Самарқанд шаҳри Мирзо Бедил маҳалласида яшаган 20 ёшли қиз ўзини юқори қаватдан ташлаб, жонига қасд қилди. Бош прокуратура ахборот хизмати ҳолат юзасидан «Газета.uz»га маълумот берди.

Қайд этилишича, воқеа 19 февраль куни соат 17:00 да содир бўлган. Қиз бувисининг уйи деразасидан (9-қават) ўзини пастга ташлаб, жонига қасд қилган. БП маълумотига кўра, у воқеа жойида ҳалок бўлган.

Ҳодиса жойи тергов тезкор гуруҳи томонидан кўздан кечирилиб, марҳум М.С.нинг ўлим сабабини аниқлаш мақсадида суд-тиббий экспертизаси тайинланган. Унинг телефони ўрганиш учун Киберхавфсизлик марказига топширилган.

Ҳозирда мазкур холат юзасидан Самарқанд шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.