Россиянинг Украинага босқини бошланганининг учинчи йили тўларкан, Европа Иттифоқи кенг кўламли иқтисодий ва индивидуал чеклов чораларининг 16-пакетини қабул қилди.

«Пакет Россия иқтисодиётининг муҳим тармоқларига тегишли бўлиб, режимнинг Украинага қарши ноқонуний ва асоссиз босқинчилик урушини олиб бориш қобилиятини янада заифлаштиради», — дейилади хабарда. Бугунги пакет қуйидаги қарорларни ўз ичига олади:

Индивидуал рўйхатлар

Кенгаш Украинанинг ҳудудий яхлитлиги, суверенитети ва мустақиллигига путур етказувчи ёки таҳдид солувчи ҳаракатлар учун масъул бўлган 48 нафар шахс ва 35 субъектдан иборат 83 та рўйхатнинг муҳим тўпламини келишиб олди.

Бундан ташқари, Кенгаш Европа Иттифоқига Путиннинг соядаги флоти кемаларига эгалик қилувчи ёки улардан фойдаланувчи шахслар ва тузилмаларга; шунингдек, Россиянинг ҳарбий ва саноат мажмуасини қўллаб-қувватловчи ёки ундан фойда олувчиларга нисбатан чеклов чораларини жорий этиш имконини берадиган иккита янги мезонни белгилади.

Соядаги флот

Портга киришни тақиқлаш ва денгиз транспорти билан боғлиқ кенг кўламли хизматларни кўрсатишни тақиқлаш рўйхатига қўшимча кемалар киритилди. Бу чора нефть нархини чеклаш механизмини четлаб ўтаётган Путиннинг соядаги флоти таркибига кирувчи, Россиянинг энергетика секторини қўллаб-қувватловчи ёки Россия учун ҳарбий техникани ташиш ёки Украина ғалласини ўғирлаш учун масъул бўлган, Европа Иттифоқига кирмайдиган танкерларга қаратилган. Бугунги пакетда учинчи давлатлардан келган 74 та танкер нишонга олиниб, жами белгиланган кемалар сони 153 тага етказилди.

Молия ва банк

Европа Иттифоқи биринчи марта Россия Марказий банкининг «Молиявий хабарларни узатиш тизими» (SPFS)дан фойдаланадиган Россиядан ташқарида ташкил этилган кредит ёки молия институтларига транзакцияларни тақиқламоқда. SPFS — Россия Марказий банки томонидан чеклов чоралари таъсирини нейтраллаштириш учун ишлаб чиқилган махсус молиявий хабар алмашиш хизмати, SWIFT тизими аналоги.

Бундан ташқари, Кенгаш Россия молия-банк тизимлари учун муҳим ҳисобланган 13 та минтақавий банккга махсус молиявий хабар алмашиш хизматларини кўрсатишга қўйилган тақиқни узайтириш тўғрисида қарор қабул қилди, улар SWIFT тўлов тизимидан узилди.

Савдо-сотиқ

Кенгаш, шунингдек, Украинага қарши босқинчилик урушида Россиянинг ҳарбий-саноат мажмуасини бевосита қўллаб-қувватлаётганлар рўйхатига 53 та янги тузилмани қўшди. Улар икки мақсадда фойдаланиладиган товарлар ва технологиялар, шунингдек, Россиянинг мудофаа ва хавфсизлик секторини технологик жиҳатдан яхшилашга ҳисса қўшиши мумкин бўлган товарлар ва технологияларга нисбатан қатъийроқ экспорт чекловларига дучор бўлади.

Ушбу тузилмаларнинг учдан бир қисми Россияга тегишли, қолганлари эса учинчи мамлакатларда (Хитой, жумладан, Гонконг, Ҳиндистон, Қозоғистон, Сингапур, Туркия, Бирлашган Араб Амирликлари ва Ўзбекистон) жойлашган бўлиб, савдо чекловларини четлаб ўтишда ёки Россия ҳарбий операциялари учун ишлатиладиган учувчисиз учиш аппаратлари ҳамда ракеталар учун зарур бўлган нарсаларни сотиб олишда иштирок этган, дейилади хабарда.

Шунингдек, Европа Иттифоқи Россиянинг саноат салоҳиятини оширишга ҳисса қўшадиган товарлар (кимёвий моддалар, баъзи пластмассалар ва каучук) экспортига ва уларнинг Россия орқали транзитига қўшимча чекловлар, шунингдек, Россия учун сезиларли даромад келтирадиган бирламчи алюминий импортига қўшимча чекловлар жорий этди.

Радиоэшиттиришни тақиқлаш

Кенгаш бугун Россия раҳбариятининг доимий назорати остидаги саккизта Россия оммавий ахборот воситасининг Европа Иттифоқи трансляция лицензияларини тўхтатиш ва уларнинг контентини эфирга узатишни тақиқлаш тўғрисида қарор қабул қилди. Булар: EADaily / Eurasia Daily, Fondsk, Лента, NewsFront, RuBaltic, SouthFront, Стратегик маданият жамғармаси ва Красная Звезда / Твзвезда. Ушбу оммавий ахборот воситалари Россиянинг Украинага қарши босқинчилик урушини илгари суриш ва қўллаб-қувватлашда, қўшни давлатлар, Европа Иттифоқи ва унга аъзо давлатларни беқарорлаштиришда муҳим роль ўйнади, дея таъкидланади ҳужжатда.

Транспорт воситалари

Кенгаш Россия ҳудудида ички рейсларни амалга оширувчи ёки ҳаво кемалари ёки бошқа авиация товарлари ва технологияларини Россия авиаташувчилари ва уларнинг назорат остидаги субъектларига экспорт қилувчи рўйхатдаги авиаташувчиларга ЕИ парвозларини тақиқлашни кенгайтириш тўғрисида қарор қабул қилди.

Бундан ташқари, Европа Иттифоқи Россия жисмоний ёки юридик шахсига 25 фоиз ва ундан ортиқ миқдорда тегишли бўлган Европа Иттифоқи операторлари томонидан Европа Иттифоқи ҳудудида юкларни автомобиль транспортида, шу жумладан, транзит орқали ташишга амалдаги тақиқни кучайтирмоқда. Янги қоидага кўра, Россия жисмоний ёки юридик шахсига тегишли бўлган фоиз улушини 25 фоиздан оширишга олиб келадиган йўл-транспорт корхоналари капитали таркибидаги ҳар қандай ўзгаришлар тақиқланади.

  • Санкцияларнинг 15-пакети 2024 йил декабрь ойида тасдиқланганди. Ўшанда 54 нафар жисмоний шахс ва 30 та, жумладан, Хитой, Ҳиндистон, БАА ва бошқа мамлакатлар ташкилотлари чекловларга учраган. Чоралар Россиянинг «соядаги флоти»га ҳам қаратилганди.