2024 йилда болалар омбудсмани номига 1064 та мурожаат келиб тушди. Бу ҳақда Бола ҳуқуқлари бўйича вакил Сурайё Рахмонова Қонунчилик палатасидаги маърузасида маълумот берди.
Мурожаатлар сони 2023 йилга нисбатан 2,4 бараварга ошган.
«Бу ўз навбатида жамиятимизда бола ҳуқуқлари соҳасида хабардорлик, шу билан биргаликда, бола манфаатларини ҳимоя қилишга фуқароларимизнинг ишончи ортиб бораётганидан далолат беради», — дея изоҳлади буни Сурайё Рахмонова.
Мурожаатларнинг 43,4 фоизи боланинг шахсий ҳуқуқ ва эркинликлари, 41 фоизи унинг ижтимоий ҳуқуқлари, 4,3 фоизи иқтисодий ва экологик ҳуқуқлари, 11,3 фоизи эса бошқа ҳуқуқларига оид бўлган. Ҳудудлар кесимида мурожаатларнинг энг кўпи Тошкент шаҳри, Тошкент вилояти ҳамда Қашқадарё вилоятидан, энг ками эса Қорақалпоғистон Республикаси ва Навоий вилоятидан бўлган.
«Мурожаатларни кўриб чиқиш натижалари юзасидан айтиш керакки, бола ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилишига йўл қўйилгани юзасидан 13 та таъсир ҳужжатлари, яъни огоҳлантириш, хулоса ва суд ҳужжати устидан протест киритиш тўғрисидаги илтимосномалар киритилди. Мурожаатларни кўриб чиқиш натижасида болаларга нисбатан содир этилган зўравонлик ҳолатлари юзасидан 14 жиноят иши ва 18 маъмурий иш қўзғатилди», — деди бола ҳуқуқлари бўйича вакил.
Шунингдек, таълим муассасаларида болага жисмоний жазо қўллаганлиги ҳамда ўз касбий фаолиятига совуққонлик билан қараганлиги учун 22 нафар ходимга нисбатан, болага қўпол муомалада бўлгани учун эса ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органнинг 3 нафар ходимига нисбатан интизомий жазо чораси қўлланилган.
Болалар омбудсмани мониторинглари
Мониторинг ўрганишлари бола ўз иҳтиёри билан чиқиб кета олмайдиган таълим, тарбия, тиббиёт муассасаларида, шунингдек, вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марзкаларида, тергов ҳибсхоналарида ва тарбия колонияларида олиб борилган.
2024 йил давомида бундай муассасаларга жами 31 марта мониторинг ташрифи амалга оширилган. Бундай мониторинглар доирасида муассаса тарбияланувчилари ва муассасада сақланаётган болалар билан 450 дан ортиқ учрашувлар ва суҳбатлар ўтказилган.
Шунингдек, республика ҳудудларидаги вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказлари ва тарбия колониясида болалар томонидан тезкор шикоят ва хабарлар беришни таъминлаш учун болалар омбудсмани қутилари ўрнатилган. Давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти мониротинги натижасида аниқланган бола ҳуқуқлари бузилиши юзасидан жами 23 тақдимнома, огоҳлантириш ва хулосалар киритилган.