Ўзбекистон учинчи бор Венеция архитектура биенналесида иштирок этади. Архитектура соҳасидаги асосий халқаро тадбир 24 май куни очилади ва 23 ноябргача давом этади. Италиялик архитектор ва муҳандис Карло Ратти кураторлиги остидаги 19-биенналенинг мавзуси — Intelligens: Natural. Artificial. Collective («Интеллект: Табиий. Сунъий. Коллектив»).
Миллий павильон кураторлари GRACE архитектура студиясидан Екатерина Головатюк ва Жакомо Кантони бўлади. Бу ҳақда павильон комиссари — Санъат ва маданиятни ривожлантириш жамғармаси (ACDF) маълум қилди.
Кураторлар тасодифий танланмаган. 2021 йилдан бошлаб студия халқаро экспертлар жамоаси билан биргаликда мақсади пойтахтдаги 24 та асосий модернистик объектни баҳолаш ва сақлаш методологиясини ишлаб чиқиш бўлган Tashkent Modernism XX/XXI жамғармасининг кенг кўламли лойиҳасида иштирок этмоқда. Бир неча йиллик меҳнат натижаси ушбу биноларнинг Тошкент шаҳри ўзига хослиги учун беқиёс қимматини тасдиқлаш билан бирга, уларнинг сақланишини таъминлаш бўлди — улардан 21 тасига маданий мерос объекти мақоми берилди.
«Материя каби нур» номини олган миллий павильон лойиҳанинг мантиқий давоми. Унда «Тошкент модернизмининг муҳим, аммо кўпчилик билмайдиган тимсоли» — пойтахтдан 45 км узоқликдаги Паркент туманида жойлашган «Қуёш» гелиокомплекси тарихи орқали Ўзбекистон модернистик меросининг илмий ва маданий аҳамияти ҳамда халқаро салоҳияти ўрганилади.
Фото Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармасидан олинди.
1987 йилда қурилган объект СССРнинг сўнгги йирик илмий лойиҳаларидан бири бўлиб, экстремал юқори ҳароратларда материаллар ҳаракатини ўрганишда фойдаланиладиган дунёдаги иккита энг йирик қуёш печларидан бири бўлиб қолмоқда.
Кураторларнинг фикрича, Венециядаги павильон гелиокомплекснинг икки томонлама хусусиятини акс эттиради.
«Унинг совет ўтмиши мантиғига мос келадиган улкан кўлами ва маълум тарихий воқеалар уйғунлиги унинг чинакам ривожланган инфратузилмага айланишига тўсқинлик қилди. Венециядаги кўргазма икки хил ривоят орқали қуёш печи ҳақидаги ушбу қарама-қаршиликни етказади: у бир вақтнинг ўзида барқарор ва беқарор, модернист ва архаик, дидактик ва махфий, тантанавий ва утилитар. Вақт ва маконда қотиб қолган бу архитектура муқаррар равишда ўзининг утопик аурасини теварак-атрофдаги ландшафтга ёйишда давом этади», — дейилади жамғарманинг расмий хабарида.
Фото Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармасидан олинди.
Павильон кураторлари қуёш печининг ишдан чиқишига салбий муносабат сифатида қараш ўрнига, унинг имкониятларини, шунингдек, ҳудуднинг аҳамияти, фан ва маданиятдаги ролини ўрганмоқда. Улар ушбу объект замоннинг қайси долзарб муаммоларига жавоб бўлиши мумкинлиги билан қизиқмоқда.
«Ўзбекистон бой маданий меросга эга мамлакат ва бу павильон Тошкент модернизмининг ажойиб, аммо етарлича баҳоланмаган меросига эътиборни қаратишда муҳим қадам ҳисобланади. Ўзбекистоннинг ўзи сингари, павильон ҳам келажакка интилиб, инновацияларга бўлган интилиш ва муносиб ҳисса қўшиш истагини намойиш этади. GRACE студияси кураторлигида ташкил этилган кўргазма ана шу иккиликни акс эттиради ва дастлаб меъморий меросни асраб-авайлашга қаратилган Tashkent Modernism XX/XXI лойиҳаси ижобий келажак яратиш бўйича мунозарани бошлаб берганини ҳам кўрсатади», — дейди Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси раиси Гаянэ Умерова.
Павильон ичидаги кўргазмада намойиш этилган бир қатор объектлар ва иншоотларда институтнинг асосий элементлари ва уларнинг талқини ёритилган. Бу объектлар ё Ўзбекистондан олиб келиниб, бироз мослаштирилган ёки бошқа жойда яратилган ва биеннале якунланганидан кейин институтда фойдаланишга мўлжалланган. Барча модификациялар ушбу элементларнинг концептуал ва функционал қайта кўриб чиқилишини ўз ичига олади, бу уларнинг яширин маънолари ва имкониятларини очишга имкон беради.
Павильонда ёзувчи Сухбат Афлатуний ҳамда рассомлар Азамат Аббосов, Эстер Шейнфельд ва Мухиддин Рисқиевнинг асарлари намойиш этилади. Биеннале доирасидаги тадбирларда олимлар Одилхўжа Парпиев ва Султон Сулаймоновлар иштирок этади.
Бундан ташқари, кўргазма театр томошаси учун сценографияга айланади. Бундай ёндашув комплексни нафақат уни сақлаб қолиш нуқтаи назаридан қайта кўриб чиқиш, балки уни кенгроқ илмий ва маданий муҳокамаларга қўшиш имконини беради. Шунингдек, у «Физика-Қуёш» илмий-ишлаб чиқариш бирлашмасининг қурилиши ва ишга туширилиши билан боғлиқ бўлган россиялик физик ва академик Содиқ Азимовнинг меросини ёритиб беради.