Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 21 февраль кунги қарори [ВМҚ-103-сон] билан «Жабрланувчиларни, гувоҳларни ва жиноят процессининг бошқа иштирокчиларини ижтимоий ҳимоя қилишни таъминлаш тартиби» тўғрисидаги низом тасдиқланди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар қилди.

Низом жабрланувчиларни, гувоҳларни ва жиноят процесси бошқа иштирокчиларининг ижтимоий ҳимоясини таъминлашга қаратилган бир йўла бериладиган нафақани тайинлаш ва тўлаш тартибини белгилайди.

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ижтимоий ҳимоя қилиш чораларини таъминловчи орган этиб белгиланди.

Қуйидагилар ҳимоя қилинувчи шахсга жиноят процессида иштирок этиши муносабати билан ижтимоий ҳимоя қилиш чораларини қўллашга асос бўлади:

  • ҳалок бўлгани (вафот этгани);
  • унга ногиронликни келтириб чиқарувчи тан жароҳати етказилганлиги ёки соғлиғига бошқача зиён етказилгани;
  • унга ногиронликни келтириб чиқармайдиган тан жароҳати етказилганлиги ёки соғлиғига бошқача зиён етказилгани;
  • мулкий зарар етказилгани.

Бир йўла бериладиган нафақанинг миқдори қуйидаги миқдорларда тўланади:

а) шахс вафот этганда унинг оила аъзолари ҳар бирига тенг улушда — БҲМнинг 100 баравари миқдорида;

б) шахсга ногиронликни келтириб чиқарувчи тан жароҳати етказилган ёки соғлиғига бошқача зиён етказилганда, ногиронлик гуруҳига кўра:

  • I гуруҳ — БҲМнинг 80 баравари миқдорида;
  • II гуруҳ — БҲМнинг 70 баравари миқдорида;
  • III гуруҳ — БҲМнинг 50 баравари миқдорида.

в) ногиронликни келтириб чиқармайдиган тан жароҳати етказилганда ёки соғлиғига бошқача зиён етказилганда эса, суд-тиббий экспертизасининг хулосаси асосида:

  • оғир даража — БҲМнинг 35 баравари миқдорида;
  • ўрта даража — БҲМнинг 35 баравари миқдорида;
  • соғлиқнинг қисқа муддатга ёмонлашувига олиб келган енгил даража — БҲМнинг 25 баравари миқдорида.

Ижтимоий ҳимоя чораларини қўллаш тўғрисидаги қарор (ажрим) уни таъминловчи орган томонидан уни олган кундан бошлаб, 10 сутка ичида ижро этилиши лозим.

Бир йўла бериладиган нафақа солиққа тортилмайди ва ундан ушлаб қолишлар амалга оширилмайди.

Ушбу қарор 2025 йил 1 апрелдан эътиборан кучга киради.