Ўзбекистонда 2024 йил давомида ўтказилган ўрганишлар натижасида 400 дан ортиқ ҳолатда рақобат қонунчилиги бузилгани аниқланиб, хўжалик субъектларига нисбатан иш қўзғатилди. Бу ҳақда Рақобат қўмитаси ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, олиб борилган ишлар ва қўмита томонидан берилган кўрсатмалар натижасида 200 мингдан ортиқ истеъмолчиларга 50 миллиард сўмга яқин маблағ қайта ҳисоб-китоб қилиниши таъминланди.
Жумладан, «Ўзсувтаъминот» корхонаси томонидан ҳукумат томонидан тасдиқланган низомда назарда тутилган нарх шакллантириш талаблари бузилгани аниқланди. Бунинг натижасида корхона томонидан 7 млрд сўмга яқин ортиқча даромад олинган, шу боис компанияга тегишли кўрсатма берилган ва ижроси таъминланган.
Бундан ташқари, «Ҳудудий электр тармоқлари» ва унинг ҳудудий филиаллари томонидан Вазирлар Маҳкамаси низоми талаблари бузилиши ортидан 5 миллиард сўмга яқин маблағ ортиқча олингани аниқланган. Ушбу пуллар истеъмолчилар фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилиниб, ижроси таъминланган.
Рақобат қўмитаси томонидан бу борадаги тегишли назорат тадбирлари давом эттирилмоқда, дейилади идора расмий ахборотида.