Сиёсат

дайжест

Янги фавқулодда вазиятлар вазири тайинланди

Бунгача бош прокурор ўринбосари — ҳарбий прокурор лавозимида ишлаган Ботир Қудратхўжаев Фавқулодда вазиятлар вазирлигига раҳбар этиб тайинланди.


дайжест

Эдуардс Стипрайс Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича янги махсус вакили бўлди

1 мартдан бошлаб Европа Иттифоқининг Марказий Осиёдаги махсус вакили лавозимини латвиялик дипломат Эдуардс Стипрайс эгаллайди. У 2016−2020 йилларда Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегациясига раҳбарлик қилган.


дайжест

Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон етакчилари илк бор саммит ўтказади

Тожикистоннинг Хўжанд шаҳрида 31 март куни Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон раҳбарларининг биринчи уч томонлама саммити бўлиб ўтади, деб хабар берди Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари. Саммит «минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим қадам» бўлиши таъкидланди.


дайжест

Муборак туманига янги ҳоким тайинланди

Ғолиб Муродов Қашқадарё вилояти Муборак тумани ҳокими лавозимига тайинланди. У бунга қадар «Ҳудудгазтаъминот»нинг Қашқадарё филиали директори сифатида ишлаб келган.


Иқтисодиёт

дайжест

Ўзбекистон қарийб 1,5 млрд доллар миқдоридаги суверен халқаро облигацияларни чиқарди

Ўзбекистон деярли 1,5 млрд доллар эквивалентидаги суверен халқаро облигациялари жаҳон молия бозорига чиқарди. Қиймати 500 млн долларлик облигациялар 6,95 фоиз, 500 млн евролиги 5,1 фоиз, 6 трлн сўм миқдоридагиси 15,5 фоиздан жойлаштирилди. Маблағ бюджет дефицити ва ипотека дастурига йўналтирилади.


дайжест

Давлат харидларини корпоратив банк карталари орқали амалга ошириш тартиби белгиланди

Ҳукумат қарори билан давлат харидларини корпоратив банк карталари орқали амалга ошириш тартиби белгиланди. Давлат буюртмачилари томонидан бошланғич нархни пасайтириш учун ўтказиладиган аукцион савдоларида иштирок этиб, харидларни амалга ошириш учун харид картасидан фойдаланиш тақиқланади.


дайжест

Доллар сўмга нисбатан кетма-кет саккизинчи сессияда пасаймоқда

Марказий банк белгилаган АҚШ долларининг сўмга нисбатан курси кетма-кет саккизинчи савдо кунидирки пасаймоқда. Бу даврда миллий валюта 0,91% ёки 120 сўмга мустаҳкамланди. Бу 20 декабрдан бери энг паст кўрсаткич.


Жамият

дайжест

Фойдаланувчилар ўн йилдан ортиқ вақт шахсини аниқлашга уринган даҳо математик Клео ўзбекистонлик бўлиб чиқди

Stack Exchange математика форуми аъзолари ўн йилдан ортиқ вақт 2014−2015 йилларда мураккаб математик саволларга тўғри жавоб бериб, форумда афсонага айланган Клеонинг шахсини аниқлашга уринди. Февралда профиль эгаси АҚШда яшовчи ўзбекистонлик дастурчи Владимир Решетников экани маълум бўлди.


дайжест

Жарима баллари ЙПХ инспекторлари тузган баённомалар асосида шаклланади — ЙҲХХ

Ҳайдовчиларга ҳисобланадиган жарима баллари ҳозирча фақат ЙПХ инспекторлари тузган баённомалар асосида шакллантирилади. Уларни ҳисоблаб бориш эса инсон омилисиз амалга оширилади.


дайжест

АҚШдан депортация қилинган 7 нафар ўзбекистонлик ватанга қайтарилди

АҚШдан депортация қилиниб, Коста Рикага юборилиши режалаштирилган 7 нафар Ўзбекистон фуқароси Нью Йорк-Тошкент йўналиши бўйича ватанга олиб келинди.


дайжест

Хоразмда эркак ўғлини отиб ўлдирди. Келини ва неварасини эса оғир жароҳатлади

Янгиариқ туманида 71 ёшли эркак 51 ёшли ўғлини ов милтиғи билан отиб ўлдирди. Шунингдек, у келини ва неварасига ҳам ўқ отиб, оғир жароҳат етказган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.


дайжест

Ўзбекистонлик автобус ҳайдовчилари Германияга ишга таклиф қилинмоқда

Германия ўзбекистонлик автобус ҳайдовчиларини ишга таклиф қилмоқда. Ойлик маош 3000 евро бўлиб, номзодлар 43 ёшгача, B, С ҳайдовчилик гувоҳномаси ва немис тилидан сертификатга эга бўлишлари лозим.


дайжест

Расмий даромади бўлмаганларга ипотека беришда алимент ва коммунал тўловлари ҳисобга олинади

Ўзбекистонда расмий даромади бўлмаган фуқароларга ипотека беришда жарималар, алиментлар ва коммунал тўловлари ҳисобга олинади. Барча маълумотлар «Электрон ҳукумат» тизими орқали йиғилади ва янги балл механизми доирасида таҳлил қилинади.


дайжест

Шоир Баҳодир Исо 69 ёшида вафот этди

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси ва шоир Баҳодир Исо 69 ёшида вафот этди. У қатор шеър ва достонлар ёзган, хусусан, «Хайрли тун» шеърий тўплами билан мухлисларга яхши таниш.


дайжест

Дубайда 247 минг доллар қарз бўлиб қолган Ўзбекистон фуқаросига ёрдам кўрсатилди

БААда 24 йил ноқонуний равишда яшаб келган Ўзбекистон фуқаросига ёрдам кўрсатилди. Бош консулхона ходимлари томонидан амирлик вакиллари билан олиб борилган музокаралар натижасида фуқаронинг қарзларидан воз кечиш ва юзага келган муаммоларни бартараф этиш бўйича келишувга эришилган.


дайжест

Тошкентдаги боғчада тарбиячи болани стулга скотчлаб қўйди

Юнусобод туманидаги хусусий боғчада тарбиячи ва унинг ёрдамчиси овқат емагани учун тарбияланувчини курсига скотчлаб қўйди. Ташкилот маъмурияти ходимларни ишдан бўшатди. Ҳолат юзасидан ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.


дайжест

Собиқ депутат Кобул Дусов 1 йил 2 ойга озодликдан маҳрум этилди

Бўстонлиқ тумани кенгашининг собиқ депутати, блогер Кобул Дусов Жиззах вилояти таълим тизими ходимларига туҳмат ва ҳақорат қилганликда айбланиб, 1 йил 2 ойга озодликдан маҳрум этилди. Аввалроқ унинг шартли жазоси қамоқ жазосига ўзгартирилган эди.


дайжест

Фарғонадаги компьютер клубда жанжал кўтарган йигитлар жавобгарликка тортилди

Фарғона шаҳридаги компьютер клубида бир гуруҳ йигитлар жанжал кўтариб, ходимларни калтаклади. Вилоят ИИБ ҳолат юзасидан уч нафар шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди.


дайжест

Ҳарбийларга ижарада турганлик учун тўланадиган ҳар ойлик компенсация миқдори оширилади

Ўзбекистонда 2025 йил 1 мартдан ҳарбий хизматчиларга турар жойни ижарага олганлик (ижарада турганлик) учун тўланадиган ҳар ойлик пул компенсацияси миқдори 20 фоизга оширилади. Оила аъзолари 3 киши ва ундан ортиқ бўлган тақдирда 50 фоизга оширилади.


дайжест

Бухорода танишини пичоқлаб ўлдириб, унинг онасини жароҳатлаган эркак 23 йилга қамалди

Когон шаҳрида 53 ёшли эркак келишмовчилик сабаб танишини пичоқлаб ўлдириб, унинг онасини жароҳатлаганди. Суд унга нисбатан узил-кесил 23 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади.


дайжест

Айрим нотариал хизматлар учун комиссия миқдори оширилди

Ўзбекистонда нотариал хизматлар учун комиссия миқдорлари ўзгартирилди. Кўчмас мулк ва автотранспорт воситаларини бошқа шахсга ўтказиш бўйича маслаҳат бериш БҲМнинг 15 фоизигача, кўчмас мулкни ўтказиш бўйича нотариал тасдиқланган шартномаларни тайёрлаш БҲМнинг 30 фоизигача бўлган миқдорда оширилди.


дайжест

Ўзбекистонга контрабанда йўли билан олиб келинган 48 кг наркотик воситалар мусодара қилинди

Сурхондарё, Наманган ва Андижон вилоятларида қўшни мамлакатлардан контрабанда йўли билан олиб келинган 48 килограммдан ортиқ наркотик воситалари аниқланиб, мусодара қилинди.


дайжест

Болага зўравонлик бўйича мурожаатларнинг 28 фоизи ота-она ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар тазйиқига оид — Сурайё Рахмонова

2024 йилда болалар омбудсманига болага нисбатан зўравонликка оид мурожаатларнинг 28 фоизи ота-она ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларнинг тазйиқига оид бўлди. «Бу факт бола ҳимоясида энг аввало оила алоҳида эътибор марказида бўлиши зарурлигини англатади», — деди болалар омбудсмани Сурайё Рахмонова.


дайжест

Гулистон шаҳрини ичимлик суви билан узлуксиз таъминлаш 1 июлга қадар якунланади

Президент Гулистон шаҳрини ичимлик суви билан узлуксиз таъминлашни 1 июлга қадар якунлашни топширди. Сирдарё вилоятининг 900 гектар ер майдонида саноат зоналари ташкил қилиш режалаштирилган. Вилоятдан ўтган магистраль йўл бўйларида савдо-сервис шохобчалари ташкил этилади.


дайжест

Ҳомийлик маблағлари йиғишнинг аниқ тартибини белгилаш режалаштирилмоқда

Қонунчилик палатасида ҳомийлик фаолиятини амалга ошириш тартибини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди. Ҳужжат билан ҳомийлик маблағлари йиғишнинг аниқ тартибини белгилаш режалаштирилмоқда.


дайжест

2024 йилда болалар омбудсманига мурожаатлар сони 2,4 бараварга кўпайди

2024 йилда болалар омбудсмани номига 2023 йилга нисбатан 2,4 баравар кўпроқ — 1064 та мурожаат келиб тушди. Мурожаатларнинг энг кўпи Тошкент шаҳри ва вилояти ҳамда Қашқадарё вилоятидан, энг ками эса Қорақалпоғистон Республикаси ва Навоий вилоятидан йўлланган.


дайжест

Айрим асбоб-ускуналарни суғурталаш харажатларининг бир қисми қоплаб берилади

Ҳукумат қарори билан импорт қилинадиган айрим асбоб-ускуналарни суғурталаш ҳамда хомашё ва материалларни сертификатлаш харажатларининг бир қисмини қоплаб бериш бўйича нозим тасдиқланди. Тартиб 2025 йил охирига қадар амал қилади.


дайжест

Ўзбекистонда «Ғалабанинг 80 йиллиги» эсдалик медали таъсис этилди

Президент «Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабанинг 80 йиллиги» эсдалик юбилей медалини таъсис этди. У уруш қатнашчилари ва уларга тенглаштирилган шахсларга, шунингдек, меҳнат фронти фахрийларига берилади.


Жаҳон

дайжест

Хитойда туғилиш даражасини ошириш учун никоҳ ёшини 18 ёшгача пасайтириш таклиф қилинди

Хитойда туғилиш имкониятларини ошириш ва «репродуктив салоҳиятни рўёбга чиқариш» мақсадида никоҳ учун қонуний ёшни 18 ёшгача пасайтириш таклиф этилмоқда. Ҳозир бу эркаклар учун 22, аёллар учун эса 20 ёш бўлиб, дунёдаги энг юқори кўрсаткичлардан биридир.


дайжест

Канадада Маскни фуқароликдан маҳрум қилиш бўйича петиция пайдо бўлди

Канадада 5 кун ичида 230 мингдан ортиқ аҳоли миллиардер Илон Маскка қарши петицияни имзолади. Унда Маскдан Канада фуқаролигини олиб қўйиш назарда тутилган. Бу Маскнинг Канадани қўшиб олиш билан бир неча бор таҳдид қилган Трамп билан алоқаси туфайли рўй берди.


дайжест

Европа Иттифоқи Украинага муҳим минераллар бўйича ўз битимини таклиф қилди

Европа Иттифоқи Украинага АҚШнинг муҳим минераллар бўйича келишувига муқобил вариантни таклиф қилди ва «ўзаро манфаатли ҳамкорлик»ка ваъда берди. Шу билан бирга, Трамп бир кун аввал АҚШ ва Украина келишувга «жуда яқин» экани ва уни яқин икки ҳафта ичида имзолаши мумкинлигини таъкидлади.


Бизни ўқиётганингиз учун раҳмат!