Шавкат Мирзиёев 20 февраль куни «йўл безорилиги» учун жавобгарлик белгиловчи қонунни имзолади. Ҳужжат 21 февралдан кучга кирди.
Бу ҳайдовчилар томонидан «агрессив бошқариш», «дрифт», «шахмат» шаклида ҳаракатланиш, йўлларда тўсиқларни пайдо қилиш ва шунга ўхшаш бошқа қоидабузарликларга тааллуқли, дея хабар берганди парламент юқори палатаси матбуот хизмати.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс янги 128−10-модда (Йўл безорилиги) билан тўлдирилди. Бу атама қуйидагиларга ишора қилади:
«транспорт воситалари ҳайдовчиларининг бошқа транспорт воситаларининг ҳаракатига қасддан тўсқинлик қилиши, ҳаракатланиш бурчагини ва (ёки) тезлигини сақлаган ҳолда транспорт воситасини сабабсиз сирпантириши (дрифт), ўз йўналишида ҳаракатланиш бўлагини сабабсиз кескин равишда уч ва ундан ортиқ марта узлуксиз ўзгартириши (бундан махсус ажратилган жойларда содир этиш мустасно) ёки йўл ҳаракати иштирокчиларининг хавфсиз ҳаракатланишига таҳдид солувчи ёхуд транспорт воситасида йўл ҳаракатининг бошқа иштирокчиларига нисбатан ҳурматсизликда ифодаланган бошқа хатти-ҳаракатларни намойишкорона содир этиш».
Бунда базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 баравари (9 млн 375 минг сўм) миқдорида жарима солиш ва (ёки) 1 йилдан 2 йилгача муддатга транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиш тарзидаги жарима назарда тутилади.
Худди шундай ҳуқуқбузарлик транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқи бўлмаган ёки транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилган шахс томонидан содир этилган бўлса, энг кам ойлик иш ҳақининг 50 баравари (18 млн 750 минг сўм) миқдорида жарима солишга ёки 15 суткагача маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.
Бундан ташқари, йўл ҳаракати хавфсизлигига таҳдид солувчи ёки авария ҳолатини келтириб чиқарувчи гуруҳ бўлиб ҳаракат қилишда қатнашган транспорт воситалари ҳайдовчиларининг жарима миқдори БҲМнинг 3 бараваридан 5 бараварига (1 млн 875 минг сўм) оширилди.
2019 йилда Ички ишлар вазирлиги Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга йўл безорилиги тўғрисидаги моддани фақат жарима сифатида киритишни таклиф қилган эди.
Эслатиб ўтамиз, айни шу қонун доирасида ҳайдовчиларга йўл ҳаракати қоидаларини бузганликлари учун жарима балларини ҳисоблаш тизимини йўлга қўйиш, такроран маст ҳолда ва гувоҳномадан маҳрум қилингандан кейин транспорт воситасини бошқарганлик учун жиноий жавобгарликни жорий этиш ҳам назарда тутилган. Шунингдек, ҳуқуқ-тартибот ходимларининг хизмат вазифаси пайтида олинган фото-видеоларини уларни «обрўсизлантирадиган» тарзда бузиб тарқатишга жавобгарлик белгиланмоқда.