«Янги Ўзбекистон» массивларини қуриш учун ер участкасини ижарага олган юридик шахслар 12 ой давомида ушбу ер участкаси бўйича ер солиғини тўлашдан озод қилинади. Бу 21 февраль куни имзоланган «Уй-жой ва ипотека бозорини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги президент фармонида [ПФ-26-сон] белгиланган.
Фармонга мувофиқ, 2025 йил 1 майдан «Янги Ўзбекистон» массивларини барпо этиш доирасида қуйидагиларни назарда тутувчи тартиб ўрнатилади:
- ер участкаларини кўп квартирали уй-жойлар қуриш учун ижарага бериш бўйича аукцион савдоларида қатнашиш, кўп квартирали уй-жойларни қуриш ва уларни реализация қилишга фақат ҚҚСни тўловчи юридик шахсларга рухсат этилади;
- ер участкаларини кўп квартирали уй-жойлар қуриш учун ижарага бериш бўйича аукцион савдолари офертасида лойиҳа олди ҳужжатлари тайёрлашга 15 кунлик, лойиҳа ишларини бажаришга 2 ойлик ва қурилиш ишларини бошлашга 3 ойлик муддат белгиланади, шунингдек, унда қурилишни якунлаш ва объектни фойдаланишга қабул қилиш муддатлари кўрсатилади;
- аукцион савдоларида ер участкасини кўп квартирали уй-жой қуриш учун ижарага олган юридик шахслар ижарага олган пайтдан бошлаб 12 ой давомида ушбу ер участкаси бўйича ер солиғини тўлашдан озод қилинади;
2025 йил 1 мартдан «Янги Ўзбекистон» массивларида кўп квартирали уй-жойлар қурилишини амалга оширувчи қурилиш ташкилотларига айланма маблағларини тўлдириш учун 12 ойлик имтиёзли давр билан 24 ой муддатга Марказий банкнинг асосий ставкасидан кўпи билан 2 фоиз бандга юқори ставкада кредитлар ажратилади.
Фармонга кўра, 2025 йилда бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитлари орқали аҳолини уй-жой билан таъминлаш дастурининг асосий йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланди:
- ҳудудларда жами 8,1 миллион м2дан иборат 135 минг квартирали уй-жойларни қуриш;
- ипотека кредитлари бўйича дастлабки бадал ва фоиз тўловларининг бир қисмини қоплаш учун субсидиялар сонини 1,5 бараварга ошириш ва мазкур мақсадларга Давлат бюджетидан 2,5 триллион сўм йўналтириш;
- уй-жой ва ипотека бозорини молиявий ресурслар билан таъминлаш учун 20,9 триллион сўм миқдоридаги ипотека кредитларини ажратиш;
- «Янги Ўзбекистон» ва бошқа массивларда кўп квартирали уй-жойларни барпо қилишда иштирок этадиган қурилиш ташкилотларини айланма маблағлар билан таъминлаш учун Давлат бюджетидан 700 миллиард сўм ҳамда тижорат банкларининг ўз маблағлари ҳисобидан 3,0 триллион сўм миқдоридаги маблағларни йўналтириш.
2025 йилда «Янги Ўзбекистон» ва бошқа массивларда кўп квартирали уй-жойлар қуришнинг мақсадли кўрсаткичлари тасдиқланди.
2025 йил 1 мартдан «Янги Ўзбекистон» массивлари учун янги ҳудудлар урбанизация тамойилларига мувофиқ танланади.