Ушбу шарҳ «Ўзгидромет»нинг қисқа ва ўрта муддатли об-ҳаво прогнозлари асосида тузилган бўлиб, у бевосита об-ҳаво прогнози эмас.
Бу каби шарҳлар об-ҳаво бюроларининг прогнозларидаги рақамлар, ҳодисаларни оддий тилда тушунтириш имконини беради. Айрим нуқталарда «Ўзгидромет» ҳали тақдим этишга улгурмаган ахборотлар халқаро об-ҳаво прогнози марказларининг маълумотлари билан тўлдирилган — бу ҳам прогнозларни шарҳлаш амалиётида тасдиқланган самарали усулдир.
Ўзбекистонда жорий ҳафта ҳаво ҳарорати аста-секин пасайиб бориш тамойилига эга бўлади. Гарчи душанба куни Фарғона водийсида иссиқ ҳарорат кузатилса-да, ҳафтанинг кейинги кунларида у ерда ҳам ҳаво ҳарорати сезиларли пасаяди. Умуман, ҳафта давомида Ўзбекистон об-ҳавосини аввалига ғарбдан аста-секин ҳаракатланувчи нам ҳаво оқими, кейин эса совуқ антициклонал жараён белгилайди.
Ҳафта бошларида шимолда ҳарорат минимуми -10 даражагача, Устюртда эса -15 даражагача пасаяди. Аммо бундай совуқлик ҳафта бошида фақат шимолий ҳудудларгагина хос. Ҳафта ўрталаридан ва дам олиш кунларигача антициклон жараён Ўзбекистонни қамраб олади. Бу жараён бошқа жойларда ҳароратни шимол ҳудудларидаги каби кескин совитмаса-да, февралнинг сўнгги ўн кунлигида нисбатан иссиқ ҳароратни бошдан кечирган табиат учун сезиларли ўзгаришларни тақдим эта олади.
Асосий ёғингарчиликлар ҳафта боши ва ўрталарида кузатилиб, ҳафта ўрталаридан антициклоннинг республикага чуқур таъсири сабаб, жойларда деярли ёғингарчиликсиз об-ҳаво муҳити ҳукмрон бўлади. Душанба куни Қашқадарё, Сурхондарё, Бухоро ва Навоий вилоятларида, сешанба ва чоршанба кунлари эса бошқа вилоятларнинг баъзи ҳудудларида жуда кўп миқдорда, кучли ёмғир-қор ёғиши, тоғларда қорли бўрон ҳодисалари бўлиши прогноз қилинмоқда.
Манба: meteoinfo.ru
Яъни, жорий ҳафтада айрим ҳудудлар аҳолиси 2025 февралида ҳали кузатилмаган ҳақиқий қиш об-ҳавосига, қор манзараларига гувоҳи бўлади. Шимолий минтақаларни ҳисобга олмаганда, ҳафта бошида ҳудудларда шу давр учун хос муҳит, ҳафта ўрталаридан эса бутун Ўзбекистон бўйлаб қиш ҳароратига хос муҳит кузатилади.
Ҳафта ўрталаридан энергетика тармоқларида юклама яна ортади — газ қувурларида босимнинг кескин пасайиши, табиий газ тақчиллиги кузатила бошланади. Қишлоқ хўжалиги тармоғида ҳафта охирларида жанубий ва марказий вилоятларда февралдаги баҳорий илиқлилик сабаб уйғониш даврига ўтган дов-дарахт, ўсимликларда тупроқ ва ҳавода совуқ уриш ҳодисалари (қора совуқ) кузатилиши мумкин.
Сешанба-пайшанба кунлари айрим вилоятларда қор ҳодисаларидан сўнг яхмалак ҳодисалари кузатилиб, транспорт тармоғига юклама улашади. Бундан ташқари, 25−26 февраль кунлари фронт олди шамоллари билан нам ҳаво оқимларининг республика шарқига таъсири, «Қамчиқ» ва «Тахтақорача» довонларида ноқулай об-ҳаво муҳитини (кучли шамол, қор бўронлари, ҳароратнинг кескин совиши, йўлларда қор уюмлари тўпланиши ва туман ҳодисалари) тақдим этиши мумкин.
«Ўзгидромет» прогнозига кўра, 24 февраль куни водий вилоятларидан ташқари барча ҳудудларда ёғингарчилик кутилади. Шимолда бироз қор, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё ва Тошкент вилоятларида эса бироз ёмғир кузатилса, Қашқадарё, Сурхондарё, Бухоро, Навоий вилоятларида кучли ёғингарчилик бўлиши прогноз қилиняпти.
Ҳаво ҳарорати бўйича республика турли ҳарорат тўлқинлари остида бўлади. Масалан, 24 февраль куни шимолда ҳарорат кундузи ҳам ноль даражадан анча паст бўлса, водийда +20 даражагача иссиқ, республиканинг бошқа ҳудудларида +10…+15 даража илиқ кутилади. Тунда шимолда ҳарорат -10 даражагача, Устюртда -15 даражагача совуқ бўлса, Бухоро ва Навоий вилоятларида +0…+5 даража, жанубий вилоятларда +10…+15 даража, водий вилоятларида +2…+7 даража, Сирдарё, Жиззах, Тошкент вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида +7…+12 даражагача илиқ бўлади. Жанубий вилоятларда шамол тезлиги сониясига 25 метргача кучайиши мумкин.
Синоптиклар 25−27 февраль кунлари Ўзбекистоннинг катта қисмида ҳароратнинг аста пасайиб боришини маълум қилиб, шимолда бу аксинча ҳароратнинг аста-секин кўтарилиб боришига олиб келишини маълум қилган. Ҳафтанинг бу кунлари барча об-ҳаво жараёнлари ғарбдан шарққа ҳаракатланиш тамойилида кузатилиб, ҳарорат ҳам кундан кунга республика ғарбидан шарқига томон пасайиб боради.
Ҳарорат шимолда тунлари -10 даражагача совуқни, 25−26 февраль кундузлари ноль даража атрофида, 27 февраль куни эса +5 даража илиқни ташкил этади. Бухоро ва Навоий вилоятларида ҳам шимолдагига ўхшаш вазият кузатилади. Республиканинг бошқа вилоятларида сешанба куни илиқроқ бўлади, чоршанба-пайшанба кунлари эса ҳарорат сезиларли пасаяди. Айнан шу кунларда ёғинлар водийдан ташқари республика бўйлаб қор кўринишида ёғади. 26−27 февраль кунлари тунда ҳарорат кўплаб ҳудудларда -5 даража совуққача пасаяди.
Бу кунларда республиканинг барча ҳудудларида бир кун бўлса ҳам ёғингарчилик кутилади. Водийда 26 февраль куни, Бухоро, Навоий, жанубий ва шимолий вилоятларида деярли ҳар куни ёғингарчилик бўлиши тахмин қилинмоқда. Тошкент, Сирдарё, Самарқанд ва Жиззах вилоятларида 25−26 февраль кунлари ёғингарчилик кутилади. 25−26 февраль кунлари Бухоро, Навоий, Қашқадарё, Сурхондарё вилоятлари ва тоғларда, 25 февраль эса Тошкент, Сирдарё, Жиззах ва Самарқанд виляотларининг баъзи ҳудудларида кучли ёғингарчилик кутилади.
25−26 февраль кунлари кўплаб вилоятларда кучли шамоллар эсиши, шамол кучайганда сониясига 25 метргача етиши прогноз қилинмоқда. Ушбу кунлари ҳудудларда туман ҳодисалари бўлиши эҳтимоли ҳам сақланади.
Жума, шанба ва якшанба кунлари ҳудудларда ёғингарчилик бўлмаслиги кутилмоқда. Ҳарорат ҳафта ўртасидагига нисбатан бироз кўтарилиб борса-да, аҳоли «тунлари совуқ, кундузи бироз илиқроқ» об-ҳаво муҳитига гувоҳи бўлади.
Жума, шанба ва якшанба кунлари ҳарорат ўзгариши ва ёғингарчиликлар эҳтимоли тўғрисидаги сўнгги маълумотларини «Ўзгидромет»нинг ҳар куни янгиланадиган қисқа муддатли об-ҳаво прогнозлари орқали аниқроқ билиб олиш мумкин.
«Ўзгидромет»нинг бошқа бир ахбороти ҳамда Европа ўрта ва узоқ муддатли об-ҳаво прогноз маркази (ECMWF)нинг прогнозларига кўра, ҳафта (24−28 февраль ва 1−2 март кунлари) давомида Хоразм, Бухоро, Қашқадарё вилоятининг кўплаб ҳудудларида умумий ҳарорат фони шу давр меъёрий қийматлардан 5−6 даража совуқ бўлиши, республиканинг бошқа жойларида меъёрдан 1−4 даража паст, яъни «совуқ» бўлиши кўрсатилган. Ёғингарчилик бўйича водий вилоятларидан ташқари республика бўйлаб намгарчиликка бой ўтиши, мамлакатнинг асосий аҳоли истиқомат қилувчи минтақаларида февралнинг сўнгги декадаларидаги ўртача қийматдан анча кўп ёғин тушиши келтирилган.
Шундай қилиб келаётган ҳафта совуқ ўтиши ҳамда водий вилоятларидан ташқари бошқа ҳудудларда яхшигина ёғингарчиликлар бўлиши прогноз қилинган.
Ҳарорат режими ва тез ўзгарувчан об-ҳаво муҳитининг инсон саломатлигига таъсири
Жорий ҳафтанинг чоршанба ва дам олиш кунлари республика аҳолиси антициклон жараёнлари таъсирида бўлади. Ҳар икки муддатда ҳам марказида атмосфера босими 1030 гПа бўлган антициклон жараёни минтақага таъсир этади. Аммо, бу жараён айнан антициклон таъсирларига мойил кишилар саломатлигига у даражада катта хавф туғдирмайди.
Сешанба ва чоршанба кунлари навбатдаги совуқ ва нам ҳаво оқимларининг минтақага шамоллар билан кириб келишида «барик тубсизлик» ҳодисасининг паст даражалари кузатилади. Бу об-ҳаво ўзгаришларига мойил, айниқса, қон босими касаллиги билан оғриган кишилар саломатлигида ўзгаришларга олиб келиши мумкин.
Ҳароратнинг кўтарилиши билан боғлиқ «барик тубсизлик» ҳолатига таъсирчан кишилар ўз саломатлигида ўзгаришлар сезсалар, аввалги материаллардаги тавсияларга амал қиилишлари мақсадга мувофиқдир.
Биоиқлимий шароитлар
Душанбадаги об-ҳаво шимолий, шунингдек, Навоий ва Бухоро вилоятларидан ташқари бошқа жойларга гўёки баҳорий ёмғирли об-ҳаво муҳитини тақдим этади. Фарғона водийси вилоятларида эса душанба куни кундуз одамлар енгил кийиниши ҳам мумкин. Аммо ҳафтанинг кейинги кунларида вазият ўзгаради.
Сешанбадан бошлаб, шамоллар ва ҳаводаги намликнинг бироз юқори бўлиши реал ҳароратни кишилар ўша ҳароратдан пастроқ ҳис қилишларига олиб келади. Ҳафта ўрталарига келиб аҳоли яна қалин кийимларини шкафлардан олади.
Умуман олганда, ҳафтанинг дастлабки тўрт кунида Ўзбекистоннинг катта қисмида ёғингарчилик кутилмалари эълон қилинган. Айниқса, душанба ва сешанба кунлари кўплаб ҳудудларда кучли ёғингарчиликлар бўлиши инобатга олинса, ташқи муҳитда соябон олиб юриш зарар қилмайди.
Космик таъсирлар
Кўплаб прогноз моделлари 23 февраль куни Қуёш фотосферасида бир нечта М синфли қуёш чақнашлар кузатилганини кўрсатди. Демак, чоршанба ёки пайшанба кунлари сайёрада эҳтимолий 3−4 баллик магнит бўронлари қўзғалиши мумкин.
Ўзбекистонликлар ҳам ҳафтанинг чоршанба ва пайшанба кунлари «сариқ» хавфга эга магнит бўрони қўзғалишлари таъсирига тушиши мумкин. Ҳафтанинг бошқа иш кунларида «яшил» — хавфсиз даражадаги магнит бўронлари кузатилиши прогноз қилинмоқда.
Манба: Xras.ru
Қозоғистондаги Ионосфера институти эълон қилган геомагнит бўрони прогнозида ҳам чоршанба ва пайшанба кунлари об-ҳаво ўзгаришларига мойил кишилар саломатликка бироз хавф туғдирувчи «сариқ» даражадаги, яъни кучсиз қўзғалишлар билан рўбарў келиши қайд этилган. Бошқа кунлари эса кишилар айнан мана шу космик таъсирлардан азият чекмасликлари келтирилган.
Манба: Ionos.kz
Ҳозир дунёда магнит бўронларини икки кундан ортиқ давр учун ишончли прогноз қила оладиган восита ва усуллар мавжуд эмас. Шу боис магнит бўронларига таъсирчан кишилар ўз режаларини яқин икки кунлик магнит бўрони прогнози маълумотларига таяниб тузиши мақсадга мувофиқ.
Об-ҳаво ўзгаришлари билан боғлиқ атмосфера ифлосланиши
Ҳафта ўртаси ва дам олиш кунлари Ўзбекистонда антициклон жараёнлар сабаб ҳавода хиралик бироз ортиши мумкин. Бошқа кунлари ҳудудларда ёғингарчилик омили ва кучли шамоллар табиий об-ҳаво муҳитида ҳавонинг ифлосланиши кўп муддат, давомий кузатилишига олиб келмайди.
Ҳавода майда заррачалар билан боғлиқ ифлосланиш ортган пайтда қандай ҳаракат қилиш лозимлиги борасида Санитария-эпидемиология қўмитаси аҳолининг турли ёш қатламлари ва беморлар учун тавсиялар тайёрлаган.
Шундай қилиб, 24 февралдан 2 мартгача бўлган етти кунликда об-ҳаво бўйича энг қулай кунлар душанба ва жума бўлиб, иқлимий ўзгаришларга мойил кўпчилик шу кунларда ўзини нисбатан енгилроқ ҳис қилиши кутилмоқда.