IELTS — инглиз тили бўйича халқаро миқёсда тан олинадиган имтиҳон тизими. Унда кандидатлар маълум мавзуда тинглаб тушуниш, ўқиб тушуниш, сўзлаш ва қисқа иншо ёзиш билимларини синаш орқали 1 дан 9 баллгача баҳоланади. Ўзбекистонда сўнгги йилларда 50 мингдан ортиқ номзод IELTS сертификатини олиш учун имтиҳон топширган.

Ҳозир Ўзбекистонда мазкур имтиҳондан ўтувчилар асосан 7 баллдан юқори натижа учун ҳаракат қилади. Сабаби бу балл ёшларнинг чет элдаги топ олийгоҳларга кириши учун асосий талаблардан биридир. Лекин 5,5 баллдан юқори натижа ҳам мамлакатдаги ОТМга киришда тестда енгиллик, магистратура учун имтиёз ҳамда айрим иш лавозимдагиларга устама олиш учун етарли.

Ёшлар ишлари агентлиги маълумотларига кўра, 5,5 ва ундан юқори балл олган ёшлар сони 2020 йилда 10 минг 152 нафарни ташкил этган бўлса, 2024 йилда 52 минг 706 нафарга етган. Яъни 4 йилда 5 баробарга ўсиш кузатилган.

Шунингдек, 2024 йил якунигача 36 нафардан ортиқ шахс IELTS`дан максимал 9 балл (C2 даража) олишга эришди. Уларнинг барчаси имтиҳонни компьютерда (CD IELTS) топширган. Тил ўргатувчилар яқин йилларда имтиҳонни анъанавий усул — қоғозда ёзиб топширувчилар камайиб, кўпчилик компьютердан фойдаланишга ўтишини таҳмин қилмоқда.

«Газета.uz» Тошкентдаги тил ўрганувчилар ва ўргатувчилар орасида таниқли IELTS ўқитувчилари билан суҳбат қурди. Улар онлайн ва офлайн равишда тил ўрганиш фарқи, ёшларга IELTS имтиҳони харажатини қайтариб бериш тизими, имтиҳонни компьютерда топшириш (CD IELTS) устунликлари, 30 ёшдан катталарга тил ўрганиш бўйича тавсиялар ҳақида сўзлади.

Уни қуйидаги ҳавола орқали томоша қилишингиз мумкин.