Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз шаҳрида маъмурий жаримадан жаҳли чиққан ҳайдовчи ЙПХ махсус автомобилининг ойналарини уриб синдирди. Бу ҳақда Renessans телеканалида хабар берилди.

Қайд этилишича, ҳодиса шаҳарнинг Бўстон маҳалласи ҳудудида содир бўлган. Фуқаро ўзиинг мототранспорт воситасини тўхтаб туриш тақиқланган жойда қолдирган. Lacetti автомашинаси билан хизмат олиб бораётган ЙПХ ходимлари эса унга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирган.

йпх ходими, қашқадарё

Бироқ ҳайдовчи мототранспорт воситаси юкхонасида бўлган белкуракни олиб, хизмат автомобилининг олд ва орқа ойналарини уриб синдирган.

«Тўхташ тақиқланган жойда мототранспорт уловимни қўйгандим. Шунда ЙПХ ходимлари келиб, ҳуқуқбузарлигим учун менга маъмурий баённома тузиб беришди. Мен ўша маъмурий баённомага бироз эътироз қилиб, ўзимни бошқара олмай, асабийлашиб, транспортимдаги меҳнат қуролим билан ходимнинг автомашинасига бехосдан зарар етказиб қўйдим. Қилган ишимдан пушаймонман. Бу ишни ҳеч кимга маслаҳат бермайман. Бу ҳолат қайта такрорланмаслигига сўз бераман», — деди ҳайдовчи.

Ҳолат юзасидан жиноят ишлари бўйича Шаҳрисабз шаҳар судида қонунбузар ҳайдовчига 7 сутка қамоқ жазоси тайинланган.