2013 йил охирида Stack Exchange сайтининг математика форумида Клео (Cleo) тахаллуси остида янги фойдаланувчи пайдо бўлди. Кейинроқ унинг профиль маълумотларига фойдаланувчи аёл эканлиги ҳақида тафсилот қўшилди. Икки йил давомида у мураккаб математик саволларга, ечим қандай келиб чиқишига изоҳ келтирмаган ҳолда, тўғри жавоб берди, шундан сўнг ғойиб бўлди. Бу вақт ичида Клео форум фойдаланувчилари орасида афсонага айланиб улгурган эди.

Форум иштирокчилари ўн йилдан ортиқ вақт давомида ушбу профиль ортида ким яширинганини аниқлашга уринди. 2025 йилнинг бошига келибгина ҳисобни АҚШда истиқомат қилувчи ўзбекистонлик дастурчи Владимир Решетников яратгани маълум бўлди. «Медуза» нашрида сирли Клео нима учун математикларни шунчалик қизиқтиргани ва ҳисобнинг ҳақиқий эгасини топишга қандай эришилгани ҳикоя қилинган мақола эълон қилинди. «Газета.uz» ушбу мақоланинг таржимасини келтиради.

2013 йил 11 ноябрда Stack Exchange математика форуми иштирокчиларидан бири интегралга оид тенгламани ечишда ёрдам сўраб мурожаат қилди. Тўрт ярим соатдан сўнг у Клео тахаллусли фойдаланувчидан тўғри жавоб олди. Бироқ жавоб муаллифи бу ечим қандай келиб чиққанини тушунтирмаган, умуман ҳеч қандай қўшимча изоҳ қолдирмаган эди.

Бу Клеонинг форумдаги иккинчи жавоби эди ва ҳозиргача энг машҳури ҳисобланади. Биринчисини у бир неча кун олдин эълон қилган, бироқ ечимни топиш учун кўпроқ вақт — деярли 19 соат талаб этилганди. Форумнинг бошқа иштирокчилари сирли математикка қизиқиб қолишди ва унинг профилини текширишга қарор қилишди. Ўшанда унда Гаусс (буюк немис математиги Карл Фридрих Гаусс) ва Раманужаннинг (ҳинд математиги Сриниваса Раманужан) иккита иқтибоси, шунингдек, яна бир ибора келтирилганди: «Эсда тутинг, сиз битта аксиомалар тизими билан чеклаб қўйилмагансиз. Исталган пайтда ўзингизникини ўйлаб топишингиз мумкин — шунчаки интуициянгиз ва тасаввурингизни ишга солинг».

2014 йил охирида профиль тавсифида биткоин-ҳамён манзили пайдо бўлди, у орқали Клеога жавоблари учун «миннатдорчилик билдириш» мумкин эди. 2015 йил бошида маълумотлар яна янгиланди ва ўшандан бери ўзгармади:

«Менинг ҳақиқий исмим Клео, аёл кишиман. Менда шундай касаллик борки, мунозараларда қатнашиш ёки узун жавоблар ёзиш менга қийинчилик туғдиради, бунинг учун мени маъзур тутинг. Мен математикани севаман ва бу сайтда, жавобларим ҳаммага ҳам фойдали бўлмаслиги мумкинлигини тушунган ҳолда, фойдам тегиши учун бор имкониятимни ишга соламан».

Атиги икки йил ичида Клео мураккаб математик масалаларга 39 та жавоб эълон қилди, энг охиргиси — 2015 йил 31 декабрда. Уларнинг барчаси тўғри ва тез берилган эди, лекин фойдаланувчи масалаларни қандай усулда ечганини тушунтирадиган ҳеч қандай тафсилотларсиз. Баъзи ҳолларда жавобнинг тўғрилигини ҳамжамиятнинг бошқа аъзолари исботлаган.

Клеонинг жавоб бериш услуби форумнинг баъзи иштирокчиларига ёқмасди. Фойдаланувчиларнинг ғашини келтирган нарса шу эдики, улар тайёр жавоб олишар, лекин изоҳ муаллифи бу ечимга қандай эришганини тушунмасдилар. Бу сайтнинг асосий мақсади — ҳамфикрлар жамоаси билан билим алмашишга зид эди. Айримлар сирли фойдаланувчининг батафсил тушунтиришлар ва ҳисоб-китобларсиз изоҳларини тўлақонли жавоб деб ҳисобламасдилар.

Бу икки йил ичида Клео форумда афсонага айланди, унинг қиёфаси эса қўшимча тафсилотлар билан бойий бошлади. Масалан, у атиги 15 ёшда эканлиги ҳақида миш-мишлар тарқалди, ваҳоланки, бу унинг профилида кўрсатилмаган эди. Форум фойдаланувчиларида эса бошқа ишончли маълумот манбалари (масалан, ижтимоий тармоқлардаги саҳифалар) мавжуд эмасди. Узоқ вақт давомида ҳамжамият аъзолари Клео профили ортида ким яширинганини аниқлашга уринишди. Баъзида ҳатто сирли ҳисоб айнан уларга тегишли эканлигини даъво қилган одамлар ҳам пайдо бўлди. Лекин бу маълумотлар ўз тасдиғини топмади.

stack exchange, клео

Клео — мен эдим. Манба: X

Scientific American нашри сайтида чиқадиган Science Quickly подкастининг бошловчилари 2023 йилда фойдаланувчилар томонидан илгари сурилган энг қизиқарли назарияларни эслаб ўтишди. Масалан, ҳамжамият аъзолари Клео номи ортида эронлик Марям Мирзахоний яширинган бўлиши мумкинлигини тахмин қилишганди (у 2017 йилда 40 ёшида вафот этган). У математика соҳасидаги энг нуфузли мукофот — Филдс мукофотини қўлга киритган биринчи аёл эди.

Бошқаларнинг фикрича, бу саволларга австралиялик ва америкалик математик, Лос-Анжелесдаги Калифорния университети профессори Теренс Тао жавоб берарди. Подкаст бошловчилари изоҳ сўраб ҳатто унинг ўзига ҳам мурожаат қилишган, лекин у бу миш-мишларни рад этган. Шунингдек, ечимларни қандайдир суперкомпьютер бераётган бўлиши мумкин, деган назариялар ҳам илгари сурилган, бироқ ўша пайтларда (ҳозир ҳам) компьютер дастурларининг бундай мураккаб интегралларни ечиш имкониятлари жуда чекланган эди.

Энг ақл бовар қилмас тахмин Стивен Хокинг билан боғлиқ бўлган. Машҳур британиялик назариётчи-физик 2018 йилда, Клео ғойиб бўлганидан анча ўтиб вафот этган. Баъзи фойдаланувчилар олим шу тарзда кўнгил ёзган бўлиши мумкинлигини тахмин қилишган эди. Бундан ташқари, бу назарияга профилда тилга олинган сирли касаллик ҳам мос келарди.

Шундай пайт бўлдики, Клеонинг ким эканлигини аниқлашга уринишлар математика форуми доирасидан ташқарига чиқиб кетди. Реддит тадқиқотларидан бирида касаллик ҳақидаги маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмаслиги таъкидланган эди. Клеонинг аксарият изоҳлари ҳозирда ўчириб ташланган. Бироқ форум иштирокчиларининг билвосита гувоҳликларига кўра, у бир пайтлар жавобларни шарҳлашни истамаслигини касаллиги билан эмас, балки диний сабаблар билан изоҳлаган ва ўзини «Намагири коҳини» деб атаган. Ушбу маъбудага у ўз профилида иқтибос келтирган математик Сриниваса Раманужан сиғинган.

Бошқа бир тадқиқотда evilscientist311 тахаллусли фойдаланувчи Клеонинг фаоллик даврларини кузатишга ва у алоқада бўлган бошқа ҳисоблар рўйхатини тузишга уринган. У умумий фонда ажралиб турадиган бир нечта ҳисобларни, жумладан, Владимир Решетников ва Лаила Подлеснй исмли профилларни аниқлаган. Охирги ҳисобдан, жумладан, жавобидан сўнг Клеога эътибор қаратилган савол ҳам берилган. Бироқ, тадқиқот ўтказган фойдаланувчи Клео ҳисобининг муаллифлигини аниқ бир шахсга боғламаган ва бу жамоавий ижод маҳсули деган хулосага келган.

«Шахсан мен, университетда танишган бир гуруҳ дўстлар Клео ҳисобини яратишга қарор қилган, деб ўйлайман. Унда бир киши бошқа ҳисоблар томонидан эълон қилинган масалаларга жавоб берган (албатта, улар олдиндан ечилган бўлган). Улар ҳисобни математика факультетида ўқиш даврининг ўрталарида яратишган ва уни ўқишни тугатгунга қадар ишлатишда давом этишган. Шундан сўнг улар иш топиб, ўз йўлларидан кетишган, шунинг учун Клео ҳисоби бошқа ишлатилмаган».

Умуман олганда, тадқиқот муаллифи тўғри йўлда бўлган, лекин унчалик аниқ хулоса чиқармаган. Кўриниб турибдики, Клео ҳисоби барибир бир кишига тегишли бўлган. Январь ойи охирида блогер Жо Маккенн ушбу тадқиқот асосида видеоролик тайёрлади. У ҳам форумнинг баъзи фойдаланувчилари фаол бўлган даврларда ғалати ҳолатларни пайқаган, лекин аниқ хулосалар чиқариш учун маълумотлар етарли эмас, деб ҳисоблади.

Лекин бу ролик томошабинлардан бирини Клео билан энг кўп мулоқот қилган фойдаланувчилар ўртасида қандайдир боғлиқлик бор-йўқлигини текширишга ундади. Лейла Подлеснйнинг профилида Gmail почта манзили кўрсатилган эди. Фойдаланувчи ушбу ҳисобга киришга уриниб кўрган, сўнгра гўёки унутилган паролни тиклашни сўраган. Бу унга захира электрон манзилининг бир нечта биринчи ҳарфларини кўриш имконини берган ва улар Владимир Решетниковнинг профилида кўрсатилган электрон почта манзили билан бир хил бўлиб чиққан.

Буларнинг барчаси ҳақида Жо Маккенн 17 февралда намойиш этилган иккинчи видеоролигида сўзлаб берди. Блогернинг таъкидлашича, у Решетниковга тўғридан-тўғри мурожаат қилган ҳамда у Клео ва Лейла ҳисоблари, шунингдек, яна иккита ҳисоб унга тегишли эканлигини тасдиқлашга мажбур бўлган.

Дарвоқе, Клеонинг кимлиги сал олдинроқ, 8 февралда маълум бўлган эди. Чамаси, Владимир Решетников видеороликнинг чиқишини кутмасликка қарор қилган ва Маккенн унга изоҳ сўраб мурожаат қилганидан сўнг, ўзининг Stack Exchangeʼдаги профилида Base64 форматидаги кодланган хабарни жойлаштирди. Реддит фойдаланувчилари уни расшифровка қилишди ва унда «Клеонинг яратувчиси» ибораси ёзилганини аниқлашди. Лейла Подлеснй ва Оксана Гиммелнинг профилларида яна бир кодланган хабар пайдо бўлди: «Владимир Решетников томонидан яратилган Клеонинг альтер эгоси».

Решетниковнинг ўзи Х ижтимоий тармоғида «mea culpa» (лотинчадан таржима қилинганда «менинг айбим») ибораси билан Клеонинг яратилишига алоқадорлигини тасдиқлади, шунингдек, бошқа хабарларга жавобларида баъзи тафсилотларни ошкор қилди. Хусусан, у ҳақиқатни ошкор қилишни режалаштирмагани, бироқ Жо Маккенн унга далилларни тақдим этганидан кейин шундай қилишга мажбур бўлганини айтди.

stack exchange, клео

Владимир Решетниковнинг сўзларига кўра, у 45 ёшда. Унинг GitHubʼдаги ҳисобида ҳавола қилинган LinkedIn профилида тўқсонинчи йиллар охирида Ўзбекистон Миллий университетида назарий физика йўналишида таҳсил олгани кўрсатилган. Решетников бир неча йил Тошкентда дастурий таъминот ишлаб чиқарувчиси бўлиб фаолият юритган, шундан сўнг аввалига Россияга, кейин эса АҚШга кўчиб ўтган. Унинг ҳозирги кундаги иш жойи кўрсатилмаган, лекин ўтмишда у турли вақтларда (жами саккиз йилдан ортиқ) Microsoft корпорациясида ишлаган. Шу жумладан, Клеонинг профили фаол бўлган даврда ҳам.

Сирли математик аёл образини яратиш қарорини Решетников ўзининг саволлари ва муҳокама қилишни таклиф этган математик масалалари форум иштирокчиларининг эътиборини тортмаганлиги билан изоҳлади. Маккенннинг айтишича, Клеонинг хабарлари аслида бошқа фойдаланувчиларга туртки берган: изоҳсиз жавоб уларни у ёки бу интегрални ечишга ундаган. Шу билан бирга, блогернинг таъкидлашича, Решетников ҳар доим ҳам бу жавобларнинг тўғрилигига ишонмаган.

Фойдаланувчилар ўн йил олдинги сирни очиб, ҳақиқатда ҳеч қандай даҳо Клео мавжуд эмаслигига ишонч ҳосил қилганларига қарамай, афтидан, бу уларни унчалик хафа қилмади. Эҳтимол, уларнинг кўпчилигига энг мураккаб интегралларни осонгина ечадиган сирли аёл образи ёққан.

«Клео ғоясининг ўзи муҳим, унинг ҳақиқатда мавжуд ёки йўқлиги эмас… худди Исо каби», — деб ёзган фойдаланувчилардан бири.