Ҳукуматнинг 24 февраль кунги қарори билан «Кичик бизнесга кўмаклашиш марказлари ёрдамида ишлаб чиқилган лойиҳалар доирасида импорт қилинадиган асбоб-ускуналарни суғурталаш ҳамда хомашё ва материалларни сертификатлаш харажатларининг бир қисмини қоплаб бериш тартиби тўғрисида»ги вақтинчалик низом тасдиқланди.

Низомга кўра, марказлар ёрдамида ишлаб чиқилган лойиҳалар доирасида импорт қилинадиган асбоб-ускуналарни суғурталаш ҳамда хомашё ва материалларни сертификатлаш харажатларининг 50 фоизигача қисми, бироқ БҲМнинг 30 бараваридан ошмаган миқдори 2025 йил 31 декабрга қадар қоплаб берилади.

Талабгор суғурталаш ва сертификатлаш харажатларининг бир қисмини қоплаш учун Бизнес портал орқали электрон (онлайн) ариза ва буюртманома тўлдириб, белгиланган ҳужжатларни илова қилган ҳолда Кичик бизнесга кўмаклашиш марказига мурожаат қилади.

Марказ аризани 5 иш куни ичида кўриб чиқади ҳамда суғурталаш ва сертификатлаш харажатларининг бир қисмини қоплаб бериш ёки қоплаб беришни рад этиш тўғрисида Бизнес портал орқали электрон хулоса тайёрлайди ва бу ҳақида талабгорни хабардор қилади.

Марказ хулосаларни илова қилган ҳолда, ҳафта якуни бўйича кейинги ҳафтанинг биринчи иш кунида Камбағалликни қисқартириш давлат мақсадли жамғармасига буюртманома юборади ва бу ҳақида талабгорларни хабардор қилади.

Жамғарма тақдим этилган буюртманомага мувофиқ 3 иш куни давомида хулосада кўрсатилган талабгорнинг банк ҳисобварағига тегишли маблағларни ўтказиб беради.