Расмий даромадга эга бўлмаган фуқаролар харажатларининг скоринги (баҳоси) асосида ипотека кредитларини олишлари мумкин бўлади. Бу президентнинг 21 февралдаги «Ипотека бозорини ривожлантириш тўғрисида»ги қарорида кўзда тутилган.
Уларнинг тўлов қобилиятини баҳолашда коммунал тўловлар (электр энергияси, газ, совуқ ва иссиқ сув, маиший чиқиндилар), маъмурий ҳуқуқбузарлик учун қўлланган ва ЙҲХХ орқали тўланган жарималар, шунингдек, суд қарорлари асосида белгиланган ва тўланган алимент тўловлари бўйича охирги 12 ой давомидаги харажатлар ҳисобга олинади.
Расмий даромади бўлмаган фуқароларни аниқлаш, уларни идентификация ва скоринг қилиш учун кредит бюроларига «Электрон ҳукумат» тизими орқали Солиқ қўмитаси маълумотларидан фойдаланиш имкони берилади.
Истеъмолчиларга коммунал хизматлар учун ҳисоб-китоб қилиш ва ҳисобварақлардаги маблағларни назорат қилиш имкониятини яратиш мақсадида:
- тўлов тизими «Менинг уйим» биллинг платформаси билан интеграция қилинади;
- истеъмолчининг банк ҳисоб рақами унинг шахсий идентификация рақамига (ЖШШИР) боғланади;
- ҳисоб рақами ҳисоблагич рақами, ҳисоблагич кўрсаткичи ва тўлов тарихи ҳақида маълумотни ўз ичига олади.
Вазирлар Маҳкамасига расмий даромадга эга бўлмаган фуқароларга ипотека кредитлари ажратиш, шунингдек, уларнинг тўлов қобилиятини харажатлар ҳисобига баҳолаш тартибини такомиллаштириш мақсадида «Электрон ҳукумат» тизимининг идоралараро интеграция платформасига зарур маълумотларнинг ўз вақтида ва узлуксиз узатилишини таъминлаш топширилди.
Янги баҳолаш тартиби 1 июлгача амалга оширилиши режалаштирилган.
Бундан ташқари, 2026 йилдан бошлаб эскроу тизими доирасида қурилиши 50 фоизга якунланган уй-жой учун кредит ва субсидиялар олишга рухсат берилади. Ушбу қоида имтиёзли ва тижорат ипотекаларига нисбатан қўлланади.
Президент январь ойида бўлиб ўтган йиғилишда хорижга ишлашга кетганлар Ўзбекистонда расмий даромади йўқлиги туфайли ипотека кредити ва субсидия ололмаётганини таъкидлаганди. Ҳозирда Ўзбекистонда расмий даромади йўқ, деган баҳона билан хорижда меҳнат қилаётган фуқароларга кредит ва субсидиялар берилмаяпти.
Давлат раҳбари мамлакатга олти ой ичида мунтазам пул жўнатаётган фуқаролар даромадини ҳисобга оладиган тизим яратишга топшириқ берганди.
3 март куни соат 09:00 дан ипотека кредитлари бўйича субсидия олиш учун аризалар қабули бошланади. Ипотека кредитлари бўйича субсидиялар сони ўтган йилга нисбатан 1,5 бараварга оширилди.
«Газета.uz» январь-сентябрь ойларида Ўзбекистонда ипотека кредитлари ҳажми 2023 йилнинг шу даврига нисбатан 4,1 фоизга — 11,7 трлн сўмга, олувчилар сони эса қарийб 20 фоизга камайгани ҳақида ёзганди. Шунингдек, ажратилаётган ипотекаларнинг ўртача миқдори 19,9 фоизга — 274 млн сўмга, банкларнинг фоиз ставкалари эса 23,8 фоиздан 25 фоизга ошган.