Украина президенти Владимир Зеленский мамлакат тинчлиги учун ўз лавозимини тарк этишга тайёрлигини таъкидлади. Бу ҳақда у 23 февраль куни Киевда ўтган «Украина. 2025 йил» форуми матбуот анжуманида гапирди.
«Агар бу Украина учун тинчликни кафолатласа, кетишга тайёрман. Мен буни НАТО [аъзолиги]га алмаштиришим мумкин. Мен ўнлаб йиллар давомида ҳокимиятда бўлмоқчи эмасман», — делди Зеленский.
Зеленский, шунингдек, қазилмалар бўйича битимнинг янги вариантида 500 миллиардлик рақам пайдо бўлганини тасдиқлади.
«Ўша пайт гап қарз ҳақида кетаётгани, бу инвестиция эмаслиги маълум бўлди… Агар бу пуллар жамғармага кетса ва чет элдан ҳеч нарса келмаса ва биз қарзни тўласак… Бизда 100 эди. Мен 500 ни беришга тайёр эмасман. Ҳатто 100 ни ҳам қатъий белгилашга тайёр эмасман, чунки грантларни қарз сифатида тан олмайман. Биз қарзни қайтармаслигимиз керак», — деди Зеленский.
Украина АҚШдан 350 миллиард доллар эмас, балки 100 миллиард доллар ёрдам олган, дея аниқлик киритди Украина етакчиси. «120 млрд — Украина, 100 млрд — Европа ва ҳамкорлар, 100 млрд — АҚШ. 500 ҳам, 300 ҳам, 700 ҳам эмас», — деди у.
Ҳамкорларни ҳурмат қилган ҳолда, биз 500 миллиард долларлик қарзни тан олмаймиз. Мен Байден билан буни [АҚШ ёрдами] грант деб келишиб олгандим. Грант қарз дегани эмас. Мен ҳатто 100 миллиард долларни ҳам тан олмайман, — деди у.
Зеленскийнинг айтишича, Трамп фойдали қазилмалар бўйича келишув доирасида Украинадан кўрсатилган ёрдамдан 100 фоиз устама олмоқчи. «Буни украиналикларнинг ўн авлоди тўлаши керак бўлади. Мен буни имзоламайман», — дея қўшимча қилди у.
«Трампдан мен бир-биримизни тушунишни, Украина музокаралар столида кучли бўлиши учун нима бўлаётганини эшитишни жуда хоҳлайман. Мен у билан уруш тугаганидан кейин контингент бўйича гаплашмоқчи эдим», — деди президент.
«Иқтисодий келишувлар ҳам хавфсизлик кафолатлари бўлиши мумкин», — дея қўшимча қилди Зеленский ва ҳозирча у ерда бундай кафолатлар йўқлигини айтди.
Унинг сўзларига кўра, эртага Киевда Европа етакчилари иштирокида саммит бўлиб ўтади, бу эса бурилиш нуқтаси бўлиши мумкин. Унинг қўшимча қилишича, музокаралар иштирокчилари рўйхатида Украина, АҚШ, Россия ва ЕИ бўлиши керак.
Маълумот ўрнида, Зеленскийнинг президентлик ваколати 2024 йил 20 майдан кейин расман тугаган бўлса ҳам, мамлакат қонунчилигида уруш вақтида сайлов ўтказилмаслиги қайд этилган.