Ўзбекистонда янги биноларни марказлаштирилган иситиш ва электр печкаларга ўтказиш орқали аҳоли турар жойларида электр энергиясидан оқилона фойдаланишга ўтиш режалаштирилмоқда. Бу президентнинг 21 февралдаги фармони билан тасдиқланган «йўл харитаси»да кўзда тутилган.
2025 йилда мамлакатда 135 минг хонадонли турар жой бинолари қуриш режалаштирилган. Улар марказий иситиш тизимига уланади. Хавфсизлик нуқтаи назаридан янги уйлардаги ошхоналар электр печкалар билан жиҳозланади.
Бундан ташқари, расмийлар аҳоли пунктларида ички йўларни ёритиш учун электр энергияси истеъмолини икки баравар камайтириш ниятида. Тегишли таклифлар 1 апрелга қадар Президент администрациясига киритилиши керак.
Шунингдек, апрелга қадар ҳар бир ҳудудда лифтларни фойдаланишга топшириш ва уларга хизмат кўрсатиш бўйича камида иккитадан гуруҳ ташкил этиш режалаштирилмоқда. Мутахассисларни тайёрлаш учун эса ҳар бир ҳудудда камида 20 киши лифт ускуналарига техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш бўйича ўқув курсларидан ўтади.
«Янги Ўзбекистон» ва бошқа турар жой массивларида кўп қаватли уйлар қуриш харажатларининг камида 2 фоизи яқин атрофдаги ҳудудларни ободонлаштиришга йўналтирилиши мумкин. Тегишли ҳужжат лойиҳаси 1 июлга қадар Вазирлар маҳкамасига киритилиши керак.
Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигининг «Газета.uz»га маълум қилишича, жорий йилда уй-жойларнинг техник ҳолатини ҳисобга олиш учун «Турар-жой» миллий ахборот тизимини яратиш режалаштирилган.
Бундан ташқари, «Хавфсиз лифт» ягона платформасини жорий этиш кўзда тутилмоқда. Кўп қаватли уйлардаги 8942 та лифт ҳолати ва ишлашини назорат қилиш учун техник кўрикдан ўтказилади. Беш йил давомида 2001 та лифтни янгилаш, яна 382 та лифтни капитал таъмирлаш режалаштирилган.
Нега марказий иситиш?
«Газета.uz» сўровига жавобан Қурилиш вазирлиги Қорақалпоғистон, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида 2025 йилда кўп қаватли уйларда 120 минг хонадон қуриш режалаштирилганини таъкидлади.
Президентнинг 2021 йил 9 декабрдаги (ПФ-32) «Янги Ўзбекистон» турар жой массивларини ташкил этиш тўғрисидаги фармонига асосан 29 минг хонадон марказлаштирилган иситиш тизими билан таъминланади.
Янги Тошкентда 15 минг хонадон бир вақтнинг ўзида электр энергияси, иссиқлик ва совуқлик ишлаб чиқарадиган тригенерация тизими орқали иситилади ва совутилади.
Уй-жойга талаб юқори бўлган ҳудудларда 91 минг хонадон қурилади. Марказлаштирилган иситиш тизимига эга ҳудудларда жойлашган янги бинолар шаҳар қозонхоналарига уланиш учун техник шартларни олади. Марказлаштирилган иссиқлик таъминотига уланмаган ҳудудларда янги қозонхоналар қурилади.
Қурилиш вазирлиги марказлаштирилган қозонхоналарнинг афзалликлари сифатида ёқилғидан фойдаланишда мослашувчанлик (табиий газ, кўмир, мазут), хавфсиз ва барқарор иссиқлик таъминоти, якка тартибдаги қозонлардан икки баравар кам газ сарфини айтди.