2024 йилда болалар омбудсманига йўлланган болага нисбатан зўравонликка оид мурожаатларнинг 28 фоизи ота-она ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларнинг тазйиқига оид бўлди. Бу ҳақда Бола ҳуқуқлари бўйича вакил Сурайё Рахмонова Қонунчилик палатасидаги маърузасида маълумот берди.

Йил давомида болалар омбудсмани номига 2023 йилга нисбатан 2,4 баравар кўпроқ — 1064 та мурожаат келиб тушган. Болани зўравонликдан ҳимоялашга оид мурожаатлар жами келиб тушган мурожаатларнинг 21 фоизини ташкил этган.

«Афсуски, охирги пайтларда ота-оналар ўз фарзандига тарбия усули сифатида жисмоний жазо ёки руҳий тазйиқ қўллаши оқибатида боланинг соғлигига зарар етказилиши ҳолатлари учрамоқда. Хусусан, болага нисбатан зўравонликка оид мурожаатларнинг 28 фоизи айнан ота-она ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларнинг тазйиқига оид бўлган. Бу факт бола ҳимоясида энг аввало оила алоҳида эътибор марказида бўлиши зарурлигини англатади», — деди Сурайё Рахмонова.

Унинг таъкидлашича, ота-она ёки уларнинг ўрнини ўрнини босувчи шахслар ўз мажбуриятлари, боланинг энг устун манфаатлари тўғрисида етарлича тушунчага эга эмаслиги оқибатида болани тарбиялашда жисмоний жазо қўллаш ҳолатлари кўпайиши кузатилмоқда.

«Албатта, болалар омбудсмани фаолияти доирасида ўрганилаётган ҳолатлар республика бўйича тугал манзарани бермаса-да, у вазият болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатларини олдини олиш чораларини янада такомиллаштириш ва манзилли ташкил этиш зарурлигини билдиради. Шунингдек, таҳлилларамиз шуни кўрсатади-ки, ҳозирда зўравонлик жиноятлари қурбони бўлган болалар билан махсус ишлаш, уларнинг тергов ва суд босқичларида қўшимча стресс ҳамда руҳий жароҳат олишига йўл қўймаслик, жабрланувчи болаларга ихтисослашган тарзда, тезкор психологик, ҳуқуқий ва ижтимоий ёрдам кўрсатишни кўзда тутувчи ягона механизм йўлга қўйилиши шарт», — деди болалар омбудсмани ўз маърузасида.