Қонунчилик палатасининг 25 февраль кунги мажлисида ҳомийлик фаолиятини амалга ошириш тартибини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси муҳокама қилинди. Бу ҳақда қуйи палата ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, йиғилишда қонун лойиҳаси биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан муҳокама қилиниб, қабул қилинди. Лойиҳа ҳомийлик фаолияти субектларига нисбатан давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг самарали механизмларини жорий қилишни назарда тутади.
Шу билан бирга, ҳужжат билан ҳомийлик ташкилотларининг фаолияти очиқлигини ва фуқароларнинг уларга нисбатан ишончини ошириш ҳамда ҳомийлик фаолиятини амалга ошириш учун пул маблағларини йиғишни қонуний тартибга солиш режалаштирилмоқда.
Лойиҳада ҳомийликни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қўшимча механизмлари, ҳомийлик хайрияларини йиғиш, хайрия қутисини ўрнатиш ва ундан фойдаланиш тартиблари шунингдек, ҳомийлик хайриялари тўғрисидаги ахборотни ошкор этиш ва бу жараённинг очиқлигини таъминлаш шартлари белгиланмоқда.
Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши ҳомийлик хайрияларини йиғиш тартибини бузишнинг олдини олиш, ҳомийлик ташкилотлари фаолиятининг шаффофлигини таъминлаш ҳамда уларга нисбатан фуқароларнинг ишончини ортишига хизмат қилади, дейилади палата ахборотида.