Ўзбекистон Бош консулхонаси БААда 24 йил мобайнида ноқонуний яшаб, 247 минг доллар қарз бўлиб қолган Ўзбекистон фуқаросига амалий ёрдам кўрсатди, деб хабар берди «Дунё» АА.

Маълум бўлишича, 1957 йилда туғилган Н.Ж. 1996 йилда Дубай шаҳрига мавсумий ишлаш мақсадида келган ва турли савдо расталарида ишлаган. 2001 йилдан 2025 йилга қадар ўзбекистонлик турли сабабларга кўра Амирликлар ҳудудида ноқонуний яшаб келган.

Биринчи навбатда Бош консулхона томонидан унга консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатилди ва вақтинча турар жой ва озиқ-овқат билан таъминланди.

Суриштирувлар давомида унинг ноқонуний яшаб келаётган муддатида жами 901 минг 600 дирҳам (247 минг 13 АҚШ доллари) қарзи тўпланиб қолгани ва ушбу маблағлар тўланмагунча БАА ҳудудини тарк эта олмаслиги маълум бўлди.

Бош консулхона ходимлари томонидан Бирлашган Араб Амирликларининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва тегишли органлари билан олиб борилган музокаралар натижасида Н.Ж.нинг барча қарзларидан воз кечиш ва юзага келган муаммоларни бартараф этиш бўйича келишувга эришилди.

2025 йилнинг 15 февраль куни Бош консулхона дипломатлари ва «Аёллар ва болаларга ёрдам кўрсатиш маркази» хайрия ташкилоти кўмагида унга «Дубай — Тошкент» авиақатновига чипта солиб берилиб ҳамда Ўзбекистонга кузатиб қўйилди.