24 февраль куни жиноят ишлари бўйича Арнасой туман судида собиқ депутат ва блогер Кобул Дусов иши бўйича очиқ суд жараёни якунланди. Суд уни бир қатор айбловлар бўйича айбдор деб топиб, ҳукмни эълон қилди, деб хабар берди Олий суд ахборот хизмати.
Суд жараёни жиноят ишлари бўйича Арнасой туман суди раиси Ш. Эшимов раислигида биринчи инстанцияда кўриб чиқилди.
Қайд этилишича, суд судланувчининг жиноят содир этишдаги айби жабрланувчилар ва гувоҳларнинг кўрсатмалари, судга оид лингвистик экспертиза хулосаси, ёзувлар скриншоти ҳамда жиноят иши бўйича барча тўпланган, текширилган, ишга алоқадорлиги, мақбуллиги ва ишончлилиги нуқтаи назаридан баҳоланган далиллар билан тўлиқ исботланган деб ҳисоблади.
Суд ҳукмига кўра, Кобул Дусов Жиноят кодексининг 139-моддаси 3-қисми «а», «г» бандлари (Оғир ёки ўта оғир жиноят содир этишда айблаб, ғаразгўйлик ёки бошқа паст ниятларда туҳмат қилиш) ва 140-моддаси 3-қисми «а» банди (Жабрланувчини ўз хизмат ёки фуқаролик бурчини бажариши муносабати билан боғлиқ ҳолда ҳақорат қилиш) билан фуқаро М.Эшимқуловга, Жиноят кодексининг 139-моддаси 3-қисми «а», «г» бандлари билан фуқаролар О. Камолова ва Ш. Ҳасановага оид айблов эпизодлари бўйича ифодаланган жиноий ҳодиса юз бермагани сабабли айбсиз деб топилиб, Жиноят процессуал кодексининг 83-моддаси 1-бандига асосан оқланди.
Кобул Дусов 4 нафар жабрланувчига (Жиззах вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси тизими масъуллари Н. Ялгашева, О. Камолова, Ш. Ҳасанова ва С. Суярова) Жиноят кодексининг 139-моддаси 3-қисми «а» банди ва 140-моддаси 3-қисми «а» бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилди. Унга Жиноят кодексининг 59-моддаси (Бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш), 59-моддаси 8-қисми ва 61-моддаси (Жазоларни қўшишнинг ҳисобла қоидалари) тартибида узил-кесил ўташ учун 1 йил 2 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони манзил-колонияларда ўташ белгиланди.
Мазкур жиноят иши бўйича манфаатдор тарафларга етказилган моддий ва маънавий зарарларни ундириш юзасидан фуқаролик суд ишларини юритиш тартибида судга мурожаат қилиш ҳуқуқлари мавжудлиги тушунтирилган.
Биринчи инстанция судининг ҳукми устидан тарафлар қонунда белгиланган тартиб ва муддатда Жиззах вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига апелляция/кассация тартибида шикоят бериш ва протест келтиришга ҳақлилиги маълум қилинган.
Эслатиб ўтамиз, Жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судининг 2024 йил 22 ноябрдаги ҳукми билан Кобул Дусов Жиноят кодексининг 140-моддасида (Ҳақорат қилиш) назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга 1 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланганди.
Жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман судининг 24 январдаги ажримига мувофиқ эса Кобул Дусовга нисбатан тайинланган ва ўталмай қолган 11 ой 2 кун озодликни чеклаш жазоси шу муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосига алмаштирилиб, жазони манзил-колонияларда ўташ белгиланган эди. Яшнобод туман ИИО ФМБ пробация бўлими томонидан судга киритилган тақдимномада Кобул Дусов ахлоқан тузалиш йўлига ўтмагани, унинг чеклов ва тақиқларга риоя этмасдан жазо ўташдан қасддан бўйин товлаб келаётгани, бир неча маротаба у билан олиб борилган профилактик суҳбатлардан ўзига ижобий хулоса чиқармаётгани кўрсатилган.