БМТ Бош ассамблеяси 24 февраль куни бўлиб ўтган йиғилишда Россия-Украина уруши бўйича иккита резолюция қабул қилди.

Бош ассамблея дастлаб Европа Иттифоқи мамлакатлари ва Украина томонидан тайёрланган резолюцияни қабул қилди. «Украинада кенг қамровли, адолатли ва мустаҳкам тинчликни илгари суриш» деб номланган ҳужжат кескинликни юмшатиш, жанговар ҳаракатларни тезда тўхтатиш ва урушни тинч йўл билан ҳал қилишга чақиради.

Уни 93 давлат ёқлаб овоз берди, 18 давлат қарши чиқди, 65 давлат бетараф қолди (жумладан, Ўзбекистон). Резолюцияга қарши овоз берганлар орасида АҚШ, Россия ва Венгрия бор. Шу билан бирга, Хитой овоз беришда бетараф қолди.

Украина ҳужжат лойиҳасида аввалги резолюцияларга ишора қилиниб, Россия ўз қўшинларини Украина ҳудудидан тўлиқ олиб чиқиб кетиши такрорланган. Ҳужжат муаллифлари БМТ низоми тамойилларига асосланган тинчликка эришишга чақиради. Ўнлаб мамлакатлар лойиҳанинг ҳаммуаллифлари бўлди.

Шундан кейин Бош ассамблея Қўшма Штатлар томонидан тайёрланган «Тинчлик сари йўл» резолюцияси учун овоз берди. АҚШ ўз резолюцияга Европа Иттифоқи томонидан таклиф қилинган тузатишларни киритди, хусусан, «Россия Федерацияси ва Украина ўртасидаги можаро» сўзлари Россиянинг «тўлиқ миқёсли босқини» сўзлари билан алмаштирилди.

Қабул қилинган тузатишлардан бирида резолюцияга «Украинанинг суверенитети, мустақиллиги, бирлиги ва ҳудудий яхлитлигини унинг халқаро тан олинган чегаралари доирасида, унинг ҳудудий сувларигача бўлган ҳудудларда» тасдиқлаш сўзларини қўшиш таклиф қилинди.

Европа Иттифоқининг яна бир маъқулланган тузатишига кўра, «Украина ва Россия Федерацияси ўртасида мустаҳкам тинчлик» сўзлари «Украина ва Россия Федерацияси ўртасида БМТ низоми ва давлатларнинг суверен тенглиги ва ҳудудий яхлитлиги тамойилларига мувофиқ адолатли, мустаҳкам ва кенг қамровли тинчлик» билан алмаштирилди.

Резолюция лойиҳаси учун 93 давлат овоз берди, 8 давлат, жумладан, Россия қарши чиқди, 73 давлат овоз беришда бетараф қолди (жумладан, Ўзбекистон), улар орасида АҚШ ҳам бор.

бмт бош ассамблеяси, резолюция, украина

Россиянинг БМТдаги доимий вакили Василий Небензя «кўз ўнгимизда 30 йил олдин пайдо бўлиши керак бўлган кўп қутбли дунё шаклланаётганини» айтди. У «Зеленский режими аҳволининг умидсизлиги»ни қайд этиб, «Президент Дональд Трамп бошчилигидаги республика маъмурияти ниҳоят «муддатидан ўтган» Украина президентининг ҳақиқий юзини кўрганини» таъкидлади.

Россиялик дипломат резолюциянинг Америка вариантига овоз беришга чақириб, уни «тўғри йўналишдаги қадам», шунингдек, Украина инқирозининг «илдиз сабаблари»ни бартараф этиш бўйича Россия томонидан таклиф қилинган тузатиш учун овоз беришга чақирди. Россиянинг тузатиши Бош ассамблея томонидан қабул қилинмади.