Ўзбекистон U-20 терма жамоаси бош мураббийи Фарҳод Нишонов U-20 Осиё Кубоги чорак финалидан чиқиб кетилгани ва жамоа жаҳон чемпионатига чиқа олмагани ҳақида фикр билдирди.
Ўзбекистон футболчилари 23 февраль куни Хитойда бўлиб ўтган учрашувда жанубий кореялик рақибларига пенальтилар сериясида имкониятни бой бериб қўйди — 3:3 (1:3).
Мураббийнинг фикрича, ўзбекистонликлар имкониятни бой беришди, аммо умуман олганда, турнирдаги иштирокидан мамнун.
«Ўйинчиларим натижа бизнинг фойдамизга бўлмаганига қарамай, жуда яхши ўйнашди», — дея унинг сўзларини келтиради Осиё футбол конфедерацияси сайти.
Унинг сўзларига кўра, жамоа пенальтилар сериясини кўп машқ қилган, аммо футболда ҳар доим ҳам ҳамма нарса режадагидек бўлавермайди.
«Биз ўйиндан-ўйинга қўшиб бордик. Агар бу жангда ғалаба қозонганимизда, балки яна чемпион бўлишимиз мумкин эди. Умуман олганда, мусобақада тўртта ўйин ўтказганимиздан мамнунман», — деди Нишонов.
Жанубий Корея терма жамоаси дарвозабони Хон Сон Мин пенальтилар сериясида жамоасининг ғалабасини таъминлаб, учрашув қаҳрамонига айланди. Унинг ёрқин ўйини туфайли турнирнинг 12 карра чемпиони U-20 Осиё Кубоги ярим финалига чиқди.
Учрашувнинг 2-дақиқасидаёқ Хон Ўзбекистон терма жамоаси сардори Муҳаммадали Ўринбоевнинг пенальтидан йўллаган зарбасини қайтарди. Кейинчалик 11 метрлик зарбалар сериясида ҳам Оллоберган Каримов ва Муроджон Комиловнинг зарбаларини қайтарди.
«Похан Стилерс» клубининг 19 ёшли дарвозабони пенальтилар сериясига тайёргарлик кўришда дарвозабонлар мураббийи Чон Ю Сокнинг муҳим ролини қайд этди.
«Кўплаб машғулотлардан сўнг мен ўзимга янада ишонч ҳосил қилдим, чунки кўплаб зарбаларни қайтаришга муваффақ бўлдим», — дейди Хон.
Шунингдек, у жамоа 2023-йил Таиландда бўлиб ўтган U-17 Осиё Кубогида Ўзбекистоннинг биринчи пенальти тепган футболчиси Оллаберган Каримовга қарши ўйнаганини таъкидлади. Мураббий ўзбекистонликларнинг 11-рақамли Муроджон Комилов ҳақида ҳам аниқ маълумот берган ва бу дарвозабонга унинг зарбасини тахмин қилишга ёрдам берган.
«Ўзбекистонни мағлуб эта олганимиздан хурсандман, чунки ўтган сафар уларга пенальтилар сериясида ютқазгандик. Жамоадошларимга қўллаб-қувватлаганлари учун миннатдорчилик билдираман ва уларнинг ишончини оқлаганимдан хурсандман», — дея қўшимча қилди у.
Жанубий Корея 3:1 ҳисобида олдинда бораётган бўлса-да, ўйин тугашига 5 дақиқа қолганида иккита гол ўтказиб юбориб, Ўзбекистонга ҳисобни тенглаштиришга имкон берди. Бош мураббий Ли Чан Вон жамоасида ҳали тажриба етишмаётганини тан олди.
«Биз ўйинни назорат қилиш учун етарлича ақлли эмасдик. Мен футболчилардан тўпга эгалик қилишни сўрардим, аммо улар тез-тез яккакурашга киришиб кетишарди ва шу туфайли қийинчиликлар юзага келиши мумкин эди», — дейди Ли.
Энди Жанубий Корея ярим финалда Саудия Арабистони билан тўқнаш келади.