Шавкат Мирзиёев 24 февраль куни Ўмон султонлиги ташқи ишлар вазири Бадр бин Ҳамад ал-Бусаидийни қабул қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабар қилди.

Суҳбат аввалида вазир давлат раҳбарига Ўмон султони Ҳайсам бин Ториқ Ол Саиднинг самимий саломи ва мактубини етказди.

Икки мамлакат ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш, энг аввало, савдо-иқтисодий ва инвестиция-молиявий соҳалардаги шериклик салоҳиятини рўёбга чиқариш масалалари кўриб чиқилди.

Бундан ташқари, парламентлараро алоқаларни, маданий-гуманитар алмашинувни ривожлантириш, тўғридан-тўғри авиақатновни йўлга қўйиш муҳимлиги таъкидланди.

тўғридан-тўғри рейс, ўмон

Идоралараро ва ишбилармонлик алоқалари фаоллашгани қайд этилди. Ўзаро товар айирбошлаш ҳажми, қўшма корхоналар сони ортмоқда, икки мамлакат етакчи компаниялари иштирокидаги бизнес тадбирлари мунтазам ўтказилмоқда.

Ўзбекистон-Ўмон инвестиция компанияси портфелини янги кооперация лойиҳалари ҳисобига кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.

2025 йил апрель ойида Ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилиши ва қўшма бизнес форуми ўтказилади.

Минтақавий кун тартиби, шу жумладан 2025 йил май ойида Самарқанд шаҳрида ўтказиладиган «Марказий Осиё — Кўрфаз давлатлари» мулоқотининг иккинчи саммитига тайёргарлик юзасидан фикр алмашилди.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йил 1 июнь куни Ўмон Ўзбекистон фуқаролари учун 14 кунга визасиз режим жорий қилганди.