Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғиз Республикаси 2031 йилги Осиё кубогини биргаликда ўтказиш бўйича Осиё футбол конфедерациясига номзодлик таклифини юборди. Бу ҳақда Ўзбекистон футбол ассоциацияси хабар берди.

Қайд этилишича, Осиё футбол конфедерацияси 2031 йилда Осиё қитъасининг энг нуфузли футбол турнири бўлган Осиё кубоги мезбонлигига номзодларни кўриб чиқишни бошлаган.

«Сўнгги йилларда Марказий Осиёда футбол борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, яратилаётган шароитлар, халқаро майдондаги нуфузидан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғиз Республикаси футбол уюшмалари биргаликда Осиё кубоги мезбонлигини юқори савияда ўтказишга ишонч билдирган ҳолда, ўз қўшма номзодини илгари суришди», — дейилади ЎФА хабарида.

ЎФА бугунги кунда қўшни мамлакатлар билан бирга Ўзбекистон ҳам нуфузли мусобақани қабул қилишга ҳар томонлама тайёр эканини таъкидлаган. Тошкент, Наманган, Фарғона, Қарши каби шаҳарларда стадионлар халқаро стандартларга мос равишда тартибга келтирилган.

«Қўшимча равишда, охирги йилларда Осиёнинг U-20, U-23 турнирлари, Футзал бўйича Жаҳон чемпионати мезбонлиги улкан тажриба вазифасини ўтади. Марказий Осиё ҳар доимгидек ўзининг меҳмондўстлиги, профессионал ёндашуви, футболга фидойилиги ва албатта футболсевар мухлислар меҳри билан бутун Осиё эътиборини қозонишга тайёр», — дея қайд этган ЎФА.