёшли Мадримов Осиё ўйинлари совриндори ва ҳаваскорлар ўртасида Осиё чемпиони ҳисобланади. У профессионал фаолиятини 2018 йилда АҚШнинг Атлантик Сити`сида бошлаган, у ерда бошқа ўзбекистонликлар — Шаҳрам Ғиёсов ва Муроджон Аҳмадалиев муваффақиятли иштирок этган.
Ўтган йилнинг март ойида Ар-Риёдда у Магомед Курбановни (25−1, 13 КО) 5-раундда нокаут билан мағлуб этиб, биринчи ўрта вазн тоифасида WBA янги чемпионига айланганди.
Бироқ биринчи ўрта вазн тоифасида (69,9 кг гача) собиқ жаҳон чемпиони Мадримов учун Ортисдан мағлубият кетма-кет иккинчи мағлубият бўлди, у аввалги жангда икки карра мутлақ жаҳон чемпиони Теренс Кроуфордга ютқазганди.
Бундай чиқишлар 30 ёшли Мадримовга қимматга тушиши мумкин, чунки сўнгги икки жангда — Теренс Кроуфорд ва энди Ортисга қарши — у ўзининг юқори даражасини ва рақиблар ҳаётини мураккаблаштириш қобилиятини намойиш этди. Бироқ агар боксчида пул тўлайдиган томошабинларни жалб қиладиган кенг мухлислар базаси бўлмаса, катта жангларга эришиш қийин бўлади, деб ёзади Bad Left Hook.
Дастлаб Исроилнинг рақиби Сергей Богачук (24−2) бўлиши керак эди (2024 йил август ойида Ортис айнан уни мағлуб этган). Улар 21 декабрь куни байроқдорлари Александр Усик ва Тайсон Фьюри бўлган турнирнинг андеркардида тўқнаш келишлари керак эди. Аммо Мадримов ўткир бронхит туфайли жангни тарк этди.
Ортис 26 ёшда. Америкалик профессионал сифатида у 2016 йилда дебют қилган ва ўз ҳисобида собиқ жаҳон чемпиони, ҳамюрти Морис Хукер, шунингдек, собиқ даъвогарлар — литвалик Эгис Каваляускас ва украиналик Сергей Богачук устидан қозонилган ғалабалар бор.